Нега бизда никоҳ шартномаси тузишга эътибор суст?

Никоҳ шартномаси Оила кодекси қабул қилинган 1998 йилда пайдо бўлди. Тўғри, чет элда, масалан, Германияда уни туза бошлаганларига 100 йилдан ошди. Лекин ўтган 24 йил ичида никоҳ шартномасига муносабат қонун талаби даражасида эмас.

Бизда никоҳ шартномаси билан боғлиқ миллий қонун ҳужжатлари баъзи хорижий мамлакатларнинг оилавий-мулкий ҳуқуқидан фарқ қилиб, никоҳ шартномаси билан фақат эр ва хотиннинг мулкий муносабатларини тартибга солишга рухсат беради. Никоҳ шартномасининг предмети кўчмас мулк (квартиралар, уйлар, ер участкалари ва бошқалар), машиналар, мотоцикллар, пул маблағлари, бошқа мол-мулк бўлиши мумкин.

Бироқ никоҳ шартномасида «хотиннинг ойда айни қанча овқат тайёрлаши» шарти ёки бошқа шахсий мажбуриятлар қанча бўлиши кераклигини назарда тутиш мумкин эмас. Шунингдек, никоҳ шартномасида болаларга нисбатан алимент тўлаш мажбуриятини ҳам белгилаб бўлмайди. Никоҳ шартномаси эрга (ёки хотинга) иккинчи тарафнинг эрки, иродаси, хоҳишини, яъни Фуқаролик кодексида шахсий номулкий муносабатларга киритилган барча нарсаларни чеклаш ҳуқуқини бермайди. Масалан, судга мурожаатда эр-хотиннинг ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилмайди. Шунингдек, оила аъзосини ишдан кетишга ёки олий ўқув юртига киришга мажбурлаб бўлмайди. Агар бундай шартлар никоҳ шартномасига киритилса, уни ушбу қисмида ҳақиқий эмас деб топиш мумкин.

Никоҳ шартномасини тузаркан, эр ва хотин биргаликда, умумий мулкнинг қонунда белгиланган тартибини ўзгартиришга, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақлидир. Яъни, улар никоҳ даврида қўлга киритган барча нарса энди ўртасидан бўлинмайди (қонунга кўра), уларнинг ҳар бирига мол-мулкнинг шартнома билан белгиланган қисми тегишли бўлади.

Масалан, агар тўйдан кейин эр-хотин биргаликдаги пулга квартира сотиб олган бўлса, никоҳ шартномасисиз ажрашишда эр-хотиннинг ҳар бирига ушбу квартирада 1/2 улушдан тегишли бўлади. Агар никоҳ шартномаси тузилган бўлса, ажрашиш ва биргаликда йиғилган мол-мулкни бўлишда судья унинг қоидаларига таянади. Шартномада эр-хотиннинг келишувига қараб квартира ажрашилгандан кейин эр ёки хотиннинг мулкига ўтади ёки умуман сотилиши керак деб қайд этилиши мумкин.

Биргаликдаги умумий мулк режими бир ёки бир нечта буюмга нисбатан белгиланиши мумкин. Бунда уни эр-хотиннинг мол-мулки қонуний режим доирасида биргаликдаги мулкка келиб тушмайдиган нарсаларга нисбатангина қўллаган маъқул.

Никоҳ шартномаси ўз табиатига кўра фуқаролик-ҳуқуқий шартномадир. У билан боғлиқ масалалар Оила кодекси меъёрлари билан тартибга солинади, бироқ айни вақтда унга нисбатан Фуқаролик кодексининг шартномалар тўғрисидаги қоидалари қўлланади. Бундай шартнома, башарти у иккала тарафнинг розилиги билан, эр-хотиннинг иккови шахсан ҳозирлигида тузилган ва нотариал тасдиқланган бўлса, кучга кирган деб эътироф этилади. Никоҳ шартномасининг ўзига хослиги яна шундан иборатки, у албатта нотариал тасдиқланиши керак. Ушбу амалсиз шартнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва, бинобарин, ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни туғдирмайди.

Шартнома анча қатъий шартларни назарда тутади ва уларни бажаришдан бир томонлама тартибда воз кечиб бўлмайди. Бироқ, агар эр-хотиннинг иккови шартнома бандларини ўзгартиришни хоҳласа, уни қайта ёзиш мумкин, бироқ нотариус яна уни албатта тасдиқлаши шарт.

Никоҳ шартномаси никоҳ бекор қилинган пайтдан бошлаб, унинг амал қилиш муддати тугагандан кейин (айтмоқчи, у муайян муддатга – 5-20-25 йилга, шунингдек номуайян муддатга тузилиши мумкин) ёки эр-хотиндан бирининг вафот этиши муносабати билан бекор қилинади. Бунда, агар никоҳ шартномаси никоҳ бекор қилиниши муносабати билан бекор қилинса, унинг айрим қоидалари ўз кучини сақлаб қолишда давом этиши мумкин. Масалан, шартномада белгиланган собиқ эр ёки хотинга қараш тўғрисидаги қоидалар ажрашгандан кейин ҳам амал қилади.

Кейинги вақтда никоҳ шартномаларини тузиш ҳоллари кўпаймоқда, бу эса аҳолининг фаровонлиги ва ҳуқуқий саводи ўсаётганидан дарак беради. У ажрашиш ҳолатида ёки бошқа низоли вазиятлар юзага келганда нафақат асабни сақлаш, балки салмоқли маблағни тежашда ҳам ёрдам беради.

ҒАРАЗЛИ ИХТИЛОФ

Ўтган йилнинг 28 апрель куни ярим кечаси Самарқанд шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг 6-сонли ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига икки аёл шошилган куйи кириб келди. Аёллардан бири айниқса, жуда ташвишли қиёфада, афтидан, у алланимадан қаттиқ қўрқувга тушган эди.

Ниҳоят, у бироз нафасини ростлаб олгач, ўзини Зоҳида Болиқулова (исм-шарифлар ўзгартирилди), ёнидаги аёлни онам, — дея таништирди: — Турмуш ўртоғим йўқолиб қолди, топишда ёрдам беринг­лар. Икки кундан буён ҳеч қаерда йўқ, қўнғироқ қилсам, телефони ўчирилган…

Бўлимнинг жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили З. Имомназаров З. Болиқуловадан турмуш ўртоғининг қаерга, нима мақсадда кетиши мумкинлиги, таниши кимлар экани, қандай муаммоси борлигини батафсил сў­раб олди.

— 26 апрель куни тобим қо­чиб қолгани туфайли соат йигирмаларда шифокорга учрашиб, таксида уйга қайт­дик, — деди З. Болиқулова. — Йўлда эрим Бекзод исм­ли киши билан телефонда гаплашди. Улар Республика шошилинч тез тиббий ёр­дам илмий марказининг Самар­қанд филиали дарвозаси олдида учрашишга келишишди. Шундан сўнг эрим мени уйда қолдириб, таксида Бекзод билан учрашгани кетганди.

З. Болиқулованинг айтишича, у ўша тунда эрининг келишини кутиб ўтирган. Вақт алламаҳал бўлса-да, эри уйга қайт­маган. Қўнғироқ қилса, телефони ўчирилган.

Бўёғини сўрасангиз, З. Болиқулова ички ишлар идорасига келишидан олдин эри Бекзод деган кимса билан учрашишга ваъдалашган манзилга ҳам борганди. Унинг хавотирга тушганича бор экан, чунки ўша атрофдаги одамлардан сўраб-суриштирганида кимдир икки кун аввал соат йигирма бирларда бу жойда қандайдир жанжал, бақир-чақир содир бўлганини айтса, бошқа биров «тўрт киши бир бечорани уриб-тепкилаб, чалажон аҳволда машинага ортиб кетишди» деди.

Бу гап-сўзларни эшитиб, баттар ваҳимага тушган З. Болиқулова онаси билан бирга шоша-пиша ички ишлар идорасига йўл олганди.

Жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили З. Имомназаров З. Болиқулованинг амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказди.

Айни шу дамда кутилмаганда З. Болиқуловга кимдир қўнғироқ қилиб қолди. З. Болиқулова шоша-пиша телефон тугмачасини босди ва нариги тарафдан эрининг овози эшитилди: «Мендан хавотир ол­манг­лар, Тошкентдаман»…

— Қанақасига Тошкентда?! — дея бақириб юборди З. Болиқулова ўпкасини тўлганидан ўзини босолмай. — Кўрган одамлар айтишди, сизни калтаклаб, ўғирлаб кетишибди-ку?! Мен ҳозир ички ишлар идорасида ўтирибман…

Тезкор вакил З. Имомназаров ҳамкасби С. Жумақулов билан З. Болиқулованинг мурожаати юзасидан шаҳарнинг Ибн Сино номидаги кўчасига боришди. Республика шошилинч тез тиббий ёр­дам илмий марказининг Самар­қанд­ филиали биноси ёнида шахсий клиника ва «Хилтон» меҳмонхонаси жойлашган. Меҳмонхона биноси пештоқига кузатув камераси ўрнатилганди.

Кузатув камерасидан З. Болиқулова тилга олган сана ва соатдаги тасвирлар текшириб кўрилганда барчаси ойдинлашди…

Кузатув камерасидаги тасвирлардан кўринишича, ўша оқшом Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиали дарвозаси яқинига аввал оқ рангли «Спарк» русумли автомашина келиб тўхтайди. Ҳайдовчи ўриндиқдан тушмайди, у чамаси, кимнидир кутаётганга ўхшарди. Бироз нарироқда давлат рақамисиз «Малибу-1» русумли автомашина ҳам турганди. Орадан кўп ўтмай таксида Бойбек Мирзажонов етиб келади ва «Спарк» русумли автомашина эшигини очиб, ҳайдовчининг ёнига ўтиради.

Шундан сўнг «Малибу-1» ру­сумли автомашинасидан тўрт нафар шахс тушиб, улар томонга боришади. Улардан бири Бекзоднинг ёнида ўтирган Б. Мирзажоновни қўлидан силтаб тортганча пастга судраб туширади.

Шундан сўнг тўртовлон уни уриб, тепкилашга тушишади, улардан бирининг қўлида таёқ ҳам бор эди. Ҳалиги кимса шу таёқ билан Б. Мирзажоновни аямай уради. Сўнг улар чалажон аҳволга тушган Б. Мирзажоновни «Малибу-1» русумли автомашинанинг орқа ўриндиғига солиб, аллақаёққа олиб кетишади.

Тезкор ходимлар видеотасвирни дискка кўчириб, баённома тузишгач, ички ишлар бўлими раҳбарига ҳолат юзасидан ахборот беришди.

Айни дамда тезкор ходимлар олдида Бекзоднинг шахсини аниқлаш ва уни топиш вазифаси турарди. Агар Бекзод топилса, ҳаммаси осон кўчади, бу жиноят тезда очилиши аниқ эди.

Шундан сўнг тезкор ходимлар зудлик билан ишга киришди. Тез орада Бекзоднинг шахси аниқлангач, унинг қўл телефони рақамини топиш унчалик қийин бўлмади. Шундан сўнг ортиқча ваҳима уйғотмаслик мақсадида ундан ички ишлар бўлимига келиб-кетишни илтимос қилишди.

Аммо аввалига «хўп» дея ваъда берган Бекзоддан дарак бўлмади. Тезкор ходимлар қай­та-қайта қўнғироқ қилганда, у узоқ жойда эканини баҳона қилиб, келишни пайсалга солди. Аммо у охир-оқи­бат иложсиз эканини тушунди шекилли, ички ишлар бўлимига кириб келди.

Қувонарли томони шундаки, ички ишлар бўлимида тезкор ходимлар Бекзоддан тушунтириш хати олишаётган пайтда икки кун муқаддам зўравонлар томонидан аввал калтакланиб, сўнгра ўғирлаб кетилган ва ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиниб, тутқунликда сақлаб турилган Б. Мирзажонов ҳам жиноий гуруҳ қўлидан қутулишга муваффақ бўл­ганди.

Ҳар бир жиноий қилмиш замирида ға­разли мақсад ётади. Ушбу қилмишнинг рўй бериши ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Хўш, аслида қандай воқеа рўй берганди? Нега Б. Мирзажоновни аввал калтаклаб, сўнг ўғирлаб кетишди? Жиноятчиларнинг мақсад-муддаоси нима эди?

Жиноят ишида жабрланувчи сифатида эътироф этилган Б. Мирзажонов 2016 йилда хорижга ишга борганда, жиноят содир этиб, жиноий жавобгарликка тортилади. У жазони ўташ жараёнида самарқандлик «Амир» ва «Искандар» деган ки­шилардан Самарқанд шаҳрида яшайдиган жиноят оламида «Макар» лақаби билан танилган Машраб Жонқобилов ҳақида эшитиб қолади.

Шундан сўнг у М. Жонқобилов билан танишиш пайига тушади. Сўраб-суриштириб, М. Жонқобиловнинг телефон рақамини топади ва у билан гаплашишга муваффақ бўлади.

Б. Мирзажонов жазо муддатини ўтаб, Самарқандга қайтгач, М. Жонқобилов билан кўришади ва ундан моддий ёрдам сўрайди. М. Жонқобиловга жиноий қилмишларини амалга оширишда Б. Мирзажоновга ўхшаган дастёрлар жуда керак эди. Шу сабабли у Б. Мирзажоновни ўз гуруҳига қўшади ва унга жиноий топшириқлар беради.

М. Жонибеков Б. Мирзажонов ва бошқа шериклари билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2018-2020 йилларда терговда аниқлаш имкони бўл­маган яширин йўллар орқали гиёҳвандлик воситаси олди-сотдиси билан шуғулланиб келади. М. Жонқобилов жиноий тўданинг бошлиғи сифатида Б. Мирзажоновга агар қўл остида яхши ишласа, келгусида катта миқдорда пул маблағи ёки автомашина, уй ва савдо дўкони олиб беришни ваъда қилади.

Аммо охир-оқибат икки ўр­тада кучли ихтилоф келиб чиқади. Бунга жиноий тўда бошлиғи М. Жонқобиловнинг берган ваъдасининг устидан чиқмаётгани сабаб бўлади. Чун­ки катта миқдордаги пул ва мол-мулкдан умидвор Б. Мирзажонов М. Жонқобиловни ўзидан қарздор деб ҳисоблайди. Шунинг учун Б. Мирзажонов М. Жонқобиловдан қаттиқ ранжийди ва унинг жиноий топшириқларини бажаришдан бўйин товлай бошлайди.

Б. Мирзажонов тўнини тескари кийгани-ю, пул ва мол-мулк талаб қилаётгани жиноий тўда бошлиғи М. Жонқобиловга ёқмайди. Шу боис танишлари орқали Б. Мирзажоновни бир неча марта огоҳлантиради. Аммо Б. Мирзажонов унинг муроса-ю мадорадан иборат таклифига рози бўлмайди…

Шундан сўнг М. Жонқобилов танишлари Файзулла Нишонов, Бекзод Сайриддинов, Фахриддин Раҳимов, Баҳри Жумаев, Улаш Искандаров билан ўзаро жиноий тил бириктиради. Улар Б. Мирзажоновга жисмоний ва руҳий азоб бериш орқали қўрқитишни режалаштиришади.

Шу ўринда воқеа тафсилотларини баён этиш баробарида баъзи ҳолатларга ойдинлик киритиш лозим. Гап шундаки, Б. Мирзажонов калтакланиб, ўғирлаб кетишларидан уч-тўрт кун муқаддам Бекзодга «Мен М. Жонқобилов билан ўртамиздаги суҳбатларнинг барчасини ёзиб олганман, агар қарзимни бермаса, бу ёзувларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага топшираман», дейди. Шундан сўнг Бекзод Б. Мирзажоновни бу ниятидан қайтаришга уринади ва М. Жонқобиловдан пулни олиб беришга ваъда беради.

Ўша кун Б. Мирзажонов таксида кетаётганда Бекзодга М. Жонқобиловдан катта миқдордаги қарзини ҳа­ли ҳам олиб бер­маганини эслатганди.

Бекзод ўз навбатида, М. Жон­қобиловдан ҳозирча 1 минг АҚШ доллари олганини айтиб, уни олиб кетиш учун учрашувга чақирганди.

Воқеа давоми шундай кечади: Ф. Нишоновнинг бош­қа­рувидаги «Малибу-1» русумли автомашина орқа ўриндиғига Б. Мирзажоновни уриб-калтаклаб ўтқазишгач, Ф. Раҳимов билан Б. Жумаев унинг икки ёнидан жой олишади.

Улар Б. Мирзажоновни С. Азмиддиновга тегишли шаҳар четидаги ташландиқ ҳовлига олиб келишади. Бу ерда Ф. Нишонов, Ф. Раҳимов ва Б. Жумаев жабрланувчини яна аёвсиз калтаклашишади.

Орадан кўп ўтмай ҳовлига Б. Сайриддиновнинг «Спарк» русумли автомашинасида М. Жон­қобилов ва У. Искандаров етиб келишади.

Чалажон аҳволдаги Б. Мирзажоновни энди Ф. Нишонов, Б. Жумаев, Ф. Раҳимов ушлаб туришади, М. Жонқобилов эса, таёқ билан аёвсиз уради.

Рўй берган воқеалардан мутлақо бехабар С. Азмиддинов тасодифан ҳовлисидан хабар олгани келганида, бегона кимсаларга кўзи тушиб, уларга тезда бу ердан кетинглар, дейди.

Шундан сўнг Ф. Нишонов, Б. Жумаев ва Ф. Раҳимов Б. Мирзажоновни ўзларининг жиноий шериги У. Искандаровга тегишли, шу маҳаллада жойлашган чорвачилик фирмасига олиб бориб, яна дўппослашади.

Бироздан сўнг улар жабр­ланувчини яна С. Азмиддиновнинг ташландиқ ҳовлисига олиб келиб, қўл-оёғини боғлаб қўйишади.

Аслида жиноятчилар Б. Мирзажоновни жароҳатлари тузалгунга қадар тутқунликда сақлаб туриш ва шу йўл билан жиноий жавобгарликдан қутулиб қо­лишни режалаштиришганди. З. Бойқобилова онаси билан ички ишлар бўлимига ёр­дам сўраб борган пайтда улар Б. Мирзажоновни судланувчи Ф. Нишоновнинг рақами яширилган телефони орқали қўн­ғироқ қилиб, ўзининг Тошкент­да экани ҳақида ёлғон хабар беришга мажбур этишганди.

Эртаси куни Б. Мирзажонов  ўзини қўриқлаётган Ф. Нишоновга танасидаги жароҳатлар қаттиқ оғриқ бераётгани, шунинг учун шифохонага бормаса, бўлмаслигини айтади. Уни алдаб, таниш шифокорларига илтимос қилса, ички ишлар идорасига хабар қилмаслигига ишонтиради.

Шу тариқа Б. Мирзажонов Ф. Нишонов билан Самарқанд шаҳар темирйўл тизимига қа­рашли шифохонага боришади. Шифохонада Б. Мирзажонов тиббиёт ходимларидан ёрдам сўрайди. Натижада Ф. Нишоновнинг қўлидан қутулишга муваффақ бўлади.

Тергов ва суд жараёнида жиноят тафсилотлари тўлиқ ойдинлашди.

Жумладан, судланувчи Б. Сайриддиновнинг «Спарк» русумли автомашинаси кўздан кечирилганда 0,85 грамм «опий» гиёҳвандлик моддаси ҳам топилди. Б. Сайриддинов ушбу гиёҳвандлик моддасини ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда келгусида истеъмол учун сақлаб келаётгани аниқланди.

Маълумки, ҳаётда содир этилган ҳар қандай жиноий қилмишга жазо муқаррар. Бу гал ҳам шундай бўлди. Суд Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қароридаги «Озодликдан маҳрум қилиш жазо тариқасида оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларга, шу­нинг­дек, судланувчининг шахсини инобатга олган ҳолда ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир қилган шахсларга нисбатан, агар бундай шахс­ларни жа­мият­дан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатишнинг имкони бўл­маса, қўлланилади» деган раҳбарий тушунтиришларига тў­лиқ амал қилди.

Жиноят ишини очиқ суд маж­лисида кўриш жараёнида судланувчиларнинг жавобгарлигини енгиллаштирувчи ҳо­латлар, жабрланувчига етказилган зарарнинг бартараф қилингани, жиноятни содир этишдаги иштирокчилиги, хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига ҳу­қуқий баҳо берилди.

Жиноят кодексининг 7-моддасидаги «Жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқу­қий таъсир чораси қўлланилиши керак»лиги ҳақи­даги инсонпарварлик тамойилларига риоя қилинди. Судланувчиларни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш имконияти мавжуд эмас, деган қатъий тўхтамга келинди.

Суд судланувчи М. Жонқобиловни Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «и» банди, 28,137-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари ва 28,138-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда ту­тилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Судланувчи Б. Сайриддиновни Жи­ноят­ кодексининг 105-моддаси 2-қисми «и» банди, 137-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари, 28,138-моддаси 2-қисми «а» банди ва 276-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган деб ҳисоблади.

Шунингдек, судланувчилар Ф. Нишонов, Ф. Раҳимов, Б. Жумаев, У. Искандаров Жиноят­ кодексининг 105-моддаси 2-қисми «и» банди, 137-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари ва 138-моддаси 2-қисми «а» банд­ла­рида кўзда тутилган жиноятларни содир қилганликда айб­дор деб топилди. Суд М. Жон­қо­биловга нисбатан саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Судланувчи Ф. Нишонов етти йил олти ой, Б. Сайриддинов етти йил, Ф. Раҳимов ол­ти йил олти ой, Б. Жумаев ол­ти йил икки ой ва У. Искандаров олти йил умрини темир панжара ортида ўтказадиган бўлди.

Хотин-қизлар жиноятчилигига қарши биргаликда курашамиз

Бугун Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси мажлислар залида Самарқанд шаҳридаги мавжуд 215 та маҳалла фуқаролар йиғинлари хотин-қизлар фаоллари иштирокида сайёр учрашув ва қабул ўтказилди.

Самарқанд шаҳридаги мавжуд  тўртта сектор ходимлари, ички ишлар идоралари  профилактика инспекторлари ҳамда  вилоят судлари судьялари   иштирок этган йиғилишда хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар, ечимини кутаётган вазифалар ва галдаги режалар қизғин муҳокама этилди.

Йиғилишда жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг раиси Ориф Пардаев, жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьялари Отабек Набиев ва Ҳулкар Келдиярова, вилоят  Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бош мутаҳассиси Фароғат Шокирова ҳамда  Самарқанд шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Зебо Саидовалар  кун тартибидаги масалалар юзасидан маьруза қилишди.

Таъкидландики, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармасининг қўшма фармойишига асосан,   2022 йил   1 майдан – 1 июнга қадар вилоятда “Хотин-қизлар жиноятчилигига қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан ҳамкор ташкилотлар ходимларидан иборат гуруҳлар шакллантирилиб, оилада соғлом муҳитни барпо этиш, хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоялаш ҳамда  хотин-қизлар жиноятчилигига қарши биргаликда курашиш тадбирлари белгиланди.

Шунингдек, йиғилишда жамият тараққиётида хотин-қизлар иштирокини янада жонлантириш  , уларни муқим иш билан таъминлаш, “Хотин-қизлар баланси”ни шакллантириш юзасидан амалга ошириладиган тадбирлар ҳусусида келишиб олинди.

Самарқанд шаҳридаги «Деволи кўндаланг, «Чашма» ,»Сўғдиёна» ва»Боғдод»  маҳаллаларида  хотин-қизларни тизимли асосда ижтимоий ҳимоялаш, оила балансини шакллантириш, хотин-қизлар жиноятчилигига қарши курашиш борасидаги тадбирларни оммалаштириш юзасидан тавсия ва тушунчалар берилди.

Йиғилишда жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан қатнашчиларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарилди ва ҳуқуқий ёрдамга мухтож аёлларга судьялар томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Samarqand viloyatida X.Sulaymonova nomidagi Respublika sud ekspertizasi markazi direktori A.Xalilov ishtirokida Sayyor qabul bo’lib o’tdi

Sayyor qabul Samarqand shahri Bog’isaroy Mahalla fuqarolar yig’ini binosida tashkil etilib, qabulda fuqarolar  X.Sulaymonova nomidagi Respublika sud ekspertizasi markazi direktori, Samarqand viloyat sudi, Samarqand viloyat adliya boshqarmasi rahbariyati hamda huquqni muhofaza qiluvchi organlar vakillari tomonidan sayyor tartibda qabul qilindi

Muloqot davomida A.Xalilov tomonidan Markaz faoliyati va undagi imkoniyatlar, Markazda o’tkaziladigan ekspertiza turlari, Sud ekspertlik tizimiga oid yangi qabul qilingan normativ hujjatlar hamda Markazning Samarqand viloyati bo‘limi haqida tushuntirishlar berildi

Sayyor qabulda fuqarolarni qiynab kelayotgan muammolar va murojaatlar yuzasidan tegishli huquqiy maslahatlar berildi. Qabul davomida 50 ga yaqin fuqarolarning murojaatlari o’rganilib, huquqiy tushuntirishlar berildi. Aksariyat murojaatlar joyida hal etilib, alohida o‘rganish talab qiladigan murojaatlar tegishli tashkilotlar ish yurituviga olindi

Yangi qonun muhokamasi bo‘yicha seminar

Samarqand viloyat sudi iqtisodiy sudlov hay’ati tomonidan, Davlat Aktivlarini boshqarish agentligi Samarqand viloyat hududiy boshqarmasi va Samarqand viloyat Davlat Soliq boshqarmasi bilan hamkorlikda “To‘lovga qobiliyatsiz deb topilgan korxonalarni tugatish jarayonining o‘ziga xos xususiyatlari, amaliyotdagi muammolar va ularning yechimlari” mavzusida seminar o‘tkazildi

Seminarda, viloyat sudining iqtisodiy ishlar bo‘yicha sudlov hay’ati sudyalari, tumanlararo va shahar iqtisodiy sudi sudyalari, Davlat Aktivlarini boshqarish agentligi viloyat hududiy boshqarmasi hamda viloyat Davlat Soliq boshqarmasi xodimlari va viloyat hududida faoliyat olib boruvchi sud (tugatish) boshqaruvchilari ishtirok etdi.

Viloyat sudi raisining o‘rinbosari Sh.Mamadiyarov seminar ishtirokchilariga, O‘zbekiston Respublikasining “To‘lovga qobiliyatsizlik to‘g‘risida”gi Qonunning mazmun mohiyati haqida qisqacha to‘xtalib o‘tdi. Shuningdek sudning qaroriga asosan to‘lovga qobiliyatsiz deb topilgan va o‘ziga nisbatan tugatishga doir ish yuritish yoki mol-mulkini sotish tartib-taomili qo‘llaniladigan qarzdor korxonalarga nisbatan qo‘llaniladigan tartib-taomillarin qo‘llashda alohida ahamiyat kasb etgan holatlar va tugatish jarayonining o‘ziga xos xususiyatlariga e’tibor qaratish lozimligini ta’kidlab, tugatishga doir ish yuritish jarayonida qonunda belgilangan muddatlar buzilishiga yo‘l qo‘yilgan har bir holat bo‘yicha tahlil qilindi.

Bundan tashqari, muhokamada “To‘lovga qobiliyatsizlik to‘g‘risida”gi Qonunni qo‘llash bilan bog‘liq dolzarb masalalar bo‘yicha fikr almashilib, yuzaga kelgan muammolarni hal etish, tugatishga doir ish yuritilayotgan bankrot korxonalarni tugatish ishlarini jadallashtirish, bu borada sud (tugatish) boshqaruvchilarining mas’uliyatini yanada oshirishga e’tibor qaratildi.

  Ushbu davra suhbati iqtisodiy nochor, zarar ko‘rib ishlayotgan hamda istiqbolsiz, to‘lovga qobiliyatsiz deb topilgan korxonalarni tugatishda sifatli va qonunda belgilangan muddatda olib borish, shuningdek tugatish jarayonida amaliyotdagi muammolar va ularning yechimlariga hamda kreditorlarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilishda muhim ahamiyat kasb etadi.

Самарқанд вилоятидаги судлар фаолияти таҳлили

Самарқанд вилоят судлари томонидан жорий йил биринчи чоракда одил судловни амалга ошириш, қонун устиворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти юзасидан брифинг ўтказилди.

Унда вилоят суди раиси Олим Ҳайитов ҳамда ўринбосарлари, вилоят маъмурий суди раиси Тоҳир Файзиев ҳисобот давридаги фаолият бўйича ахборот берди. О.Ҳайитовнинг қайд этишича, йилнинг дастлабки уч ойида вилоят, туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 1494 нафар шахсга нисбатан 1215 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Шундан 853 та иш бўйича 1105 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилди. 362 нафар шахсга нисбатан 389 та иш тугатилди. Кўриб тамомланган ишларда судланган шахсларнинг 139 нафарини аёллар (5 нафари муқаддам судланган) ҳамда 941 нафарини эркаклар (67 нафари муқаддам судланган) ташкил этади. Судланганларнинг 276 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 354 нафарига озодликни чеклаш, 350 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 80 нафар шахсга жарима жазоси тайинланди.

Шу билан бирга судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари бўйича 175 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинди. Вилоят судларининг барча инстанцияларида 3 та жиноят иши бўйича 3 нафар шахс оқланди. 346 та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан тугатилиб, 371 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинди. Жазони ижро этиш манзил колонияларидан 166 нафар шахс тайинланган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли ва жазо енгилроғига алмаштирилиб, қамоқдан озод қилинди. Вилоят судларига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида 344 нафар шахсга нисбатан илтимосномалар келиб тушган бўлиб, 343 таси қаноатлантирилган, 1 таси рад қилинган.

– Шуни афсус билан қайд этиш лозимки, йилнинг биринчи чораги давомида қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш билан судланганлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 нафарга, қасддан баданга енгил шикаст етказиш билан судланганлар 28 нафарга, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жинояти учун судланганлар 30 нафарга, шунингдек, фирибгарлик учун судланганган 87 нафарга ва ўғрилик қилганлар 22 нафарга кўпайди, – деди О.Ҳайитов. – Ушбу тоифадаги ишлар бўйича вилоят суди томонидан алоҳида режа ишлаб чиқилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ўтган даврда вилоят судининг апелляция инстанцияси судлов ҳайъатларида 236 нафар шахсга нисбатан 174 та ишлар кўрилиб, 159 нафар шахсга нисбатан 120 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, 58 нафар шахсга нисбатан 41 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган, 19 нафар шахсга нисбатан 13 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари бекор қилинган.

Самарқанд вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан 2022 йилнинг 1 январдан 31 мартга қадар бўлган даврида кўрилган маъмурий ишлари бўйича жами 12 миллиард 562 миллион 835 минг сўм жарима жазоси тайинланган. Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларнинг таҳлили шу кўрсатадики, айрим турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кескин ошган.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари биринчи инстанциясида 10408 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. Тамомлаган ишларнинг 283 таси меҳнат низолари билан, 3131 таси оила низолари, 660 таси уй-жой низолари билан боғлиқ бўлди. Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 1894 та фуқаролик ишларининг 1026 таси қаноатлантирилган, 695 та даъво рад этилган.

Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда шаҳар, туманлараро иқтисодий судлари томонидан 2 86 та иқтисодий ишлар мазмунан кўрилиб ҳал этилган. Жумладан, 1952 та даъво қаноатлантирилган бўлса, 138 та даъво рад қилинган, 37 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган, 59 та иш юритишдан тугатилган.

– Ҳисобот даврида вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлар томонидан оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 269 та маъмурий иш кўриб тамомланди, – деди Т.Файзиев. – Уларнинг 130 таси қаноатлантирилиб, 100 таси рад этилди. Жумладан, туман, шаҳар ҳокимликларининг қарорларини бекор қилиш билан боғлиқ 102 та иш кўрилиб, 51 та қарор ҳақиқий эмас, деб топилди. Шунингдек, 47 та иш бўйича туман, шаҳар ФҲДЁ бўлимлари мансабдор шахсларига мажбурият юклатиш тўғрисида ҳал қилув қарорлари чиқарилди. 14 та иш бўйича бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлимлари мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари қонунга хилоф деб, топилиб фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Брифингда судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, суд тизимида раҳбарлик лавозимларига тайинлашда сайланиш ва ҳисобдорлик каби демократик тамойилларни жорий этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди.

Korrupsiyaga qarshi kurashish – barchamizning vazifamiz

Sharof Rashidov nomidagi Samarqand davlat universitetining O‘zbekiston-Finlandiya pedagogika instituti faollar zalida Korrupsiyaga qarshi kurashish “Komplaens – nazorat tizimini boshqarish” bo’limi tomonidan 2022-yilda amalga oshiriladigan chora-tadirlar rejasiga asosan fuqarolik ishlari bo’yicha Samarqand shahar sudi raisi T.Usmonov va sudyasi F.Karimovlar bilan hamkorlikda fakultet dekanlari, dekan o’rinbosarlari, professor-o’qituvchilar, tyutorlar va talaba-yoshlar ishtirokida “Korrupsiyaga qarshi kurashish – barchamizning vazifamiz” hamda “Fuqarolik ishi sudlari qaysi toifadagi ishlarni ko’rib chiqadi” mavzusida davra suhbati bo’lib o’tdi

MAHKUMLAR JAZODAN MUDDATIDAN ILGARI SHARTLI OZOD ETILDI

Jinoyat ishlari bo‘yicha Samarqand tuman sudi tomonidan tumandagi Mirzo Ulug‘bek nomli MFY binosida sayyor sud majlisi o‘tkazdi. Sayyor sudda Samarqand tuman IIB Probatsiya guruhlari hisobida turgan bir guruh mahkumlarning jazosini muddatidan ilgari ozod etish masalasi ko‘rildi.

Hech kim onadan jinoyatchi bo‘lib tug‘ilmaydi. Shu bois bilib-bilmay, ehtiyotsizlik ortidan jinoyat sodir etgan shaxslarni to‘g‘ri yo‘lga boshlab, foydali mehnat bilan shug‘ullanishga jalb etish, mahkumlarni axloqan tuzatish, qonuniy manfaatlarini ta’minlash bugunning ustuvor vazifalaridan biri hisoblanadi.

Jinoyat qonunchiligida javobgarlikning muqarrarligini ta’minlash bilan birga, qonunga itoatkor mahkumlarga bir qator imtiyozlarni berish ham nazarda tutilgan. Ushbu normalarning amaliyotdagi real ijrosi sifatida IIB Probatsiya guruhi hisobida turgan belgilangan majburiyatlarni og‘ishmay bajargan, qat’iy tuzalish yo‘liga o‘tgan, tartib-intizomga rioya qilib ishonch qozongan 12 nafar mahkumlar jazodan O‘zbekiston Respublikasi JKning 73-moddasiga asosan shartli ozod etildi.

Ozodlikka chiqqan mahkumlar hayotini to‘g‘ri yo‘lga solishga va’da berishdi.

Жиноий қилмиши учун озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган 5 нафар фуқаро иши сайёр судда ижобий ҳал бўлди

Фуқаронинг муаммоли масаласи жойида ҳал этилишиодамларда қонунчиликка, судларга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда яхши амалиётдир. Шундан келиб чиқиб, Самарқанд вилоят суди раиси Олим Ҳайитов Пайариқ туманида фуқаролар билан учрашув, давра суҳбати ва сайёр қабул ўтказди

Тадбирда вилоят суди раисининг ўринбосарлари Толиб Бойзоқов, Зафар Аллабоев ҳамда Пайариқ тумани судлари судьялари ҳам иштирок этди.

Қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди.

Дастлаб, йиғилганлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда О.Ҳайитов йиғилганларга бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, қонунчиликдаги янгиликлар, давлатимизнинг бу соҳадаги одилона сиёсати ҳақида тушунча берди.

Шундан сўнг сайёр қабул ташкил этилди. Қабулда 30 га яқин мурожаатлар бўлди. Шундан қонунга мувофиқ келадиганлари ижобий ҳал қилинди ва қолганларига ҳуқуқий тушунтириш берилди

«Томойрот» маҳалласида яшовчи фуқаролар Россияда қамалиб қолган фарзандларининг жазосини Ўзбекистонда ўташига ёрдам сўрашди. Жиянбек қишлоғилик У.Маматқулова Россияда қамоқдан чиқиб қариндоши паспорти йўқлиги учун Ўзбекистонга келолмаётганини билдириб, Ўзбекистонга келишига ёрдам беришни сўради. Уларга тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди.   

Ражаб Шерназаров ва Абдунави Файзиев исми-шарифи икки хил бўлиб қолганлиги учун жуда кўп ноқулайликларга дуч келаётганини, шу масалага аниқлик киритиб беришни сўради. Уларга бу масалани фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ тумани суди ҳал этиши тушунтирилди. Шу ернинг ўзида мурожаатчилар ФИБ туман суд раиси Шуҳрат Турдиалиевга таништирилиб, хужжатларни қабул қилиб қонуний қарор қабул қилиш топширилди.

Мирзоҳид Хўжанов туман ҳокимининг қарори билан ер олганлигини, солиқларини тўлаб келаётганлигини, бироқ ҳалигача ер берилмаганлиги ҳақида мурожаат қилди. Фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туман суди раисига тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қонуний хулосага келиш тушунтирилди.

Баҳор МФЙда яшовчи Шавкат Исақулов судланганликни ҳолатини олиб ташлаш ҳақида мурожаат қилди. Унга тартиб-қоида тушунтирилди. Шу жойнинг ўзида аризаси қабул қилиниб, ЖИБ Пайариқ тумани судига мазмунан ҳал қилиш учун топширилди.

Шунингдек, кредит, ер, никоҳ, уй-жой, фермерлик, нафақа ва бошқа турли масалаларда мурожаатлар бўлди.

Шунингдек, содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган 5 нафар фуқаро сайёр қабулда қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради. 

Шу ерда жиноят ишлари бўйича сайёр суд ташкил этилди. Сайёр судда ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилиб, мурожаатлар ижобий ҳал этилди.

Ҳар бир суд иши инсонлар тақдирига таъсир қилади

Aзал-азалдан инсониятнинг биттагина талаби бор: адолат! Шунинг учун адолат тушунчаси макон ва замон танламайдиган енг олий мезондир. Судда ана шу адолатни таъминлаш осон емас. Бунинг учун судларга тақдим етилаётган тергов органлари ҳужжатлари, айблов хулосалари ҳар қандай хато-камчиликлардан холи бўлиши керак. Чунки, терговдаги ҳар бир камчилик пировардида адолат мезонига салбий таъсир қилиши мумкин. Зеро, ҳар бир суд иши ортида инсонлар тақдири ҳал бўлади

Самарқанд вилоят судида айнан шу масалага бағишланган йиғилиш бўлди. Тадбирда 2022 йил 1-чораги давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ишларни кўришда аниқланган дастлабки тергов органи томонидан йўл қўйилган бир қатор хато ва камчиликлар таҳлил қилинди

 

Видеоконференсалоқа тартибида ташкил етилган йиғилишда вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судялари, жиноят ишлари бўйича шаҳар ва туман судлари судялари, вилоят ИИБ тергов бошқармаси ва барча шаҳар-туман тергов бўлимлари терговчилари иштирок етди

 

Мавзу юзасидан вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судяси Илҳом Ҳамидов маъруза қилди. Маърузада йиғилиш кун тартибидаги масала юзасидан аниқ фактлар, муаммолар, учраётган хато-камчиликлар батафсил таҳлил қилиб берилди

Skip to content