ДУНЁ АҲОЛИСИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ВА БУНДА ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЎРНИ
Дунё аҳолиси сонининг ўсиш сурʼати секинлашмоқда. БМТ маʼлумотларига кўра, 2022-йил 15-ноябр ҳолатига ер юзидаги жами аҳоли сони 8 млрд 34 млн кишини ташкил этган. Бу маʼлум даражада аҳолининг кўпаяётганлигидан далолат бериб турибди. Аммо аҳоли сонининг йиллик кўпайиши даражаси камаймоқда. Буни қуйидаги маʼлумотлардан ҳам кўриш мумкин:
▪️2017-йилда – 86 млн. кишига кўпайган.
▪️2018-йилда – 84 млн. кишига кўпайган.
▪️2019-йилда – 81 млн. кишига кўпайган.
▪️2020-йилда – 76 млн. кишига кўпайган.
▪️2021-йилда – 68 млн. кишига кўпайган .
2017-йилга нисбатан аҳолининг кўпайиши 79,1 %ни (68*100/86) ташкил қилади.
***
Айрим мамлакатларда аҳоли ўзгаришининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бир қанча мамлакатларда аҳолининг сони камайиб бормоқда. Масалан, Италияда туғруқхоналар ёпиляпти; жануби-шарқий Хитойда арвоҳ шаҳарлар пайдо бўлмоқда; Жанубий Кореяда университетлар талаба топишга қийналяпти; Германияда эса юз минглаб уйлар бузилиб, ўрнига парклар қурилган, деб ёзмоқда “Ню-Ёрк Таймс” газетаси. Чунки бу давлатларда аҳоли сони камайиб бормоқда.
***
Дунёда рўй бераётганидек, жуда кўп давлатларда аҳолининг ўсиш сурʼати секинлашган. Глобал демографик ўзгаришларни тахмин қилувчи моделларга кўра, аср ўрталарига бориб тарихда илк бор инсоният сони қисқаришга юз тутиши мумкин. 2100-йилда эса аҳоли сони бўйича Нигерия Хитойдан ўтиб кетади, деган тахминлар бор.
***
Аҳоли сонининг камайиб кетишига сабаб ривожланган мамлакатларда туғиш даражаси камайиб бормоқда. Жумладан, Жанубий Кореяда битта аёлга 0,92 та бола тўғри келмоқда. Яʼни, юзта аёл 92 та болани тарбиялаб вояга етказмоқда. Демак, ушбу давлат аёлларининг камида юздан саккизтаси умри давомида умуман туғмаяпти, дейиш ҳам мумкин. Мазкур мамлакатда 18 ёшлилар сони 1992-йилда 900 000 та бўлган бўлса, ҳозирда эса 500 000 та. Бу ана шу 30 йил давомида 45 фоиз камайиш рўй берганлигини кўрсатиб турибди. Бу дунёда энг паст кўрсаткичлардан бири.
***
Бундай ҳолат бошқа мамлакатларда ҳам рўй бермоқда. Масалан, Италияда ҳам бу борада аҳвол анча оғир экан. Мазкур мамлакатдаги Капракотта шаҳарчасида 18-асрда қурилган бир кўҳна бино пештоқига “Болалар боғчаси” деб ёзиб қўйилган экан. Чунки ҳақиқатда бу ер бир пайтлар ёш болалар мактаби бўлган. Ҳозир эса ундан қариялар уйи сифатида фойдаланилмоқда экан. 5000 киши яшаган ушбу шаҳарчада ҳозир бор-йўги 800 нафар одам истиқомат қилмоқда экан. Уларнинг аксарияти кексалардан иборат.
***
Яна бир тахмин. Хитойнинг аҳолиси бугунги кунда қарийб 1,5 миллиард кишини ташкил қилади. Агар аҳвол шундай сақланиб қолса ушбу давлат аҳолиси аср охирига бориб 730 миллионга тушиши кутилмоқда экан. Хеган шаҳрида 55 кв. метрлик бир хонали квартирани $3000 га сотиб олиш мумкин экан. Чунки аҳолининг камайиб бораётганлиги туфайли квартира сотиб олиб яшайдиган одамлар ҳам камайиб бормоқда экан.
***
Ўзбекистон учун аҳолининг ўсиш сурʼати дунё давлатлари билан қиёслаганда, унчалик хавотирли эмас. Чунки бугунги кунда туғилиш сурʼати унчалик паст эмас. Аҳоли демографик жиҳатдан жуда ёш. Статистик маʼлумотлар бўйича жами аҳолининг 34 фоизини 14 ёшга тўлмаганлар ташкил этади. Мамлакатимизда бугунги кунда ҳар бир аёлга 2,42 та бола тўғри келмоқда. Демак, ҳар 100 та аёл ўзидан 242 та фарзанд қолдирмоқда. Бу, албатта, дунё мамлакатларига нисбатан яхши кўрсаткич. Аммо ўзимизнинг тарихимизга нисбатан анча камайиши кузатилмоқда. 2000-йилда ҳар бир аёлга 3,5-4,0 та фарзанд тўғри келмоқда эди. Агар бир аёл учун тўғри келадиган кўрсаткич 2 дан пастга тушса, бу биз учун ҳам огоҳлантирувчи сигналдир. Бундай ҳолатда аҳолининг ўсиши рўй бермаслиги тайин.
***
Ҳар бир аёл иккита фарзанд туққан тақдирда аҳолининг камаймаслиги таʼминланади, аммо аҳолининг кўпайиши рўй бермайди. Ушбу ҳолатда, иккита фарзанд иккита ота-онанинг ўрнини эгаллайди. Аҳолининг сони кўпайиши учун ҳар бир она учинчи фарзандини дунёга келтириши лозим. Шундагина аҳолининг кўпайиши рўй беради. БМТ ҳисобига кўра, бир аёлга 2,1 та бола тўғри келгандагина аҳоли ўсиши юз беради . Мамлакатда ўлим даражаси юқори бўлса, туғруқлар сони бундан ҳам баланд бўлиши керак.
***
Маʼлумки, бугунги кунда иқтисодиётдаги исталган муаммога ечим топиш мумкин, лекин демографик муаммога, яʼни кексаяётган аҳолини ёшартириш масаласига ечим топиш деярли имконсиз эканлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Хитойда аҳоли сонини мувозанатда ушлаб туриш учун узоқ йиллар оилада биттадан ортиқ фарзанд кўриш тақиқланган эди. Ҳозир бу сиёсатдан воз кечилди, аммо энди кеч. Чунки Хитой аҳолиси тез кексайишига сабаб, ёшлар фарзанд кўришни хоҳламётган экан. Бу ўз навбатида, янги авлоднинг шаклланишига тўсиқ бўлмоқда. Агар шу аҳвол сақланиб қолса, ҳақиқатда ушбу мамлакатда аҳолининг кескин камайиши рўй беради.
***
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда аҳолининг камайишига йўл қўймаслик учун 3 нафар бола туғиб тарбиялаган аёлларни (оналарни) рағбатлантириш лозим. Ҳар бир давлатда аҳолининг кўпайишини ушбу давлатнинг келажагини белгилайди. Мазкур давлатнинг бойликлари асраб-авайланиб, янада кўпайтириш имконияти яратилади. Миллат ўзининг яхлитлигини сақлаб қолади. Бундан келиб чиқиб, кўп болалик оналарни уй бекаси эмас, мамлакатимизга инсон капиталини етказиб берадиган иш билан банд шахс сифатида, уларни ишсиз санамасдан, уларга тўғри муносабатда бўлиб, ҳар ойда болалар сонига қараб ойлик маʼош тўлаб бориши лозим бўлади.






