ЁШЛАР ҲУҚУҚШУНОС БЎЛМОҚЧИ!
Самарқанд шаҳридаги 13-умумий ўрта таълим мактабида Самарқанд вилоят судининг судялари Б.Алиқулов ва Ҳ.Келдиярова битирувчи ўқувчилар билан “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш” мавзусидаги давра суҳбати ўтказди.
***
Маълумки, сўнгги йиллар давомида мамлакатимизда ёшларни ватанпарвар, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, уюшмаган ёшлар учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш борасидаги чора-тадбирлар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди.
***
Ёшлар эртамиз кўзгуси. Уларнинг келажаги бутун бир миллатнинг ширин ташвишидир. Ҳозирда барча жабҳада ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш учун нафақат ота-она, маҳалла, балки бир қатор ташкилот ва идоралар ҳам масъул этиб белгиланган.
Бироқ, амалга оширилаётган самарали ишлар билан бир қаторда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни содир этилаётганлиги ачинарли ҳолатдир.
***
Самарқанд вилоят судининг судяси Ҳ.Келдиярова “Мен нима учун хуқуқшунос бўлмоқчиман?” мавзусида ўқувчилар билан суҳбат ўтказди.Ўқувчиларга ҳуқуқшунослик касбининг моҳияти, бурч ва масъулияти, вазифалари ва ушбу касбнинг инсоният ҳаётидаги аҳамияти тўғрисида батафсил тушунча берди.
Ҳуқуқшунос етарли билим ва тажрибага, нутқ ва муомала маданиятига эга бўлиш, лидерлик қобилиятига эга бўлиш лозим.
***
Ҳуқуқшуноснинг касб фаолияти инсонлар тақдирига турли кўринишда таъсир қилади. Инсонлар ўртасида манфаатлар тўқнашуви, унинг ортидан эса низо, муроса, келишув деган тушунчалар ҳам бор. Адолат тушунчаси макон ва замон танламайдиган энг олий мезондир. Судда ана шу адолатни таъминлаш осон эмас.
***
Шу мезонда судя қанчалик муваффақиятга эришиши, юзи ёруғ, қадри ва обрўси баланд бўлиши унинг билими, тажрибаси, ўз устида ишлаши, энг муҳими, ҳалоллигига боғлиқ.
Дарҳақиқат, ҳуқуқшунослик ҳам шарафли, ҳам масъулиятли касб. Қатъий фикрли, ўзига талабчан, илмга чанқоқ ўқувчилар ҳуқуқшунос касбини танлаши мақсадга мувофиқдир.
***
Давра суҳбатида ўқувчилар жуда фаол иштирок этишди. Ҳуқуқшунослик касбининг турли қирралари ҳақида судяларга кўплаб саволлар ташлашди. Ҳар бир саволга батафсил жавоб берилди. Давра суҳбати кўтаринки кайфиятда, дўстона, расмийликсиз самимий ўтгани ўқувчиларда катта тассурот қолдирди.






