Самарқанд шаҳридаги 7-умумий ўрта таълим мактабида Самарқанд вилоят судининг судьяси Б.Алиқулов “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш” мавзусидаги давра суҳбати ўтказди
Мактаб ўқитувчилари жамоаси иштирок этган тадбирда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш, уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди

Мактаб директори С.Фахридинов мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасида суд ҳокимиятиинг тутган ўрни, ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларни олдини олиш масалалари, мазкур тадбирнинг мақсади, моҳияти ва аҳамияти ҳақида тушунча берди. Вилоят судининг судьяси Б.Алиқулов сўзга чиқиб асосий мавзу бўийча маъруза қилди. Маъруза расмий тилдан йироқ, ўзаро суҳбат тарзида ташкил этилди.
Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш масаласи бугунги кунда Ёшларга оид давлат сиёсатининг долзарб йўналишларидан биридир. Шу маънода мамлакатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бирга жамоатчилик вакиллари томонидан ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантириш ҳамда ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш борасида ҳам йил давомида амалий ишлар қилинмоқда.
Маълумки, сўнгги йиллар давомида мамлакатимизда ёшларни ватанпарвар, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, уюшмаган ёшлар учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш борасидаги чора-тадбирлар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди.
Ёшларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиш, уларни турли зарарли иллатлар таъсиридан ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш каби муҳим вазифаларни ҳал этиш мақсадида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида” қонун қабул қилинди.

Ёшлар эртамиз кўзгуси. Уларнинг келажаги бутун бир миллатнинг ширин ташвишидир. Ҳозирда барча жабҳада ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш учун нафақат ота-она, маҳалла, балки бир қатор ташкилот ва идоралар ҳам масъул этиб белгиланган.
Бироқ, амалга оширилаётган самарали ишлар билан бир қаторда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни содир этилаётганлиги ачинарли ҳолатдир.
Бугун жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг ёшлар ўртасида кузатилаётгани аччиқ ҳақиқат. Ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар умумий жиноятларга нисбатан 25 фоизга етган.
Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш – бутун жамиятнинг вазифасидир. Самарқанд вилоят судлари томонидан ёшларга оид ишларнинг аксарияти кўрилганда кўпчилик судланувчи ёшлар Ёшлар агентлигининг кафиллиги асосида суд залидан қамоқдан озод қилинмоқда. Бу ёшлар учун хулоса чиқариш, хатоларини тушуниб етиш учун имкониятдир. Ёшлар содир қилган жиноятларнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш мақсадида, ёшларга доир асосий ишлар сайёр суд мажлисларида кўрилмоқда.
Шундан кейин мактаб ўқитувчилари Н.Акилова ва Д.Ибрагимовалар сўзга чиқиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар, сайёр суд мажлислари, фуқаролар билан очиқ мулоқотлар фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишда ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга бўлаётгани ҳақида гапирдилар.
Тадбирда фикр-мулоҳазалар ва савол-жавобларга бой бўлди.