Қидирув:

Самарқанддаги маъмурий судлар 2022 йилда шаҳар, туман ҳокимларининг 137 та қарорини ҳақиқий эмас, деб топган

Умуман, ўтган йили маъмурий судларда ҳокимларнинг қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш билан боғлиқ 399 та иш кўрилган.

***

Йил давомида ҳокимликларга мажбурият юклаш билан боғлиқ 75 та иш кўрилиб, 28 та туман (шаҳар) ҳокимларининг ҳаракатлари қонунга хилоф, деб топилиб, мажбурият юклаш тўғрисида ҳал қилув қарорлари чиқарилган.

***

Шунингдек, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мансабдорларининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф, деб топиш билан боғлиқ 91 та иш кўрилган. 54 та иш бўйича мансабдорларнинг ҳаракати қонунга хилоф, деб топилиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланган.

***

Ўтган йили вилоят маъмурий суди томонидан 491 мурожаат кўриб чиқилган. Шундан 34 та мурожаат қаноатлантирилган, 2 таси рад қилинган, 443 та мурожаат бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилган ва 12 та мурожаат тегишлилиги бўйича юборилган.

2023 ЙИЛ СУД ИСЛОҲОТЛАРИ БИЛАН БОШЛАНДИ…….

«Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим».

Президент Шавкат Мирзиёев.

 

Сўнги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш, соҳани янада такомиллаштириш, судлар мустақиллигига эришиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
***

Суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштириш ва судларнинг чинакам мустақиллигига эришиш борасида амалга оширилаётган ишлар “Инсон қадри учун” ғояси асосида 2023 йилда ҳам давом этмоқда.

***

Жумладан, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январь куни “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон Фармони қабул қилинди.

***

Бу ҳужжатда суд тизимини кескин ислоҳ қилувчи ўзгаришлар мустаҳкамланган.

Мазкур Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимининг жадал ислоҳ қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолини одил судловга эришиш даражасини янада ошириш мақсадида 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳамда ушбу Стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури ҳам тасдиқланди.

***

 Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш қайд этилди.

***

Қолаверса, одимиздда турган долзарб вазифалардан яна бир масалага, яъни фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

***

Шунингдек, туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилмоқда. Бу тартиб амалга ошиши билан одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгайиб, аҳолининг оворагарчилигининг олди олинади.

***

Эндиликда биринчи инстанция судининг қарор ёки ҳукмидан норози тарафлар вилоят ва унга тенглаштирилган судларга апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, натижасидан ҳам қониқмаган тақдирда, адолат қарор топмади, деб ҳисобласа иш мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилади.

***

Яна бир муҳим ислоҳотлардан бири вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш, шунингдек, юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш ваколатини бериш белгиланмоқда.

***

Мазкур амалиётни жорий этилишидан кўзланган мақсад фуқаролар учун қабул қилинган суд қарорларини қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг қулай ва соддалаштирилган тартибини яратишдир.

***

Шунингдек, ушбу тартибни амалиётга жорий этиш орқали фуқароларнинг судларда ортиқча сарсон бўлишини олдини олиш билан бир қаторда, фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга эришилади.

СЎРОҚ ҚИЛИШНИНГ УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ

Жиноятларни тезкор ва тўла ошкор қилиш, айбдорларни жавобгарликка тортиш учун ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимларидан қонунда белгиланган тартибда ушбу шахсларнинг айбдорлигини исботлаш талаб қилинади. Дастлабки тергов ва суд терговидаги исботлаш жараёни ниҳоятда мураккаб иш бўлиб, у нафақат амалий кўникмаларни, балки назарий билимларни ҳам талаб қилади.

***

Сўроқ қилинувчининг кўрсатувлари рақамлар ёки хотирада сақланиши қийин бошқа маълумотларга тааллуқли бўлса, у сўроқ жараёнида ўзидаги ёки ишга қўшиб қўйилган ҳужжатлардан ёхуд бошқа ёзувлардан фойдаланиши мумкин. Суриштирувчи, терговчи ва суд сўроқ қилинувчидан сўроқ қилиш жараёнида у фойдаланаётган ҳужжатлар ва бошқа ёзувларни талаб қилиши, уларни кейин қайтариб бериши ёки ишга қўшиб қўйиши мумкин.

***

Сўроқ қилинувчи томонидан ҳозирги ва илгариги сўроқларда берилган кўрсатувлар ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар бўлса, сўроқ қилинувчи судда кўрсатув беришдан бош тортса, иш сўроқ қилинувчининг иштирокисиз кўриб чиқилаётганда унинг кўрсатувлари ўқиб эшиттирилиши мумкин.

***

Сўроқнинг умумий давом этиш вақти бир кунда саккиз соатдан ошмаслиги лозим. Дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган бир соат танаффус бу ҳисобга кирмайди.

***

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 11-бобида гумон қилинувчини ва айбланувчини сўроқ қилиш қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра, суриштирув ва дастлабки тергов ўтказиш жараёнида гумон қилинувчи, айбланувчи ушланган, сўроқ қилиш учун чақирилган, қамоққа олинган ёки мажбурий келтирилгандан кейин дарҳол ёки йигирма тўрт соатдан кечиктирмай, сўроқ қилиниши керак.

***

Гумон қилинувчининг у содир этган жиноят ҳақидаги кўрсатувлари ва айбланувчининг ўз айбига иқрор бўлиши, бу иқрор бўлиш мавжуд далиллар мажмуи билан тасдиқланган тақдирдагина, уни айблаш учун асос қилиб олиниши мумкин.

***

Гумон қилинувчи ва айбланувчининг берган кўрсатувлари билан аниқланган ҳолатлар, айбланувчи ўз айбига иқрор бўлган тақдирда ҳам, ўзининг айбдор эканлигини инкор қилган тақдирда ҳам ишнинг ҳамма ҳолатлари билан боғланган ҳолда бошқа далиллар каби текшириб чиқилиши ва баҳоланиши лозим.

***

Жиноят-процессуал кодексининг 12-бобига кўра, гувоҳ ва жабрланувчини сўроқ қилиш тартиби юқорида қайд этилган умумий қоидаларга, шунингдек мавжуд тартибларга риоя қилган ҳолда олиб борилади.

***

Хусусан, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг яқин қариндошлари гумон қилинувчига, айбланувчига тааллуқли ҳолатлар ҳақида гувоҳ ёки жабрланувчи тариқасида фақат ўзларининг розиликлари билан сўроқ қилинишлари мумкин.

Ўзбекистон “Коррупцияни қабул қилиш индекси”да юқорилади

«Transparency International» халқаро ташкилотининг “Коррупцияни қабул қилиш индекси”да Ўзбекистон 2022 йил натижаларига кўра, 180 та давлат орасида 126-ўринни эгаллади.

***

«Бундай ўсиш қайд этилаётгани албатта юртимизда коррупцияга қарши курашиш йўналишида қилинаётган ишларнинг ижобий самарасидир.

***

Шу билан бирга, ушбу рейтингдаги ўрнимизни яхшилаш ва умуман, жамиятда коррупцияни йўқ қилиш учун лоббизм, монополия ва манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш, непотизм, ноқонуний бойлик орттириш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ҳамда фаворитизм каби иллатларни бартараф қилиш ишларини тезлаштиришимиз талаб этилади», деб ёзган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов.

***

Маълумот учун: 2021 йилда 140-ўринда эди, 2020 йилда 146, 2019 йилда эса 153-ўринда.

МА’РИФАТ СОАТИ МА’РИФАТГА БОЙ БЎЛДИ

Ҳар ҳафтанинг жума куни эрталаб вилоят суди тизимида Ма’рифат соати ўтказилади. Унда ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги янгиликлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бугунги жараёни ҳақида ма’рузалар тингланади. Шунингдек, таниқли олимлар, ижодкорлар, сиёсатчилар, турли соҳа вакиллари таклиф этилиб давра суҳбатлари ташкил этилади. Ма’рифат соатининг чин ма’нода ма’рифатли, ма’навиятга бой, самарали бўлишига э’тибор қаратилади.

***

Навбатдаги Ма’рифат соати Муҳтарам Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобининг мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланди. Ма’рифат соатида вилоят судининг барча судя ва суд ходимлари, шунингдек туманларо, туман ва шаҳар судлари судя ва суд ходимлари видеоконференсалоқа орқали иштирок этишди.

***

 

Тадбирда Самарқанд Давлат университети профессори Фарҳод Набиев ва Самарқанд вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси Самарқанд бўлими раиси, шоир ва ёзувчи, публицист Хуршид Нуруллаев иштирок этди.

***

Профессор Ф. Набиев “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобининг мазмун-моҳияти, аҳамияти, долзарблиги ҳақида мисоллар билан тушунча берди. Китобнинг бош мезони бўлган халқни рози қилиш, адолат тушунчаси, одил судловни таминлашда демократиянинг ўрни мавзуида қизиқарли маруза қилди.

***

Хуршид Нуруллаев жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти, ҳар ким ўз ҳуқуқлари билан бирга бурчларини ҳам билиши лозимлиги, жамиятда ҳуқуқий савиянинг оширишда эса тарғиботнинг аҳамияти беқиёслиги ҳақида ма’руза қилди. Ҳуқуқий тарғибот самарали бўлишида суд органларининг имкониятлари катта, ҳар суд мажлиси, фуқаролар билан учрашувларда судялар амалиётчи сифатида мисоллар билан ҳуқуқий тушунтириш бериб борса, натижа албатта бўлади. Ҳар иккала ма’руза расмийликдан йироқ, оддий ва самимий тарзда бўлганлиги учун тадбир фикр-мулоҳазалар ва савол-жавобларга бой бўлди.

***

Шоир, ёзувчи, публицист Хуршид Нуруллаев тадбир сўнгида вилоят суди кутубхонасига ўзининг янги чиққан китобини дастхат ёзиб тақдим этди.

***

Иштирокчилар бу галги Ма’рифат соати сермазмун самарали бўлиб, бир олам таассуротлар олганликлари учун меҳмонларга раҳматлар айтишди.

ЯНГИ ЙИЛ ЎТДИ БИРОҚ…

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судиниг судьяси Зарифа Ахмедова томонидан 2023 йил 25 январь куни фуқаро Қ.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 185-1-моддаси 1-қисми (Пиротехника буюмларини қонунга хилоф муомаси) билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб ҳуқуқбузарга нисбатан базавий хисоблаш миқдорининг беш баравари яъни 1.500.000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланиб, ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинди.

ДУНЁ АҲОЛИСИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ВА БУНДА ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЎРНИ

Дунё аҳолиси сонининг ўсиш сурʼати секинлашмоқда. БМТ маʼлумотларига кўра, 2022-йил 15-ноябр ҳолатига ер юзидаги жами аҳоли сони 8 млрд 34 млн кишини ташкил этган. Бу маʼлум даражада аҳолининг кўпаяётганлигидан далолат бериб турибди. Аммо аҳоли сонининг йиллик кўпайиши даражаси камаймоқда. Буни қуйидаги маʼлумотлардан ҳам кўриш мумкин:

▪️2017-йилда – 86 млн. кишига кўпайган.

▪️2018-йилда – 84 млн. кишига кўпайган.

▪️2019-йилда – 81 млн. кишига кўпайган.

▪️2020-йилда – 76 млн. кишига кўпайган.

▪️2021-йилда – 68 млн. кишига кўпайган .

2017-йилга нисбатан аҳолининг кўпайиши 79,1 %ни (68*100/86) ташкил қилади.

***

Айрим мамлакатларда аҳоли ўзгаришининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бир қанча мамлакатларда аҳолининг сони камайиб бормоқда. Масалан, Италияда туғруқхоналар ёпиляпти; жануби-шарқий Хитойда арвоҳ шаҳарлар пайдо бўлмоқда; Жанубий Кореяда университетлар талаба топишга қийналяпти; Германияда эса юз минглаб уйлар бузилиб, ўрнига парклар қурилган, деб ёзмоқда “Ню-Ёрк Таймс” газетаси. Чунки бу давлатларда аҳоли сони камайиб бормоқда.

***

Дунёда рўй бераётганидек, жуда кўп давлатларда аҳолининг ўсиш сурʼати секинлашган. Глобал демографик ўзгаришларни тахмин қилувчи моделларга кўра, аср ўрталарига бориб тарихда илк бор инсоният сони қисқаришга юз тутиши мумкин. 2100-йилда эса аҳоли сони бўйича Нигерия Хитойдан ўтиб кетади, деган тахминлар бор.

***

Аҳоли сонининг камайиб кетишига сабаб ривожланган мамлакатларда туғиш даражаси камайиб бормоқда. Жумладан, Жанубий Кореяда битта аёлга 0,92 та бола тўғри келмоқда. Яʼни, юзта аёл 92 та болани тарбиялаб вояга етказмоқда. Демак, ушбу давлат аёлларининг камида юздан саккизтаси умри давомида умуман туғмаяпти, дейиш ҳам мумкин. Мазкур мамлакатда 18 ёшлилар сони 1992-йилда 900 000 та бўлган бўлса, ҳозирда эса 500 000 та. Бу ана шу 30 йил давомида 45 фоиз камайиш рўй берганлигини кўрсатиб турибди. Бу дунёда энг паст кўрсаткичлардан бири.

***

Бундай ҳолат бошқа мамлакатларда ҳам рўй бермоқда. Масалан, Италияда ҳам бу борада аҳвол анча оғир экан. Мазкур мамлакатдаги Капракотта шаҳарчасида 18-асрда қурилган бир кўҳна бино пештоқига “Болалар боғчаси” деб ёзиб қўйилган экан. Чунки ҳақиқатда бу ер бир пайтлар ёш болалар мактаби бўлган. Ҳозир эса ундан қариялар уйи сифатида фойдаланилмоқда экан. 5000 киши яшаган ушбу шаҳарчада ҳозир бор-йўги 800 нафар одам истиқомат қилмоқда экан. Уларнинг аксарияти кексалардан иборат.

***

Яна бир тахмин. Хитойнинг аҳолиси бугунги кунда қарийб 1,5 миллиард кишини ташкил қилади. Агар аҳвол шундай сақланиб қолса ушбу давлат аҳолиси аср охирига бориб 730 миллионга тушиши кутилмоқда экан. Хеган шаҳрида 55 кв. метрлик бир хонали квартирани $3000 га сотиб олиш мумкин экан. Чунки аҳолининг камайиб бораётганлиги туфайли квартира сотиб олиб яшайдиган одамлар ҳам камайиб бормоқда экан.

***

Ўзбекистон учун аҳолининг ўсиш сурʼати дунё давлатлари билан қиёслаганда, унчалик хавотирли эмас. Чунки бугунги кунда туғилиш сурʼати унчалик паст эмас. Аҳоли демографик жиҳатдан жуда ёш. Статистик маʼлумотлар бўйича жами аҳолининг 34 фоизини 14 ёшга тўлмаганлар ташкил этади. Мамлакатимизда бугунги кунда ҳар бир аёлга 2,42 та бола тўғри келмоқда. Демак, ҳар 100 та аёл ўзидан 242 та фарзанд қолдирмоқда. Бу, албатта, дунё мамлакатларига нисбатан яхши кўрсаткич. Аммо ўзимизнинг тарихимизга нисбатан анча камайиши кузатилмоқда. 2000-йилда ҳар бир аёлга 3,5-4,0 та фарзанд тўғри келмоқда эди. Агар бир аёл учун тўғри келадиган кўрсаткич 2 дан пастга тушса, бу биз учун ҳам огоҳлантирувчи сигналдир. Бундай ҳолатда аҳолининг ўсиши рўй бермаслиги тайин.

***

Ҳар бир аёл иккита фарзанд туққан тақдирда аҳолининг камаймаслиги таʼминланади, аммо аҳолининг кўпайиши рўй бермайди. Ушбу ҳолатда, иккита фарзанд иккита ота-онанинг ўрнини эгаллайди. Аҳолининг сони кўпайиши учун ҳар бир она учинчи фарзандини дунёга келтириши лозим. Шундагина аҳолининг кўпайиши рўй беради. БМТ ҳисобига кўра, бир аёлга 2,1 та бола тўғри келгандагина аҳоли ўсиши юз беради . Мамлакатда ўлим даражаси юқори бўлса, туғруқлар сони бундан ҳам баланд бўлиши керак.

***

Маʼлумки, бугунги кунда иқтисодиётдаги исталган муаммога ечим топиш мумкин, лекин демографик муаммога, яʼни кексаяётган аҳолини ёшартириш масаласига ечим топиш деярли имконсиз эканлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Хитойда аҳоли сонини мувозанатда ушлаб туриш учун узоқ йиллар оилада биттадан ортиқ фарзанд кўриш тақиқланган эди. Ҳозир бу сиёсатдан воз кечилди, аммо энди кеч. Чунки Хитой аҳолиси тез кексайишига сабаб, ёшлар фарзанд кўришни хоҳламётган экан. Бу ўз навбатида, янги авлоднинг шаклланишига тўсиқ бўлмоқда. Агар шу аҳвол сақланиб қолса, ҳақиқатда ушбу мамлакатда аҳолининг кескин камайиши рўй беради.

***

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда аҳолининг камайишига йўл қўймаслик учун 3 нафар бола туғиб тарбиялаган аёлларни (оналарни) рағбатлантириш лозим. Ҳар бир давлатда аҳолининг кўпайишини ушбу давлатнинг келажагини белгилайди. Мазкур давлатнинг бойликлари асраб-авайланиб, янада кўпайтириш имконияти яратилади. Миллат ўзининг яхлитлигини сақлаб қолади. Бундан келиб чиқиб, кўп болалик оналарни уй бекаси эмас, мамлакатимизга инсон капиталини етказиб берадиган иш билан банд шахс сифатида, уларни ишсиз санамасдан, уларга тўғри муносабатда бўлиб, ҳар ойда болалар сонига қараб ойлик маʼош тўлаб бориши лозим бўлади.

Сўнгги пушаймон, ўзингга душман

Ҳар қандай давлат ва қайси соҳа бўлмасин уларда инсон манфаатларини, айниқса, шахсий, моддий ва бошқа манфаатларни кўзлаш натижасида нафақат бир инсон, балки бутун жамиятнинг жар ёқасига бориб қолиши ҳеч гап эмас.

***

ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

***


Маʼлум бўлишича, 2000-й.т., Самарқанд шаҳрида вақтинчалик яшовчи фуқаро – Б.Ж. маҳаллий фуқарога ўзининг Соғлиқни Сақлаш Вазирлигида ишловчи танишлари орқали Самарқанд давлат тиббиёт университетининг “Стоматология” факултетига ўқишга киритишни ваʼда қилиб, эвазига 15.000 (ўн беш минг) АҚШ доллари талаб қилган.

***

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Б.Ж. маҳаллий фуқародан сўралган пулнинг 5.000 (беш минг) АҚШ долларини олаётган вақтида, ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

***


Ҳозирда ҳолат юзасидан фуқаро Б.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатиш режалаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

***

Охири ўйланмасдан, фақат нафс ва манфаат йўлида кўр-кўрона ташланган қадамнинг эса охири яхшилик билан тугамаслиги турган гап.

Инсоннинг асл мақсади бахтли бўлишдир.

Парвардигоримиз барча жонзотлар ичида инсонни ақлли қилиб яратганлигининг ўзи, унинг бахтидир. Ҳақиқий бахтни бу фоний дунёда ҳис қилиб яшаш ва охиратга ҳам захира қиламан деган инсон шу ақлни тўғри ишлата олишлигидан далолатдир. Бунинг учун у ўз ақлини, куч ва барча имкониятларини инсоний фазилатларни номоён қилишга ишлатиши лозим.

***

Биринчи галда инсон бахтли бўлиши учун унда мустаҳкам иймон, соғлом эʼтиқод шаклланган бўлиши лозим. Яʼни у Аллоҳнинг азалий мавжудлигига ва абадий бўлишилигига, еру-осмонни яратувчи ҳам, йўқ қилувчи ҳам ўзи эканлигига ишонган, иймон келтирган бўлишлиги лозим. Инсон ўлганидан кейин албатта тирилиши, жаҳаннам ва жаннат ҳам мавжудлиги, жаннатга тушуш учун нима қилиш лозимлигини билган ва шунга амал қилган одам ҳақиқий бахтлидир.

Инсонга ақл билан бирга нафс ҳам бериб қўйилган. Ўз нафсини ўзи жиловлай олмаса, ҳеч ким ташқаридан туриб ёрдам бера олмайди.

***

 Бунга эришиш учун инсонда инсоф ва виждон ҳукумрон бўлиши керак. Инсофли одам борига, Аллоҳнинг берганига қаноат қилиб яшайдиган бўлади. Виждонли киши эса ўз манфаатини устун қўйиб, нима бўлса ҳам шунга эришиш йўлини қидириб, нотўғри йўллар билан ҳам, бировларга хиёнат қилиш орқали бўлсада эришишни мақсад қилиб шундай ҳаракат қилдан қайтарадиган туйғу соҳибидир. Бундай одам хотиржам бўлади. Бахтнинг энг катта белгиси хотиржамликдир.

***

Яратган Парвардигор инсонга умр деган неʼматни берган. Бу даврни яхшилик, эзгу амаллар ва савобли ишлар билан ўтказиши лозим бўлади. Шундагина инсон чинакам бахтга эришган бўлади. Бундай фазилатли кишилар ҳам хотиржам, демак бахтли бўлади.

***

Ҳар бир инсоннинг фаолиятида адолат ва холислик ҳукумрон бўлса ҳам инсон бахтли бўлади. Шу иккита фазилат одамлар ўртасида ҳам Аллоҳнинг олдида ҳам адолатли баҳоланади. Инсон адолат билан иш туца адолатга эришар экан. Адолатли одам ҳам хотиржам бўлади. Бу ҳам бахтли дегани

***

Инсонни бахтли қиладиган фазилатлардан яна бирлари, адолат ва холисликни тараннум этадиган одатлар мажмуидан иборат ростгўйлик ва тўғриликдир. Ростгўй ва тўғри одамнинг характери ҳам бахтли яшаш учун муҳим омил бўлиб ҳисобланади.

***

Агар инсонда меҳр-муҳаббат ва раҳмдиллик кучли бўлса, уни Аллоҳ бахтли қилиб яратганлигини белгиси шу. Шу икки фазилат ҳам инсонлар ўртасида ардоқланади. Аллоҳ ҳам бандаларига шу фазилатларга амал қилиб яшашга ундаган. Аллоҳнинг айтганини қилган одамлардан бахтли одам борми бу дунёда.

***

Бахтли яшашнинг яна бир мезонларидан бири ҳалоллик, поклик ва озодаликдан иборатдир. Бундай инсоний фазилат эгалари ҳам бировга озор бермайди, бегоналар ҳақига хиёнат қилмайди. Озодалик деганда нафақат уст-бошини, балки қалбини ҳам пон озода тутади. Бировга ҳасад қилмайди. Бундайлар айнан бахт сохибларидир.

***

Бахтли инсонлардан яна бири ўзида мардлик жўш уриб турган, ғайрат-шижоат ҳам унда мужассам бўлган одамлардир. Номардлар арзимаган нарсалар учун сотқин бўлади. Агар унда ғайрат-шижоати етишмаса қўрқон бўлади. Бундайлар ўзини ҳеч маҳал бахтли ҳис қила олмайди. Чунки бундайлар бахтли бўла олмайди ҳам.

***

Инсонлар бахтли бўлиши учун дунёни тушуниб яшашлиги лозим. Бунинг учун илмли ва маʼрифатли бўлишликни тақозо қилади. Бунга одам шунчаки орзу-ҳавас билан эришиб қолмайди. Унда меҳнацеварлик фазилати ҳам кучли бўлишликни тақозо қилади. Инсон бахтли бўлиши учун вақтини, кучини, меҳнатини турли ғирром ишларга эмас, балки илм-маʼрифатга, инсонийликнинг улуғланишига йўналтиришнинг ўзи икки дунё саодати дегани. Бундай саодат соҳиблари бахтлидир.

***

Инсон фазилатида одоб-ахлоқ устун бўлиб, ўзида ҳаё, ибо, иффат мужассам бўлса, бундайларнинг бахтини тортиб ҳам олиш қийин. Бундай инсонларга ҳасад эмас, ҳавас қилиб яшасангиз, бу фазилатларни ўзингизда ҳам мужассам эта олсангиз Сиз ҳам бахтли бўласиз биродар.

***

Инсонни бахтли қиладиган фазилатлардан яна бири шукроналикдир. Бундай фазилат соҳиблари бори билан қаноатланиб яшайди. Бундайларда сабр-тоқат деган фазилат ҳам кучли бўлади. Агар инсон сабирли бўлса, ундан бахтли одам бўлмайди. Чунки сабирли одам изтироб, пушаймон деган тушунчалардан йироқ бўлади. Борига тақот ва шукур қилиб яшайди. Ҳаётда кўриб келмоқдамиз, бундайларда камчилиги ҳам бўлмайди. Ҳамиша хотиржам, демак бахтли инсон бу.

***

Инсонни бахтли қиладиган фазилатлардан яна навбатдагилари камтарлик ва камгаплик ҳам бор. Бундай фазилат соҳибларида кибр, мағрурлик, мақтаниш, ўзидан ғурурланиш, ман-манлик деган салбий ҳолатлар бўлмайди. Камтар одам ўзини ҳеч маҳал бировдан устун қўймайди. Ўзини устун ҳисобамаганлар одатда камгап ҳам бўлади. Бундайлар ўз бахтини ўзлари ҳис қилиб яшайдилар.

***

Инсондаги фазилатлардан одамийлик, инсонпарварлик ҳам бахтли бўлишнинг калити ҳисобланади. Бировларга бефарқ бўлмаслик, агар бир кишида кўмакка муҳтожликни сезиб қолса, дарҳол ёрдам қўлини чўзиш, унга имкони борича эʼтиборли бўлиш – бу Яратганнинг даʼватларидан. Шундай Аллоҳнинг буюрганини қилиб юрган одамнинг бахти Яратганнинг ўзининг қўлида. Бундай фазилат эгаларини икки дунёда ҳам саодатли бўлишига катта имконият.

***

Бахтли бўлишнинг яна бир йўли тилни тийиш, ўзининг, оиласининг, дўстларининг сирларини сақлаш билан боғлиқ экан. Кўп гапирган одам гапирадган гапи тугугандан кейин албатта ўзининг ва ўзига яқинларининг сирини ҳам гапириб фош қилиб юборади. Сирнинг ошкор бўлиши сири очилганлар учун ҳам сирни очганлар учун ҳам яхшилик оломати эмас, уларни яхшиликка олиб келмайди. Бахтли бўлиши учун энг қулай одат ўзининг тилини тийиб, оиласининг, дўстларининг сирларини сақлагани маʼқул.

Skip to content