ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ва маъмурий судлари раислари ва судьялари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Судьялар ассоциацияси, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

***

Олий суд раиси Б. Исламов олиб борган йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси асосида суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар, аввало, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясини амалда таъминлаш орқали уларнинг суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

***

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 16 январь куни имзоланган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлар “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишга қаратилган.

***

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида тасдиқланган 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури эса бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтирилган.

***

Йиғилишда қайд этилганидек, судлар томонидан адолатли, асосли ва қонуний қарорлар қабул қилинишида, у ёки бу масалада барқарор тергов-суд амалиёти шаклланишида, умуман олганда, одил судловнинг сифати ва самарадорлигини таъминлашда Олий суд Пленуми қарорлари муҳим ўрин тутади.

***

Масаланинг аҳамиятли жиҳати шундаки, агар моддий ёки процессуал қонун нормаларини қўллаш масаласидаги илмий-амалий шарҳлардаги тушунтиришлар муаллифларнинг бевосита фикрларига таянган бўлса, Пленум қароридаги тушунтиришлар назариётчи ва амалиётчиларнинг муайян масалани, шунингдек судьялар томонидан ишларни ҳал этишда билим ва тажрибаларига таянган ҳолдаги ёндашувлари натижасида шаклланган узоқ йиллик суд амалиётига асосланган.

***

Айнан шу боис кўп йиллик амалий тажрибага асосланган Пленум қароридаги тушунтиришлар биринчидан, ўзининг мазмун – моҳияти билан судьялар томонидан ишлар бўйича қонуний, асосли ва адолатли қарорни қабул қилинишида, иккинчидан, нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, балки оддий фуқаро учун инобатга олиниши лозим бўлган талаблар қаторида алоҳида ўрин олганлиги билан қонунларни тўғри талқин қилиш ва қўллаш масаласида муҳим ўрин эгаллайди.

***

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва контрабандага оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”“Эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда умумий мулкини бўлишга оид низоларни кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”“Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”“Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг фуқаролик ишлари бўйича айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида”ги қарорлари қабул қилинди.

***

Божхона кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ фуқароларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш шароитларини жаҳон стандартларига мувофиқлигини таъминлаш, божхона расмиятчилигини соддалаштириш, назоратнинг самарали усулларини қўллаш, шунингдек, туризмни ривожлантириш учун янада қулай шароитларни яратиш мақсадида мамлакатимиз божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизим жорий этилган. Мазкур ўзгартиришлар қонунларни амалиётда бир хилда қўллаш борасида Олий суд Пленуми томонидан зарур тушунтиришлар берилишини тақозо этгани сабабли Олий суд Пленумининг “Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва контрабандага оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги  қарори қабул қилинди. Ушбу Пленум қарорида божхона қонунчилиги бузилганлиги учун жиноий жавобгарликни келтириб чиқарувчи омиллар, божхонага оид қонун нормаларининг тўғри қўлланилиши, контрабанда билан боғлиқ ишларни квалифкация қилиш масалалари, жиноят предметлари ҳамда иш бўйича олинган ашёвий далил тақдирини ҳал этиш билан боғлиқ масалалар ўз ифодасини топди. Бир сўз билан айтганда, мазкур қарорни амалга киритилиши божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва контрабандага оид ишларни кўриш чоғида суд амалиётида юзага келган масалаларни қонуний ҳал этиш ва ягона суд амалиётини шакллантириш имконини беради.

***

Маълумки, Конституцияда оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида эътироф этилганлиги, унда оила давлат томонидан ҳимоя қилиниши кафолатланганлиги тўғрисидаги нормаларнинг мавжудлиги никоҳ-оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришда судлар зиммасига катта масъулият юклайди. Мулк ҳуқуқи меҳнат фаолияти, мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан, мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш, давлат мол-мулкини хусусийлаштириш, мерос қилиб олиш, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар бўйича вужудга келади. Cуд амалиётида эр-хотиннинг умумий мулки деб топиш, мулкни бўлишбилан боғлиқ фуқаролик ишларини кўриш жараёнида юзага келаётган муаммоларнинг ечимини топиш ва бир хилдаги суд амалиётини шакллантириш, йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида Олий Суд Пленумининг “Эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда умумий мулкини бўлишга оид низоларни кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”гиқарорини қабул қилиш зарурати юзага келди. Пленум қарорида эр-хотин ўртасида умумий мол-мулкни бўлиш тартиби кўрсатилган бўлиб, унга кўра, биргаликдаги умумий мулкни бўлиш никоҳ давомида, никоҳ бекор бўлгандан кейин, шунингдек никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишни кўриш вақтида эр ва хотиннинг даъвоси бўйича амалга оширилиши мумкинлиги ҳақида тушунтиришлар берилган. Умумий мулкни бўлиш ҳақидаги даъво билан судга эр ва хотиндан ташқари, масалан уларнинг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш зарурати туғилган ҳолатларда кредитор ҳам мурожаат қилишга ҳақлилиги ва муомалага лаёқатсиз эр-хотиннинг манфаатида умумий мулкни бўлиш тўғрисидаги даъво аризани унинг васийси бериши, вафот этган эр ва хотиннинг умумий мулкдаги улушини аниқлаш ҳақидаги даъво ариза билан унинг меросхўрлари мурожаат қилишга ҳақлилиги ҳақида тушунтиришлар ҳам берилди. Шунингдек, агар мол-мулк эр ёки хотиннинг бири томонидан никоҳга киргунига қадар кредит маблағлари эвазига сотиб олинган бўлиб, кредит мажбуриятлари эса никоҳ давомида бажарилганда, никоҳ давомида тўланган пул суммаси эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланиши ҳақида тушунтириш берилди. Умуман олганда, ушбу қарор келгусида эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда умумий мулкини бўлишга оид низоларни қонуний ва адолатли ҳал этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

***

Конституцияда фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбур эканликлари назарда тутилган бўлиб, солиққа оид ҳуқуқий муносабатлар Солиқ кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Солиқ кодекси янги таҳрирда қабул қилинганидан сўнг, судлар томонидан солиқ қонунчилигини амалиётда қўллашда вужудга келаётган масалалар юзасидан ягона суд амалиётини жорий қилиш мақсадида Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”гиқарорини қабул қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Қабул қилинган қарорда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қоидалари, тартиби ва муддатлари юзасидан, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари билан боғлиқ низоларни кўришда солиқ қонунчилигини қўллаш борасида судларга тушунтиришлар берилган. Солиқ соҳасидаги низолар фуқаролик ишлари бўйича, иқтисодий ва маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилаётганлиги боис, ишларнинг судловга тааллуқлилигига ҳамда процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллаш юзасидан тушунтиришлар берилиб, амалиётда мавжуд муаммоларга нуқта қўйиладиган бўлди. Бундан ташқари, 2021 йилнинг бошидан бугунги кунгача ҳам тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида вужудга келаётган низолардан бири, аввалги Солиқ кодексларида мавжуд бўлмаган, янги таҳрирдаги Солиқ кодексига оид низоларни маъмурий ва иқтисодий судларда кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича аниқ раҳбарий тушунтириш берилди. Шу кунгача суд амалиётида ишда иштирок этувчи шахсларнинг турли эътирозларга сабаб бўлаётган ҳолат, яъни суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими асосида тайинланган тафтиш натижалари бўйича ваколатли орган томонидан қонуний чоралар кўриш ҳақида қабул қилинган қарори ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда тергов, солиқ органлари вакиллари билан ўтказилган бахсли мунозаралардан сўнг қарорда маъмурий ҳужжат ҳисобланиши ва унинг устидан судга шикоят қилиниши мумкинлиги ҳақида раҳбарий тушунтириш берилди. Демак, ушбу қарор ҳам суд амалиётида ғоятда муҳим масалаларни қонуний ҳал этишга хизмат қилади.

***

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсон ҳуқуқлари ва унинг кафолатларини кучайтириш, жиноят ишларини юритишда тарафларнинг қонун ва суд олдида тенглигини таъминлаш, уларнинг ўзаро тортишувларига имконият яратиш масаласини кучайтиришга қаратилган. Бу борада суд – ҳуқуқ соҳасига ҳам тааллуқли бир қатор янги қонунлар қабул қилиниб, баъзи қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Албатта, янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Олий суд Пленумининг амалдаги қарорларига тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишни тақозо этди.

***

Олий суд Пленуми қарорларининг янги қабул қилинган қонунларга мувофиқлиги ўрганилиб, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг фуқаролик ишлари бўйича айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Пленум қарори қабул қилинди. Қарор асосида Олий суд Пленуми томонидан қабул қилинган 18 та қарорнинг жами 37 та бандига ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек таҳририй тузатишлар киритилди.

***

Шунингдек мажлисда Олий суд Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида”ги қарори ҳам қабул қилинди. 

Одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайтирилмоқда

Жорий йилнинг 17 февраль куни Ургут тумани Чағизмон маҳалласида фуқаролик ишлари бўйича Ургут туман судининг раиси Т.Рустамов ва судья О.Эгамбердиев ҳамда туман адлия бўлими ходими Ж.Хушназаровлар хамкорлигида фуқаролар билан сайёр қабул ўтказилди Президентимиз томонидан қабул қилинган ПФ-11 ва ПФ-12-сонли Фармонлари моҳиятини аҳолига етказиш бўйича давра суҳбати ўтказди ҳамда Фармонлар мазмун-моҳияти тўғрисида иштирокчиларга тушунчалар бердилар.

***


Шунингдек, иштирокчиларига “Коррупция ва унинг оқибатлари”, “уй-жой низолари” мавзуларида ҳамда янги қабул қилинган Меҳнат кодекси тўғрисида тушунчалар бериб ўтилди.

***


Бундан ташқари туман судининг судьялари ҳамда адлия бўлими ходимлари томонидан қабулда бўлган фуқаролар мурожаатлари урганиб чиқилди ҳамда Юртбошимизнинг ПФ-87-сонли Фармони билан тасдиқланган Миллий дастур ижроси юзасидан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Қарздор ота суд залида 32 млн. сўм алимент пулини тўлади

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2021 йил 7 июнь кунидаги суд буйруғига асосан фуқаро М.А.дан ундирувчи М.Ш. фойдасига уч нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундирилиши белгиланган.

***

Ижро ҳужжати бўйича қарздор М.А. бир ярим йил давомида фарзанди учун алимент пулини тўламасдан юрган.

***

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочисининг қарори билан қарздорга бугунги кун ҳолатига бўлган 32 млн. 606 минг сўм алимент пулини тўлаши ҳақида талаб қўйилганида алимент учун маблағи йўқлигини маълум қилган.

***

Шундан сўнг давлат ижрочиси қарздор М.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-4-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка доир иш ҳужжатларини тўплаб жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига тақдим этган.

***

Суд залида маъмурий қамоқ жазоси ҳақида етарлича тушунчаларга эндигина эга бўлган қарздор М.А. 32 млн. 606 минг сўм нақд пулни жуда тез ва осонгина топа қолди. Шу йўсинда вояга етмаган фарзандларининг бир ярим йил давомида тўланмасдан келинаётган моддий таъминот пуллари тўлиқ тўлаб берди.

***

Шундан сўнг суд мазкур ишни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 271-моддаси 10-бандига асосан ҳаракатдан тугатишни лозим топди.

***

Бекзод ЖУМАБОЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси ўринбосари
******************************************
Qarzdor ota sud zalida 32 mln. so‘m aliment pulini to‘ladi

 Fuqarolik ishlari bo‘yicha Samarqand shahar sudining 2021 yil 7 iyun kunidagi sud buyrug‘iga asosan fuqaro M.A.dan undiruvchi M.Sh. foydasiga uch nafar farzandining moddiy ta’minoti uchun aliment undirilishi belgilangan.

***

Ijro hujjati bo‘yicha qarzdor M.A. bir yarim yil davomida farzandi uchun aliment pulini to‘lamasdan yurgan.

***

Majburiy ijro byurosi Samarqand shahar bo‘limi davlat ijrochisining qarori bilan qarzdorga bugungi kun holatiga bo‘lgan 32 mln. 606 ming so‘m aliment pulini to‘lashi haqida talab qo‘yilganida aliment uchun mablag‘i yo‘qligini ma’lum qilgan.

***

Shundan so‘ng davlat ijrochisi qarzdor M.A.ga nisbatan O‘zbekiston Respublikasi Ma’muriy javobgarlik to‘g‘risidagi Kodeksning 47-4-moddasiga asosan ma’muriy javobgarlikka doir ish hujjatlarini to‘plab jinoyat ishlari bo‘yicha Samarqand shahar sudiga taqdim etgan.

***

Sud zalida ma’muriy qamoq jazosi haqida yetarlicha tushunchalarga endigina ega bo‘lgan qarzdor M.A. 32 mln. 606 ming so‘m naqd pulni juda tez va osongina topa qoldi. Shu yo‘sinda voyaga yetmagan farzandlarining bir yarim yil davomida to‘lanmasdan kelinayotgan moddiy ta’minot pullari to‘liq to‘lab berdi.

***

Shundan so‘ng sud mazkur ishni O‘zbekiston Respublikasi Ma’muriy javobgarlik to‘g‘risidagi Kodeksning 271-moddasi 10-bandiga asosan harakatdan tugatishni lozim topdi.

“ТАРБИЯ БИЗ УЧУН Ё ҲАЁТ – Ё МАМОТ…”

Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган чуқур  маъноли сўзлари нақадар ҳақиқат эканини яхши англаймиз. Тарбия масалаларига эътиборсиз қаралган вазиятда юзага келадиган кўнгилсизликлар ҳам, у келтириб чиқарадиган зарарли оқибатлар ҳам барчамизга аён.

***

Зеро, бугун илм-фан ва таълим изчил ривожланиб бораётган бир даврда ҳеч шак-шубҳасиз тарбия таълимнинг асоси бўлиши шарт. Ҳар бир педагог, муаллим ва устознинг таълим беришдан мақсади –келажаги порлоқ, Ватан ва эл-юрт хизматида турадиган кадрларни тарбиялашдир.

***

Шуни унутмаслигимиз керакки, юрт келажаги, ватанимиз тараққиёти ва халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимиз ва ёшларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқдир.

***

Зеро, тарбияси мўрт ёшлардан жамият, маҳалла ёки оила учун ҳеч қандай наф бўлмайди. Ёшларнинг жиноятга қўл уриши тарбияда йўл қўйилган хато ёки бефарқликнинг аччиқ инъикосидир.

***

Самарқанд вилоят суди, Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ҳамда “Баҳодир Ялангтуш” МФЙ вакиллари билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳридаги

***

81-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Вояга етмаганлар ўртасида хукукбузарликлар ва жиноятчиликни олдини олиш” мавзусида ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкиллаштирилди.

Тадбирда мактаб ўқувчи ёшлари ва уларнинг ота-оналари, маҳалла фаоллари иштирок этишди.  

***

Самарқанд вилоят судини судьяси А. Холбоев ва вилоят суди судья катта ёрдамчиси А. Абдиев тадбирда маъруза қилиб, вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни чуқур таҳлил қилиб, келиб чиқиш сабаблари ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида ҳаётий мисоллар билан изоҳлаб, масъуллар, ота-оналарга тегишли тавсия ва тушунтиришлар берди.

***

Энг муҳими, фарзандларимизни соғлом, комил инсон қилиб тарбиялайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихимизга, Ватанимизга, она тилимизга, ўз миллий қадриятларимизга, муқаддас динимиз анъаналарига содиқ бўлишсин, деган фикр тадбирнинг асосий мезонига айланди.

***

Тадбир ҳар жиҳатдан самарали, фикр-мулоҳазалар, савол-жавобларга бой бўлди.

Самарқандда 1 миллион долларга радиоактив ва заҳарли қурилмаларни сотмоқчи бўлган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди

Ҳаёт – паст-баланд, оқ-у қорадан иборат. Инсондан талаб этиладигани эса умр сўқмоқларида қоқилмай, нафснинг найрангларига учмай тўғри йўлни танлай билишдир. Бироқ енгил ҳаёт кечириш йўлида қонунларни менсимасдан жиноятга қўл ураётган кимсалар боши берк кўчага кириб қолгач, қанча пушаймон бўлишмасин, ғишт аллақачон қолипидан кўчган бўлади. 

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилаётган тезкор тадбирлар натижасида ана шундай ғараз ниятларни кўзлаган кимсаларнингг кирдикорлари фош этилмоқда. Хусусан, контрабандага қарши кураш йўналишида ўтказилган ана шундай тезкор тадбирлардан бири давомида вилоятимиз ҳудудида радиоактив ва заҳарли қурилмаларни сотиш билан шуғулланиб келаётган шахслар қўлга олинди.

***

Андижон вилоятида туғилган, муқаддам ЖКнинг бир неча моддалари билан судланган фуқаро М.С. ва андижонлик шериги Р.С. ҳамда Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.О.лар ўзаро тил бириктирган ҳолда жиноий гуруҳ тузиб, мўмай даромад топишни режалаштирган.

***

Маълум бўлишича, фуқаро Р.С. жиноий шериги М.С.нинг таклифига кўра, Андижон вилоятидаги танишидан, гўёки ҳарбий мақсадда фойдаланиладиган радиоактив ва заҳарли қурилмаларни Самарқанд шаҳрига олиб келиб, ишончли харидор топилгунига қадар Самарқанд шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида яшаб келган.

***

Кейинчалик, М.С. Самарқанд шаҳридаги таниши Ж.О. орқали мазкур мосламаларни умумий ҳисобда 1 миллион АҚШ доллари эвазига маҳаллий фуқарога сотишга келишиб, олдиндан 200 000 АҚШ доллари талаб қилган. Натижада, мазкур шахслар ичида 1 кг “Симоб” кимёвий моддаси мавжуд бўлган қўлбола усулдаги қурилмани 200 000 АҚШ доллари эвазига маҳаллий фуқарога сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. 

***

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиши режалаштирилиб, терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

***

Инсон умрининг ҳар лаҳзаси қадрлидир. Афсуски, буни ҳамма ҳам тўлиқ англаб, тўғри ва ҳалол йўлдан юришга ҳаракат қилмайди. Оқибатда олтинга тенг йиллар ҳавога совурилади. Унутманг, қонун барчага баробардир!

Самарқанддаги маъмурий судлар 2022 йилда шаҳар, туман ҳокимларининг 137 та қарорини ҳақиқий эмас, деб топган

Умуман, ўтган йили маъмурий судларда ҳокимларнинг қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш билан боғлиқ 399 та иш кўрилган.

***

Йил давомида ҳокимликларга мажбурият юклаш билан боғлиқ 75 та иш кўрилиб, 28 та туман (шаҳар) ҳокимларининг ҳаракатлари қонунга хилоф, деб топилиб, мажбурият юклаш тўғрисида ҳал қилув қарорлари чиқарилган.

***

Шунингдек, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мансабдорларининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф, деб топиш билан боғлиқ 91 та иш кўрилган. 54 та иш бўйича мансабдорларнинг ҳаракати қонунга хилоф, деб топилиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланган.

***

Ўтган йили вилоят маъмурий суди томонидан 491 мурожаат кўриб чиқилган. Шундан 34 та мурожаат қаноатлантирилган, 2 таси рад қилинган, 443 та мурожаат бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилган ва 12 та мурожаат тегишлилиги бўйича юборилган.

2023 ЙИЛ СУД ИСЛОҲОТЛАРИ БИЛАН БОШЛАНДИ…….

«Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим».

Президент Шавкат Мирзиёев.

 

Сўнги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш, соҳани янада такомиллаштириш, судлар мустақиллигига эришиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
***

Суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштириш ва судларнинг чинакам мустақиллигига эришиш борасида амалга оширилаётган ишлар “Инсон қадри учун” ғояси асосида 2023 йилда ҳам давом этмоқда.

***

Жумладан, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январь куни “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон Фармони қабул қилинди.

***

Бу ҳужжатда суд тизимини кескин ислоҳ қилувчи ўзгаришлар мустаҳкамланган.

Мазкур Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимининг жадал ислоҳ қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолини одил судловга эришиш даражасини янада ошириш мақсадида 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳамда ушбу Стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури ҳам тасдиқланди.

***

 Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш қайд этилди.

***

Қолаверса, одимиздда турган долзарб вазифалардан яна бир масалага, яъни фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

***

Шунингдек, туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилмоқда. Бу тартиб амалга ошиши билан одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгайиб, аҳолининг оворагарчилигининг олди олинади.

***

Эндиликда биринчи инстанция судининг қарор ёки ҳукмидан норози тарафлар вилоят ва унга тенглаштирилган судларга апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, натижасидан ҳам қониқмаган тақдирда, адолат қарор топмади, деб ҳисобласа иш мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилади.

***

Яна бир муҳим ислоҳотлардан бири вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш, шунингдек, юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш ваколатини бериш белгиланмоқда.

***

Мазкур амалиётни жорий этилишидан кўзланган мақсад фуқаролар учун қабул қилинган суд қарорларини қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг қулай ва соддалаштирилган тартибини яратишдир.

***

Шунингдек, ушбу тартибни амалиётга жорий этиш орқали фуқароларнинг судларда ортиқча сарсон бўлишини олдини олиш билан бир қаторда, фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга эришилади.

СЎРОҚ ҚИЛИШНИНГ УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ

Жиноятларни тезкор ва тўла ошкор қилиш, айбдорларни жавобгарликка тортиш учун ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимларидан қонунда белгиланган тартибда ушбу шахсларнинг айбдорлигини исботлаш талаб қилинади. Дастлабки тергов ва суд терговидаги исботлаш жараёни ниҳоятда мураккаб иш бўлиб, у нафақат амалий кўникмаларни, балки назарий билимларни ҳам талаб қилади.

***

Сўроқ қилинувчининг кўрсатувлари рақамлар ёки хотирада сақланиши қийин бошқа маълумотларга тааллуқли бўлса, у сўроқ жараёнида ўзидаги ёки ишга қўшиб қўйилган ҳужжатлардан ёхуд бошқа ёзувлардан фойдаланиши мумкин. Суриштирувчи, терговчи ва суд сўроқ қилинувчидан сўроқ қилиш жараёнида у фойдаланаётган ҳужжатлар ва бошқа ёзувларни талаб қилиши, уларни кейин қайтариб бериши ёки ишга қўшиб қўйиши мумкин.

***

Сўроқ қилинувчи томонидан ҳозирги ва илгариги сўроқларда берилган кўрсатувлар ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар бўлса, сўроқ қилинувчи судда кўрсатув беришдан бош тортса, иш сўроқ қилинувчининг иштирокисиз кўриб чиқилаётганда унинг кўрсатувлари ўқиб эшиттирилиши мумкин.

***

Сўроқнинг умумий давом этиш вақти бир кунда саккиз соатдан ошмаслиги лозим. Дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган бир соат танаффус бу ҳисобга кирмайди.

***

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 11-бобида гумон қилинувчини ва айбланувчини сўроқ қилиш қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра, суриштирув ва дастлабки тергов ўтказиш жараёнида гумон қилинувчи, айбланувчи ушланган, сўроқ қилиш учун чақирилган, қамоққа олинган ёки мажбурий келтирилгандан кейин дарҳол ёки йигирма тўрт соатдан кечиктирмай, сўроқ қилиниши керак.

***

Гумон қилинувчининг у содир этган жиноят ҳақидаги кўрсатувлари ва айбланувчининг ўз айбига иқрор бўлиши, бу иқрор бўлиш мавжуд далиллар мажмуи билан тасдиқланган тақдирдагина, уни айблаш учун асос қилиб олиниши мумкин.

***

Гумон қилинувчи ва айбланувчининг берган кўрсатувлари билан аниқланган ҳолатлар, айбланувчи ўз айбига иқрор бўлган тақдирда ҳам, ўзининг айбдор эканлигини инкор қилган тақдирда ҳам ишнинг ҳамма ҳолатлари билан боғланган ҳолда бошқа далиллар каби текшириб чиқилиши ва баҳоланиши лозим.

***

Жиноят-процессуал кодексининг 12-бобига кўра, гувоҳ ва жабрланувчини сўроқ қилиш тартиби юқорида қайд этилган умумий қоидаларга, шунингдек мавжуд тартибларга риоя қилган ҳолда олиб борилади.

***

Хусусан, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг яқин қариндошлари гумон қилинувчига, айбланувчига тааллуқли ҳолатлар ҳақида гувоҳ ёки жабрланувчи тариқасида фақат ўзларининг розиликлари билан сўроқ қилинишлари мумкин.

Ўзбекистон “Коррупцияни қабул қилиш индекси”да юқорилади

«Transparency International» халқаро ташкилотининг “Коррупцияни қабул қилиш индекси”да Ўзбекистон 2022 йил натижаларига кўра, 180 та давлат орасида 126-ўринни эгаллади.

***

«Бундай ўсиш қайд этилаётгани албатта юртимизда коррупцияга қарши курашиш йўналишида қилинаётган ишларнинг ижобий самарасидир.

***

Шу билан бирга, ушбу рейтингдаги ўрнимизни яхшилаш ва умуман, жамиятда коррупцияни йўқ қилиш учун лоббизм, монополия ва манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш, непотизм, ноқонуний бойлик орттириш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ҳамда фаворитизм каби иллатларни бартараф қилиш ишларини тезлаштиришимиз талаб этилади», деб ёзган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов.

***

Маълумот учун: 2021 йилда 140-ўринда эди, 2020 йилда 146, 2019 йилда эса 153-ўринда.

Skip to content