Ҳақиқий тантилик.
Ердай танти нарса дунёда йўқ. Энг баланд минора ҳам, баланд чўққилар ҳам ердан бошланади. Аммо ҳамма минорага махлиё. Ерда бемалол юрган инсон хатарли бўлса ҳам чўққига чиқишга интилади. Бутун инсониятни кўтариб юрган ҳам ер, уларнинг ризқи ҳам ерда униб чиқади. Аммо бирор марта қилган хизматларини бировга миннат қилмайди. Қуёшни қаранг, шунчалик нур таратади, бутун оламнинг мувозанатини сақлаб турибди. Бундай тантини ҳам топиш қийин.
Тизимли ёндошув.
Ҳаётда тизимли ёндошув деган гап бор. Биринчи синфга борган болангизга ҳар куни озгина вақт ажратиб, бирорта савол беринг жавоб билмаса, яна беринг, у қачон тўғри жавоб берса уни рағбатлантириб, қўлига ўн минг сўмдан беринг. Бу пулни жамғарма идишига солдириб қўйишга ўргатинг. Бир йилда 3600 минг, икки йилди 7200 минг, уч йилда 10800 минг, тўрт йилди 14400 минг, беш йилда 18000 минг сўм тўплаган бўлади. Энди у пулни Сиздан эмас, жамиятнинг бирорта саволига жавоб бериб, бирорта фойдали иш қилиб, ўзи топадиган бўлади. Бешинчи синфни битирганда тенгқурлари ўртасида ундан бой ва билимга интиладиган бола бўлмайди. Муҳими, уни ҳаётда каллани ишлатиб таълим олишни ва қашшоқ бўлиб қолмаслик йўлини ўргатасиз. Қаранг ҳеч қандай қийинчиликларсиз қанчалик натижадорлик.
Оқимга қарши бориш хатарли
Биродар, билиб қолдингиз, оқим тўғри йўлда эмас. Сиз англаган тўғри йўл бу йўлга тескари. Сиз тўғри йўлдан юрай деб оқимга қарши сузиб бошладингиз. Бироз вақт ўтгач салгина тўхташга тўғри келган бўлса, дарҳол орқага оқизиб кета бошлайди. Барибир оқимга қарши сузиб бўлмас экан, узоққа ҳам бора олмайсиз. Якка ҳолда сузсангиз албатта ғарқ бўлишингизнинг ҳам хавфи катта.
Илм – абадиятга дахлдорлик омили.
Шогирд устоздан сўрабди, инсон ҳаётининг, умрининг охири бор. Лекин айримларни абадиятга дахлдор деб баҳоланади. Булар қандай кишилар, Устоз жавоб берибди: болам илмнинг вақт нуқтаи назаридан ҳам, масофа нуқтаи назаридан ҳам чегараси ҳам ўлчови ҳам йўқ. Чегараси бўлмаганлиги туфайли у маълум вақтдан кейин тугап қолмайди. Шу илм билан шуғулланиб, илм яратиб ўтган инсоннинг номи шу илми билан абадиятга дахлдор бўлиб қолади, деган экан.
Алдамчининг “мукофоти”.
Тўғри гап “туққанингга”, айниқса нохолис раҳбарга ёқмайди. Ёлғон сўз билан бир-бирини алдайди. Билмайдики, бировни алдаган киши, энг аввало, ўзини алдайди ва ўзига жабр қилади. Бировни алдаб нотўғри йўл кўрсатса, шериги билан шу йўлдан боришга мажбур бўлса, албатта ҳалокатга учрайди. Кўриниб турибдики, фалокат инсоннинг ўзидан бошланади. Агар Сиз ўзингизга душман бўлмасангиз бировларни алдаманг.
Гапни гапиришга эҳтиёт бўлинг.
Бордию йўлдан адашсанг, орқага қайтиш мумкин, лекин гапириб қўйсангиз уни қайтариб бўлмайди. “Айтилган гап – отилган ўқ”. Гапни қисқа қилиб, тўғрисини айтган маъқул. Хато гапириб, уни тузатгунча бу қисқа ҳаёт етмаслиги мумкин. Олдин етти марта ўлчаб, кейин кес дейилган. Аммо етти марта ўйлаб гапирмаган ҳаммасидан аъло. Қани эди, инсонларнинг тоқати ва сабри шунга етса. Чунки кўп гапирган кўп янглишади, деган нақлни ҳам ёддан чиқармаслигимиз керак.
Гапириш илми ҳам мураккаб илм.
Биз ёшларга мактабларда фақат гапиришни ўргатамиз. Аммо қаерда қандай гапиришга кам эътибор қаратамиз. Оддий суҳбатда нима дейиш керак, таниш жамоага маъруза қилганда нима дейиш керак, нотаниш жамоага ўқиганда ўзини қандай тутиш керак, каби саволларга дарсда деярли жавоб берилмайди. Шу билан бирга гапирмаслик илмини ҳам ҳеч қандай фан ўргатмайди.
***
Гапни “билганлар” соатлаб гапирганда ҳам ҳеч нарса айтмаслиги ҳам мумкин. Ҳақиқий нотиқлар жуда қисқа вақтда кўп гапларни атиб улгуради. Бунга эришиш учун илмнинг ўзини, гапириш илмини, қаерда қандай гапириш кераклиги билан боғлиқ илмни ҳам ўрганиш лозим.