СУДЬЯЛАР МАҲАЛЛАДА

Ургут тумани «Украч» маҳалласида Самарқанд вилоят судининг судьяси Б.Алиқулов, жиноят ишлари бўйича Ургут туман судининг судьяси А.Аҳмадов ва мажбурий ижро бюроси Ургут туман бўлими ижрочиси С.Рустамов туманнинг «Украч» ва «Тароқли» маҳаллаларида “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи ҳотин-қизлар билан учрашув ўтказди.
Учрашувда умумхалқ муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси учрашувнинг асосий мавзуси бўлди. Судьялар Бош қомусимизга Янги Ўзбекистонга ҳамда унинг тараққиётига жавоб берадиган янги қоидаларни киритиш керак бўлганлигини, Конституция лойиҳасининг мазмун-моҳияти, унинг Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳуқуқий асоси эканини тушунтириб, умумхалқ муҳокамасининг аҳамияти ва моҳиятини очиб беришди.

Шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифалари, хотин-қизлар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилиш механизми яратилаётганлиги, бу борадаги ҳуқуқий асослар такомиллаштириб борилаётганлиги тушунтирилиб, гендер тенгликни таъминлаш ва гендер зўравонликнинг олдини олиш, ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда қай тарзда ва қаерга мурожаат қилиш кераклиги борасида ҳам ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Учрашувда уларни қизиқтирган саволларга жавоб берилиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

АҲОЛИ ҲУЗУРИДА

Аҳоли билан юзма-юз учрашиб, суҳбатлашиш, уларни тинглаш, қийнаётган муаммоларини ҳал этиш чораларини кўриш, тўғри йўл кўрсатиб, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ҳуқуқий тарғиботнинг энг самаралисидир. Судяларнинг фуқароларнинг ҳузурига бориб дилдан суҳбатлашиши, уларнинг саволларига тўлақонли жавоб бериши, инсонпарлик йўлида дадил бораётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини оддий, тушунарли тилда тушунтириши одамларда қонунчиликка, судларга ҳурмат ҳиссини кучайтиради.

Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари З.Аллабаев, ФИБ Паяриқ туманлараро судининг раиси Ш.Турдалиев ва судяси Н.Хўжақулов Оқдарё туман Мустақиллик МФЙ биносида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан учрашдилар.

Тадбирда вилоят суди раисининг ўринбосари З.Аллабаев Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилганлиги та’кидлаб, бу жараёнда ҳар бир фуқаро фаол иштирок этиши фахр ва мас’улият эканлигини тушунтирди. Конституцияга киритиш таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, муҳокама жараёни ҳақида тушунча берди. Шундан сўнг, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифалари, хотин-қизлар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилиш механизми яратилаётганлиги, бу борадаги ҳуқуқий асослар такомиллаштириб борилаётганлиги тушунтирилиб, гендер тенгликни та’минлаш ва гендер зўравонликнинг олдини олиш, ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда қай тарзда ва қаерга мурожаат қилиш кераклиги борасида ҳам ҳуқуқий тушунчалар берди.

Тадбир давомида хотин-қизларнинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид мурожаатлари тингланди.

Шунингдек, Оқдарё туман Халқ қабулхонасида сайёр қабул ўтказилди. Мурожаатчилардан 12 нафарининг аризаси қабул қилиниб, муаммоси ижобий ҳал этилди. 6 нафарига ҳуқуқий ма’лумот берилди. 10 нафар фуқаронинг мурожаатлари юзасидан тушунтиришлар берилди.

Жумладан, Амонова Дилоромнинг алимент ундириш ҳақидаги аризаси қабул қилинди. Мурожаат жойида ўрганилиб, ижобий ҳал қилинди. Қобилов Облоқул ва Кубаев Ширинга аризаси юзасидан мурожаатлар юзасидан тушунтиришлар берилди.

Aйни кунларда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтказилмоқда

Самарқанд вилояти судида ташкил этилган “Конституция — қонунларимиз асоси, халқимиз бахт-саодатининг кафолати” мавзусидаги тадбир ҳам шу мақсадга қаратилди. 

Тадбирда вилоят суди тизимидаги барча судлар судьялари иштирок этди. Вилоят суди раиси О.Ҳайитов тадбирнинг аҳамияти, долзарблиги ва моҳиятини тушунтирди.

Қайд этилганидек, Конституция – истиқлол ва мустақил Ўзбекистон рамзи, ғурур-ифтихори, шу заминда истиқомат қилаётган миллати, дини, ирқи, тилидан қатъи назар, барча учун мустаҳкам ҳимоя, фуқаролик жамиятимиз истиқболини аниқлаб берувчи дастуриламал ҳужжатдир. Бугунги ислоҳотлар даврида уни янада такомиллаштиришга, ўзгартиришга катта эҳтиёж сезилмоқда. Шунингдек, янги қонун лойиҳасида судлар фаолиятига алоқадор янгиликлар ҳам борлиги таъкидланди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси ўринбосари Бекзод Жумабоев, вилоят суди судьялари Р. Имомов, Н. Юсупов янги қонун лойиҳасига киритиш таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни бандма-банд изоҳлаб берди.

Ўз навбатида, тадбир иштирокчилари ҳам Конституциявий қонун лойиҳасига бир қатор таклифларини берди, ўз муносабатларини билдирди.

Самарқандда ўтган оммавий қабуллар қандай натижа берди?

Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида ташкил қилинган Республика ишчи гуруҳи оммавий қабуллар уч ойлиги доирасида Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Иштихон ва Жомбой туманларида ўтказган мулоқотлар ҳам «Инсон қадри учун!» ғоясини амалда қарор топтиришга хизмат қилди. Самарқанд вилояти аҳолисини ўйлантираётган айрим масалаларни «маҳаллабай» ўрганган ҳолда жойида ҳал этиш имконини берди.

Суд масаласида келиб тушган мурожаатлар асосида 18 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси енгилроғига алмаштирилди, 37 нафар шахс эса жазони ўташдан муддатидан аввал шартли озод қилинди. 2021 йилда жомбойлик Рашид Ражабовнинг ўталмай қолган 2 йилу 15 кунлик озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган эди. Шу даврда у айбидан тўғри хулоса чиқарди, ўзини тузатди ва мурожаатидан сўнг Рашид Ражабовга ҳаётини ўнглаб олиши учун яна бир имкон берилиб, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Прокуратура органлари кўриб чиққан 199 та масаланинг аксарият қисми ижобий ҳал этилди. Бу жараёнда 18 нафар мурожаатчига алимент, 25 нафар шахсга моддий-маънавий зарар ундирилиши таъминланди. Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолиятига оид масалалар ҳам ҳал қилинди. Оқдарёлик Вазира Жуманова бир йил аввал имтиёзли кредит эвазига тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйиб, 7 нафар хотин-қиз бандлигини таъминлаган эди. Бугунги қабулда унинг қўшимча бино қуриб, фаолиятини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга оид таклифи қўллаб-қувватланди. Масала жойига чиқиб ўрганилгач, яқин орада тадбиркор аёлга ҳомийлик ҳисобидан тикув машиналари олиб бериладиган бўлди.

Иштихон тумани Барлос маҳалласида яшовчи Гуландом Норбекова эса аввалги қабулдаги мурожаатлари асосида ўтган вақт ичида унга 2-сектор кўмагида икки хонали шинам уй қуриб берилгани учун давлатимизга миннатдорлик билдирди. Мамлакатимизда олиб борилаётган инсонпарвар ижтимоий сиёсат ўзгалар кўмагига муҳтож одамлар ўзини ўнглаб олиши учун катта шароит яратаётганини таъкидлади.

Жомбой туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш билан машғул тадбиркор Қобилжон Нуриллаевга эса фаолиятини кенгайтириши учун 200 миллион сўм кредит бериладиган бўлди.

Умуман, қабуллар жараёнида 18 нафар мурожаатчига тадбиркорлик фаолияти учун 1 миллиард 204 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланди.

Халқ таълими тизими бўйича келиб тушган мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилгач, 7 та мактабни таъмирлаш масаласи келгуси йиллардаги инвестиция дастурига киритиладиган бўлди, бир қатор мурожаатчилар мактабларга ишга жойлаштирилди.

Олий ва ўрта махсус таълим соҳасига оид мурожаатлар асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож 15 нафар талабанинг контракт тўловлари тўлаб берилди. Дейлик, иштихонлик Эшмурод Қўшоқовнинг 3 нафар фарзанди олий таълим муассасаларида шартнома асосида ўқийди. Улар иккита контрактни амаллаб тўлашдию, учинчисига имкон қилишолмади. Айни шу масалада қабулга амалий ёрдам сўраб келган Эшмурод аканинг масаласи шу ерда ҳал қилинди.

Худди шундай мурожаатлар асосида Самарқанд давлат чет тиллар институтида таълим олаётган ижтимоий кўмакка муҳтож 10 нафар талабанинг контракт пули институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлаб бериладиган бўлди.

Мурожаатлар асосида 6 нафар тадбиркор давлат хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш учун Мактабгача таълим вазирлиги билан битим имзолади. Паяриқлик Барно Туганова ҳам шундай битим асосида туманнинг Гўзал маҳалласида 75 ўринли нодавлат болалар боғчаси ташкил қилиш имконига эга бўлди.

Соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича эса 230 та масаланинг 129 таси жойида ҳал қилинди. Мурожаатлар асосида шифохоналарда бепул даволаниш учун 27 та йўлланма берилди, 51 та юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Дейлик, эҳтиётсизлик оқибатида оёғидан ажраган иштихонлик Насиба Қўқонованинг протез ўрнатишга оид масаласи ҳам шу ерда ҳал қилинди.

Мурожаатлар асосида Оқдарё тумани «Пичоқчи» маҳалласида яшовчи Моҳира Аъзамова оғир дард билан курашаётган турмуш ўртоғи Рустам Исломовни даволатиш, паяриқлик Олимжон Ёқубжонов вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, жомбойлик Наргиза Маматқулова, Саъдулло Ҳайдаров Жомбой туман марказий шифохонасида даволаниш имконига эга бўлишди.

Кўплаб фуқаролар бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, 30 нафар эҳтиёжманд инсонларга ногиронлик аравачалари, ортопедия жиҳозлари ва реабилитация воситалари берилди.

Оила ва хотин қизлар давлат қўмитаси масъуллари 149 та мурожаатнинг 73 тасини ижобий ҳал этди. Дейлик, Жомбой тумани Қўлбости маҳалласида яшовчи Хосият Холиқованинг кўзини жарроҳлик йўли билан даволатиш учун маблағ ажратишга оид масаласига ҳам ечим топилди.

Автомобиль йўллари қўмитасига мурожаатлар асосида 8 км ички йўлга тош-шағал, 4,5 км. йўлга асфальт ётқизилди. Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари эса 36 та мурожаатни жойига чиқиб ўргангач, 20 та сув насоси ва агрегатларини ишлатиб берди, 66 км. ирригация-мелиорация объектлари тозаланди. Жомбойлик Ғулом Қобиловнинг Тегирмонариқ зовурини тозалаш ишларида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати асосида қарийб бир километрлик зовурда қазиш-тозалаш ишлари бажарилди.

Иштихонлик Мурод Жўраевнинг «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси масъулларига мурожаатидан сўнг туманнинг «Ўзбекистон» маҳалласидаги шиша толали алоқа кабеллари тортилиб, 128 та хонадон интернетга уланди. Худди шундай мурожаатлар асосида Булунғур туманининг «Гулистон», Жомбой тумани «Деҳқонобод» маҳаллаларидаги 500 дан ортиқ хонадонларга ҳам юқори тезликдаги интернет тармоғи тортиб берилди.

Оқдарёлик Шодиқул Соатов мурожаати жойига чиқиб ўрганилгач, «Оқдарё» маҳалласида 1,5 км. ичимлик суви қувурларини тортиш ва мавжуд сув иншоотини қайта ишга тушириш ишлари бошлаб юборилди.

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъуллари оғир ижтимоий аҳволдаги, хаста-бемор, ёши улуғ инсонларнинг уйига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олишди. Булунғур тумани Гулобод маҳалласида яшовчи 101 ёшли Тошбуви ая Холматованинг ҳам бундай эътибордан боши кўкка етди.

Ички ишлар органларига тааллуқли бўлган 222 та масаланинг 82 тасига жойида ечим топди. Шулар қаторида ижтимоий ҳимояга муҳтож 11 нафар фуқарога шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, 29 нафар мурожаатчига фуқаролик ва хорижга чиқиш паспортлари расмийлаштириб берилди. Давлатимиз раҳбари қабул қилган тегишли ҳужжатлар ижроси ва мурожаати доирасида Иштихон туманининг Қорақишлоқ маҳалласида яшовчи Бўлтак Шакаров ҳам 28 йил деганда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Самарқанд вилоятидаги оммавий қабулларида 3 минг 56 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 1 минг 311 таси, яъни 43 фоизи ижобий ҳал қилинди, 844 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 901 та мурожаат назоратга олинди.

Тугатишга доир иш юритиш жараёнини жадаллаштиришга бағишланган семинар-тренинг

Жорий йилнинг 25-июн куни Самарқанд вилоят судининг мажлислар залида вилоят, шаҳар ва туманлараро иқтисодий судларнинг судялари, Давлат активларини бошқариш бошқармасининг мутасадди ходимлари ва суд бошқарувчилари иштирокида семинар-тренинг ўтказилди.

Семинарда тугатиш жараёни тўққиз ойдан ошган банкрот-корхоналар масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, ҳар бир банкрот-корхонанинг тугатиш жараёнининг чўзилиш сабаблари муҳоқама қилиниб, уларни ечими бўйича мутасаддилар томонидан кўрсатмалар берилди.

Судялар ва бошқарманинг мас’ул ходими томонидан суд бошқарувчиларига банкрот-корхоналарда тугатиш жараёнини қисқа муддатларда якунлаш бўйича вазифалар юклатилди.
Шу билан бирга, семинар якунида қатнашувчиларнинг берилган саволларига масʼуллар томонидан тегишли жавоблар берилди.

27 июн – «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни» муносабати билан самарқандлик бир гуруҳ журналистлар вилоят судига таклиф этилди

Вилоят суди жамоаси ва вилоятда фаолит юритаётган, газеталар, интернет нашрлар, телевидение ҳамда Марказий оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги махсус мухбирлари иштирок этган тадбирда байрамона руҳда ўтди. Вилоят суди раиси О. Ҳайитов ва судьялар журналистларни байрам билан табрикладилар.

– Судлар фаолиятига очиқлик ва шаффофликнинг жорий этилиши оммавий ахборот воситалари ва суд органлари ўртасида дўстона муносабатни вужудга келдтирди, – деди вилоят суди раиси О. Ҳайитов. – Бугунги кунда ҳамкорлигисмиз яхши қўйилгани боис, ўзаро тушуновчиликларга дуч келмаяпмиз. Чунки, судларнинг эшиги ОАВ вакиллари доима очиқ. Доимо улар сўраган масала юзасидан ўз вақтида аниқ жавоблар берилаяпти, очиқ суд мажлисларида иштирокида ҳеч қандай тўсиқ йўқ.

Бугун суд тизимидаги ислоҳотлар ёки суд мажлисларидаги очиқликни журналист ва блогерларсиз оммага ўз вақтида етказишнинг иложи йўқ. Айниқса, суд томонидан чиқарилган ҳукм ёки қарорнинг адолат тарозисида ўлчанганини халққа оддий ва самимий сўзлар билан тушунтира олишда матбуот ва ОАВнинг ўрни беқиёс.

Тадбирда бир гуруҳ журналистларга вилоят судининг “Ташаккурнома”си ва эсталик совғалар тақдим этилди. ОАВ вакиллари ҳам эътибор ва эътироф учун миннатдорчилик билдириб, бундан кейинги фаолиятда ҳамкорликни янада кучайтиришга ваъда беришди.

Олий судда масс-медиа вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди

Олий суд раиси К. Комилов очиқ мулоқот аввалида иштирокчиларини 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан табриклади. Уларнинг юртимизда сўз эркинлиги ва очиқ-ошкораликни таъминлашда, халқимизга ҳаққоний ахборотни тезкорлик билан етказишдаги масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан матбуот ва оммавий ахборот воситалари олдига жамиятимизда сўз эркинлигини таъминлаш, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш каби муҳим вазифалар қўйилган. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир журналист, ижодкордан алоҳида фидойилик талаб қилади.

Мулоқот давомида суд тизимидаги ислоҳотлар, хусусан соҳада очиқлик таъминланаётгани оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик яхшиланишига, муҳими, жамиятда адолат таъминланишига хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Учрашувда соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар ва уларнинг натижалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Суд қарорларидан норози бўлганларни Олий суд раиси ўринбосари эшитди

Самарқандда республика вазирлик ва идоралари масъулларидан иборат ишчи гуруҳининг оммавий сайёр қабуллари давом этмоқда.

Кеча Самарқанд шаҳрида Пастдарғом, Нуробод, Самарқанд туманлари ва шаҳар аҳолиси учун ўтказилган сайёр қабулда ишчи гуруҳи аъзолари, секторлар, ҳудудий бошқарма, ташкилот, муассасалар раҳбарлари фуқароларнинг суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, таълим, тиббиёт, коммунал соҳа, банк-молия йўналишларидаги мурожаатларини кўриб чиқди. 

Жумладан, Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Р.Маҳмудова ва Олий суд судьялари ҳамда судьялар олий кенгаши вакиллари қабулнинг биринчи кунида 37 нафар фуқарони қабул қилди. Мурожаатларнинг 13 таси жиноят ишлари бўйича, 19 таси фуқаролик, 4 таси маъмурий ва 1 таси иқтисодий ишлар бўйича судларга оид мурожаатларни ташкил этди.

Ушбу мурожаатлардан 14 таси бўйича фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш берилди, 23 та мурожаат юзасидан аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида кўриб чиқиладиган бўлди. Шунингдек, Оммавий сайёр қабул доирасида сайёр суд мажлиси ташкил этилди. Киритилган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган маҳкумлар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Жумладан, Самарқанд тумани Хўжа Аҳрор Валий маҳалласида яшовчи фуқаро жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳукмидан ва Самарқанд вилоят судининг ажримидан норози бўлиб мурожаат қилди. Унинг мурожаати оғзаки суҳбат ва ҳужжатлар асосида ўрганиб чиқилди ҳамда кассация шикояти Олий судда кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

Ўзига оид жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорларидан норози бўлган яна 12 нафар фуқаро Р.Маҳмудовага мурожаат қилди. Аксарият мурожаатлар бўйича шикоят ариза ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди.

ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ – ТАРАҚҚИЁТНИНГ АСОСИЙ ШАРТИ

збекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан мамлакатимизнинг келгуси беш йилдаги устувор мақсад-марралари белгиланди. Эътиборга молик жиҳати, тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқишда кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Фармонда қайд этилганидек, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, миллий иқтисодиётни таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий тараққиётни таъминлаш, умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ёндашиш, мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш назарда тутилмоқда.

Эндликда давлатнинг вазифаси давлат хизматлари сифати ва жамият билан ўзаро ҳамкорлик самарадорлигига эришиш учун бошқарувнинг барча даражаларида ресурслар ва кўникмаларни сафарбар этиш ва бирлаштиришдан иборат бўлиши лозимлигини давр тақозо этмоқда. Бугунги ислоҳотлар даврида давлат бошқаруви органлари фаолиятини фуқарога хизмат қилишга йўналтиришда очиқлик (давлат хизматчиларининг ҳисобдорлиги, бюджет шаффофлиги, ахборотнинг очиқлиги, фуқаролар ва ОАВнинг ахборотдан фойдаланиш очиқлиги) муҳим аҳамият касб этмоқда.

Фармоннинг15-бандида адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартиби жорий этилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ноқонуний эмаслигини маъмурий судда исботлаш мажбурияти уни қабул қилган мансабдор шахснинг ўзига юклаш тартибига амал қилиниши қатъий белгиланди. Бу ўз навбатида маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаларнинг мазмунан кўриб чиқилишида қарор чиқарган мансабдорнинг шахсан ўзи келиб судда исботлаб беришини тақозо этади.

Ўз қонуний ҳуқуқи ва манфаати бузилган шахс судда айнан мазкур қарорни қабул қилган мансабдор шахс билан юзма-юз келиши ҳамда масаланинг ҳар томонлама тадқиқ этилиши судлар томонидан ишларнинг янада очиқ ҳамда шаффоф кўрилишини таъминлайди.

Жамшид ФАЙЗУЛЛАЕВ,   

Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди раиси.

Skip to content