Facebook ижтимоий тармоғи ва Kompromatuz Telegram-каналида тарқатилган билдириш юзасидан
2018 йил 28 май куни даъвогар “Голден Войс Самарқанд” МЧЖнинг жавобгар С. Коваленкога нисбатан уй-жойдан кўчириш ва бузиш тўғрисидаги даъво талаби билан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига мурожаат қилган.
***
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 11 июндаги биринчи суд мажлисида С. Коваленко иштирок этиб, қатнашганлиги тўғрисида тилхатга имзо қўйган ва ишнинг мазмунидан хабардор бўлган.
***
Судда савол-жавоб қилинганда, уй-жойини бузишга қаршилиги йўқлигини, фақат шаҳардан ўзлариникига ўхшаган ёки тенг даражадаги уй-жой олиб беришса ва етарли компенсация беришса рози бўлишини, акс ҳолда норози бўлишини билдирган. Иккинчи суд мажлиси 2018 йил 18 июнда ўтказилиб, бундан хабардор бўлган С. Коваленко хабардор бўлган номаълум сабабларга кўра келмаган.
***
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 18 июндаги ҳал қилув қарорига асосан даъвогар “Голден Войс Самарқанд” МЧЖнинг жавобгар С. Коваленкога нисбатан уй-жойдан кўчириш ва бузиш тўғрисидаги даъво талаблари қаноатлантирилган.
***
Маълум бўлишича, 2018 йилда амалда бўлган Фуқаролик процессуал кодексининг 371-моддасига мувофиқ ҳал қилув қарорини нусхаси 2018 йил 9 июль куни, яъни ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан сўнг даъвогар вакили А. Гулямова, Мажбурий ижро бюросига ва тарафларга тақдим этиш учун берилган.
***
2022 йил 20 апрель куни “Голден Войс Самарқанд” МЧЖ фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига С. Коваленкога нисбатан уй-жойдан кўчириш ва бузиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича ҳал қилув қарорининг ижрога қаратиш муддатини тиклаш ҳақида 01/09-сонли хат билан ариза бериб, қурилиш ишлари тўхтаб турганлиги сабабли қарорни вақтида мажбурий ижрога топширмаганлигини баён қилган.
***
2022 йил 27 апрель куни бўлиб ўтган суд мажлисида даъвогар “Голден Войс Самарқанд” МЧЖ директори А. Неъматуллаев ўз кўрсатмасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 июлда Самарқанд вилояти фаоллари билан ўтказилган 30-сонли мажлис баёни ҳамда пандемия сабаб барча қурилиш ишлари тўхтатилганлиги, натижада даъвогар томонидан қурилиш ишларини амалга оширишнинг имконияти бўлмаганлиги, шу сабабли суд қарорини ижрога топшириш ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда тўхтаб қолганлигини инобатга олиб, ижро варақасини ижрога қаратиш муддатини ўтказилишини узрли, деб топишни сўраган.
***
Мазкур суд мажлисига чақирилган С. Коваленко судда иштирок этиб кўрсатма беришича, 2018 йилдаги суддан кейин уни ҳеч ким безовта қилмаган ва ўша уйда яшаб келган, 2022 йил март ойида Мажбурий ижро бюроси ходимлари келгач, уйи бузилишга тушганлигини билган.
***
Суднинг 2022 йил 27 апрелдаги ажримига асосан аризачининг мурожаати қаноатлантирилиб, ижро варақасини ижрога қаратиш муддати тикланган.
***
Жавобгар С. Коваленко томонидан ушбу суднинг ажримига нисбатан апелляция тартибида хусусий шикоят келтирилмаган бўлиб, суднинг 2018 йил 18 июндаги ҳал қилув қарорига нисбатан 2022 йил 7 май куни апелляция тартибида шикоят келтирилган.
***
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2022 йил 10 майдаги ажримига асосан келтирилган апелляция шикоятида давлат божи кам тўланганлиги, почта харажати тўланмаганлиги ва апелляция шикояти тарафлар сонига мутаносиб равишда берилмаганлиги сабабли ҳаракатсиз қолдирилиб, камчиликларни бартараф этиш учун жавобгарга 10 кун муддат берилган бўлсада, жавобгар кўрсатилган камчиликларни бартараф этмаганлиги боис, суднинг 2022 йил 20 майдаги ажримига асосан келтирилган апелляция шикояти қайтарилган.
***
Жавобгар С. Коваленко томонидан 2022 йил 27 декабрда такроран суднинг 2018 йил 18 июндаги ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция тартибида шикоят келтирилиб, шикоятида ўтказиб юборилган муддатни тиклаб, ижрони тўхтатишни сўраган.
***
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2022 йил 27 декабрдаги ажримига асосан апелляция шикояти бериш муддати тикланиб, фуқаролик иши апелляция инстанциясида кўрилгунига қадар суднинг ҳал қилув қарори ижроси тўхтатилган ҳамда апелляция шикояти Самарқанд вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриш 2023 йил 10 январ кунига тайинланган.
***
Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигига ушбу судлов ҳайъати томонидан мазкур фуқаролик ишини кўриб чиқиш якуни бўйича ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинади.