








ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ – ТАРАҚҚИЁТНИНГ АСОСИЙ ШАРТИ
збекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан мамлакатимизнинг келгуси беш йилдаги устувор мақсад-марралари белгиланди. Эътиборга молик жиҳати, тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқишда кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларига алоҳида эътибор қаратилди.
Фармонда қайд этилганидек, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, миллий иқтисодиётни таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий тараққиётни таъминлаш, умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ёндашиш, мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш назарда тутилмоқда.
Эндликда давлатнинг вазифаси давлат хизматлари сифати ва жамият билан ўзаро ҳамкорлик самарадорлигига эришиш учун бошқарувнинг барча даражаларида ресурслар ва кўникмаларни сафарбар этиш ва бирлаштиришдан иборат бўлиши лозимлигини давр тақозо этмоқда. Бугунги ислоҳотлар даврида давлат бошқаруви органлари фаолиятини фуқарога хизмат қилишга йўналтиришда очиқлик (давлат хизматчиларининг ҳисобдорлиги, бюджет шаффофлиги, ахборотнинг очиқлиги, фуқаролар ва ОАВнинг ахборотдан фойдаланиш очиқлиги) муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фармоннинг15-бандида адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартиби жорий этилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ноқонуний эмаслигини маъмурий судда исботлаш мажбурияти уни қабул қилган мансабдор шахснинг ўзига юклаш тартибига амал қилиниши қатъий белгиланди. Бу ўз навбатида маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаларнинг мазмунан кўриб чиқилишида қарор чиқарган мансабдорнинг шахсан ўзи келиб судда исботлаб беришини тақозо этади.
Ўз қонуний ҳуқуқи ва манфаати бузилган шахс судда айнан мазкур қарорни қабул қилган мансабдор шахс билан юзма-юз келиши ҳамда масаланинг ҳар томонлама тадқиқ этилиши судлар томонидан ишларнинг янада очиқ ҳамда шаффоф кўрилишини таъминлайди.
Жамшид ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди раиси.

Коррупцияга қарши курашиш йўлида
Пайариқ туманлараро иқтисодий судининг раиси Б.Жураев томонидан Пайариқ туман Халқ таълими бўлимига қарашли 23-умумтаълим мактабида ўқитувчилар жамоаси билан очиқ мулоқот учрашуви ўтказилди.
Дастлаб, мактаб жамоасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сонли Фармони, Коррупцияга қарши курашда ҳалоллик вакцинасининг ўрни ва аҳамияти ҳақида маълумотлар берилди.
Мулоқот давомида мактаб ўқитувчилари томонидан мавзуга доир саволлар берилди. Б.Жураев саволларга батафсил жавоблар бериб, коррупцияга қарши курашишда мактаб ўқитувчилари ҳам фаол иштирок этишлиги, ўқувчиларни ёшлигидан қонунларга риоя этиш, коррупцияга нисбатан муросасизлик руҳида тарбиялаш муҳим аҳамиятга эгалигини билдирди.
Мактаб жамоаси Пайариқ туманлараро иқтисодий судининг раиси Б.Жураев билан ўтказилган очиқ мулоқот учрашуви самарали бўлганлигини эътироф этишди.

Олий суд раиси сайланди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2022 йил 13 июндаги Қарори билан Козимжон Фозилович Комилов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси лавозимига сайланди.