Оқлов ҳукми ёки ажрим кимнингдир тақдири, бир оила, жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади

Афсуски, ижтимоий кайфиятга таъсир этувчи бу ҳолат йиллар давомида деярли эътиборсиз қолдирилди. Токи, масала юқори минбардан айтилмагунча, жиноят ишлари бир томонлама кўриб чиқилди.

***

Оқибатда “… фалон нарсада гумонланаётган экан, иши терговга ўтибди”, кимнингдир тақдирида шундай ҳолатни эшитганда, бирданига ачиниш билан ҳамдардлик билдиргансиз. Чунки аксарият ҳолларда терговга тортилган шахс борки, айби “бўйнига қўйилган” ва тегишлича жавобгарликка тортилган. Жуда кўп ҳолларда адолат юзага чиқиши, гумонланувчининг айбсизлиги исботланишига ишонилмаган…

***

Масала юқори минбардан айтилганди

Мустақиллик йилларида судлар томонидан чиқарилган оқлов ҳукмлари жуда озчиликни ташкил қилган. Бу барча тергов органлари хатосиз ва жуда сифатли даражада ишлаяпти, деган хулосани шубҳа остига қўяди.

***

Буни Давлатимиз раҳбари ҳали Ўзбекистон Президентлигига номзодлик вақтидаёқ Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 2016 йил 19 октябрда бўлиб ўтган VIII съездидаги маърузасида таъкидлаб ўтганди.

***

Айтиш мумкинки, бу масала тадрижий давом этиб келмоқда. Хусусан, “Cудьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак”. Давлатимиз раҳбари иқтидорга киришган илк кунларида мамлакат суд тизими вакиллари, судьялар олдига ана шундай талабни қўйди.

2017 йил 13 июнда судьялар билан бўлиб ўтган биринчи тарихий учрашувида сўзлаган нутқида суд тизимини фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган адолат қўрғонига айлантиришдек устувор мақсад ўз ифоджасини топган.

***

Айнан шу йили декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам “Судларнинг асосий вазифаси адолатни қарор топтиришдан иборат. Бунинг учун суд ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши лозим”, дея таъкидлаганди.