КОРРУПЦИЯ ЖАМИЯТГА ДОҒ
Самарқанд вилоят суди судьялари Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларини малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Самарқанд филиалида “Коррупция ривожланишимизга тўсиқ” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этди.

    Тадбирда филиал жамоаси фаол иштирок этди. Самарқанд вилоят судининг судьяси Тўлқин Қодиров ва Баҳодир Алиқулов иштирокчиларга коррупция ва унинг жамиятга салбий таъсири ҳақида тушунтириш берди.
Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бири коррупциядир, деб қайд этган. Бозор иқтисодиёти тизими кушандаси, давлатлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик, бизнес ҳамда инвестиция ривожида шафқатсиз тўсиқ ҳам айни шу коррупция ҳисобланади.
Коррупция, биринчидан, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади. Бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этади. Токи, биз оилада, боғчада, мактабда ўғил-қизларимиз онгига, руҳиятига тамагирлик, порахўрлик ёмон иллатгина эмас, балки у жамиятимиз таназзули, иқтисодиётимиз орқага кетиши сабаби эканлиги ҳақида кўпроқ тарбиявий ва тарғибот ишларини олиб бормасак, мақсад-муддаога эриша олишимиз қийин.
Сўнгги йилларда Юртбошимиз томонидан илгари сурилган давлат халққа хизмат қилиши керак, деган улкан ғоя фуқаролик жамияти институтларига тизим ва дастурларни ишлаб чиқиш имкониятини берган эди. Аммо нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар бу борада ташаббус ҳамда ташкилий ишларни амалга оширишни негадир пайсалга солмоқда.
Тўғри, кейинги вақтларда, хусусан, 2017 йилдан бошлаб, мамлакатимизда “парламент назорати”, “жамоатчилик назорати”, деган атамалар таомилга киритилди, бу борада илк қонунлар қабул қилинди. Демак, биз мазкур соҳада ишлайдиган тизимни тезликда яратишимиз, миллий менталитетни ҳисобга олган ҳолда, Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари илғор тажрибасини қўллашга ўтишимиз лозим. Жамоатчилик назоратисиз Ўзбекистонда сиёсий тизим ислоҳотларини амалга ошириб бўлмайди.

    2020 йил 29 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу борада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш билан бирга, ана шу кўрсаткични яхшилаш устида кўп ишлаши керак.
Энг аввало, коррупцияга қарши курашишни оиладан бошлаш даркор. Бу борада аёлларнинг роли катта, деб ҳисоблаймиз. Агар ўғрилик ёки пора ҳисобига келган луқманинг таг-илдизини аёлларимиз суриштириб билса, очиқ фикрини айтолса, эрлар ҳалол ризқни излашга тушиб, иши ва оиласида файз-барака, сокинлик ҳамда хотиржамлик қарор топиши, шубҳасиз.
Коррупция — тамагирликнинг юқори нуқтаси. Унга қарши курашиш учун амалдорлардан сиёсий ирода талаб қилинади. Ушбу вазиятдан чиқиш усули шуки, аввало, давлат бюрократик аппарати ҳажми имкон қадар камайиши, фуқароларнинг шахсий ҳаётига ва иқтисодий фаолиятига давлатнинг минимал аралашуви, монополияга барҳам берилиши лозим.

    Хуллас, давлат органларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича чора-тадбирларни жорий этиш, аҳолининг коррупцияга қарши қарашларини шакллантириш бўйича халқаро тажрибалар ҳеч қачон зарар қилмаган.
Мухтасар айтганда, коррупция — тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этган бўламиз.
Давра суҳбати савол-жавобларга бой бўлди. Энг муҳими, тадбир қизиқарли ва самарали бўлди.

Қизининг “қотил”ига айланган ота. Суд унга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади

Албатта, аслида жабрланувчи, лекин қонуний жиҳатдан олганда айбдор бўлган отанинг ҳолати ачинарли. Аммо айни дамда бу кўпчилик, деярли ҳамма учун ибратли бўлади, деб ўйлаймиз. Негаки, фарзанд доғи осон эмас. Камига пуштикамаридан бўлган боласини ўзи ҳалок қилса.

… Ўша куни Азиз машинасига ёқилғи қуйиш мақсадида кўчага чиқаётганди. Дам олиш куни, бирйўла фарзандларини ҳам айлантириб келиш учун уларни машинага чиқариб олди. Болалар онаси билан орқа ўриндиққа жойлашди. Улар дадаси машинасида айлантириб келишини билгач, хурсандлигидан бир-бирини ўйнаб турткилар, кулишар, айниқса, қизларнинг энг кичиги Мадина хурсандлигидан чучук тилда уларга тинмай савол берарди:

– Йостдан ҳам айланишга обояяпсизми, дадажон?

– Ҳа айланишга, сенга нима олиб берай, қизим, – деди Азиз ҳам унинг ширин гапиришидан завқланиб.

– Аввал опамлай айтсин, мен ўйлаб олай, дўконга етканимизда айтаман, -дея эркаланди у.

– Хўп, – деди дадаси ҳам унинг раъйига қараб.

Улар машинага ёқилғи қуйганидан сўнг, катта йўлга чиқиб олди.

Болалар энди ким нима олмоқчи экани ҳақида бир-бирлари билан баҳслашар эди. Мадина уларнинг беозор жанжалига аралашмас, машина ойнасидан атрофни томоша қилар, баъзан ўзи кўриб, ҳайратланган нарсаларни гап талашаётган опаларига ҳам кўрсатишга уринарди. Аммо энг муҳими нима олишини манзилга етгунча дадасига айтиши керак эди. У кўпроқ шу ҳақда ўйларди.

Азиз кеч бўлаётганини кўриб шошаётганди. Уйга бориб ҳам қиладиган ишлари кўп. Машинанинг тезлигини бироз оширди. Аммо олдинда тиркамали юк машинаси бир меъёрда кетарди. «Бу кетишда қачон етиб бориш мумкин», ўйлади у. Машинанинг тезлигини оширди-да йўлнинг биринчи қаторига чиқмоқчи бўлди. Аммо чап ёнидан катта тезликда келаётган машинани кўрди-ю бирдан фикридан қайтди ва энди рулни ўнгга буриб, машинани аввал келаётган қаторга қайтарди. Бироқ у тезликни пасайтирмаган, боядан бери бир хил тезликда келаётган тиркамали юк машинаси ҳали унинг ёнгинасида эди. У хатога йўл қўйганини билди-ю тормозни босди. Аммо энди кеч…

Машина катта тезликда тиркама остига кириб кетди…

Ён-атрофдан кишилар ёрдамга шошилди. Орқа ўриндиқда ўтирган хотини ва иккала катта қизи бироз жароҳат олган, кичкина Мадинанинг аҳволи оғир эди. Азиз қўрқиб кетди. Зудлик билан йўловчи машинада шифохонага олиб борди.

Шифокорлар имкон даражасида муолажа қилди, уни сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Афсуски, бир неча кунги оғриқдан сўнг орзулари бисёр жажжи қизалоқ бу ёруғ оламни тарк этди. У нима олишни ўйлаб қўйганди. Аммо дадасига айтишга улгурмади…

Судда даъвогарнинг ҳам, жавобгарнинг ҳам дарди, истаги бир эди. Қани энди шу фалокат содир бўлмаса, Мадина бошқа қизлари қаторида уларнинг бағрида ўйнаб-кулиб юрса. Аммо бир сониялик эҳтиётсизлик, шошқалоқлик Азизни бир умрлик надомат исканжасида қолдирди.

Жиноят ишлари бўйича Булунғур тумани суди суд мажлисида ўз фарзандининг “қотили” – Азизнинг қилмиши атрофлича муҳокама қилиниб, унга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Самарқанд вилоят судининг раиси О.Хайитов Самарқанд шаҳар “Боғисарой” МФЙда Самарқанд шаҳридаги Президент ҳалқ қабулхонаси билан ҳамкорликда сайёр қабул ўтказди.

Сайёр қабулга келган 50 нафар шахснинг мурожаати тингланди. Ҳар бир мурожаат алоҳида ўрганиб чиқилди ва қонун доирасида ижобий ҳал қилинди.
Дастлаб, йиғилганлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда вилоят суди раиси О.Ҳайитов бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, қонунчиликдаги янгиликлар, мамлакатимиздаги бугунги сиёсий-ижтимоий вазият, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, суд-ҳуқуқ тизимидаги сўнгги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида тушунча берди.
Шундан сўнг, фуқароларни алоҳида қабул қилиш бошланди. Тадбир давомида фуқаро ўз муаммоларига ечим истаб мурожаат қилди. Алимент, никоҳ, уй-жой, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ масалаларда мурожаат бўлди. Мурожаатларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор қаратилди, ижобий ечим топишига ҳаракат қилинди.
Содир қилган жиноий қилмиши учун жазо ўтаётган маҳкумлар пушаймонлиги, қатъий тузалиш йўлига ўтганлиги, жазодан тегишли хулоса чиқарганлиги инобатга олишни сўраб мурожаат қилишди.
Шу ернинг ўзида жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг сайёр суд мажлиси ташкил этилиб, ҳар ҳолат алоҳида-алоҳида кўриб чиқилди. Жиноий қилмиши учун жазо ўтаётган 10 нафар тегишли хулоса чиқарганлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 74-моддасига асосан қамоқдан озод қилинди. 13 нафар шахс Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазодан озод қилинди. 26 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 271-моддаси 11-бандига асосан жавобгарликдан озод қилинди. Бир нафар шахс ЖКнинг 66-1-моддасига асосан ярашганлиги муносабати билан жиноят иши ҳаракатдан тугатилди.

Самарқанд вилояти суди ташаббуси билан суд тизимида узоқ йиллар ишлаган бир гуруҳ фахрийларнинг Самарқанд шаҳри ва Шаҳрисабз туманига саёҳати уюштирилди.

   Дастлаб улар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мангу қўним топган Ҳазрати Хизр мажмуасини зиёрат қилди. Сўнгра Регистон майдони ва Ислом Каримов ҳайкали, унинг атрофида амалга оширилган қурилиш-ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.

Шу куннинг ўзида микроавтобусда Шаҳрисабз туманига жўнаб, у ерда кейинги йилларда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари билан танишди.

  • Шаҳрисабз таниб бўлмас даражада ўзгариб, кўркамлашиб кетибди, – дейди меҳнат фахрийси И.Очилов. – Айниқса, Оқсарой мажмуаси атрофи бутунлай ўзгача қиёфа касб этган. Бу тарихимиз ва эртамиз учун давлатимиз ва халқимизнинг эътиборли эканидан далолат.

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди томонидан “А.Навоий” маҳалласида бўлиб ўтган сайёр суд жараёнида Пробация хизмати ҳисобида турган 5 нафар назорат остидаги шахслар муддатидан илгари шартли равишда озод этилди

Содир қилган қилмиши учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши лозим бўлса-да, инсонпарварлик тамойили асосида шахсни жамиятдан ажратмасдан тарбиялаш чорасини кўриш мақсадида озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланмоқда. Кўпчилик бу имкониятни тўғри тушуниб, жазони тартиб-интизом билан ўтамоқда, Шу билан бирга, намунали хулқи билан муддатидан олдин жазодан озод бўлмоқда. Шунингдек, Пробация ҳисобида турган, бироқ, берилган имкониятдан тўғри фойдаланмасдан, тайинланган жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб юрган шахслар ҳам йўқ эмас.Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди томонидан “А.Навоий” маҳалласида бўлиб ўтган сайёр суд жараёнида Пробация хизмати ҳисобида турган 5 нафар назорат остидаги шахслар муддатидан илгари шартли равишда озод этилди. Бироқ, берилган имкониятдан тўғри фойдаланмасдан, тайинланган жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб юрган бир нафар шахснинг ўталмай қолган жазо муддати, жазонинг оғирроқ турига, яъни озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. Бундан ташқари, суд якунида жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг раиси А.Абдураззаков йиғилиш қатнашчиларига «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган кунга 30 йил тўлганлиги муносабати билан давра суҳбати ўтказди.

СУДЬЯЛАР ВА ТАЛАБАЛАР УЧРАШУВИ

    Талабаликнинг жўшқин ва серғайрат кунлари эсда қоларли воқеаларга бой бўлади. Бугунги учрашув ҳам талабалар хотирасида узоқ сақланади. Сабаби, ҳуқуқшунос бўлишни ҳавас қилиб таҳсил олаётган ёшлар вилоят судида ишлаётган судьялар билан юзма-юз суҳбатлашди.

    Вилоят суди судьялари навбати билан сўзга чиқиб, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар, суд органлари фаолиятидаги янгиликлар, бугунги кунда судьяларга яратилаётган шарт-шароитлар, шу билан бирга қўйилаётган талаблар, шараф, бурч ва масъулият ҳақида гапириб беришди. Вилоят суди судьяси Б. Алиқулов жиноий ишлар кўрилишига оид масалалар, янги жорий қилинган бир суд бир инстанция тамойили ҳақида батафсил тушунча берди. Вилоят суди судьяси У. Эшқобилов ўзи ҳам шу даргоҳда таҳсил олганлигини таъкидлаб, устозларига раҳмат айтди. Шунингдек, судларда иқтисодий ишлар кўрилишига доир мисоллар билан тушунча берди. Суд органлари фаолиятига замонавий электрон коммуникациялар кенг қўлланилиши натижасида фуқароларга яратилаётган имкониятлар ҳақида гапириб берди. Вилоят суди судьяси Ш. Товбоев фуқаролик ишлари кўрилиши билан боғлиқ масалалар хусусида сўз юритди. Энг кўп иш ҳажми, даъволар ва низолар фуқаролик ишлари бўйича судларга келиб тушишини таъкидлаб, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди.

САЙЁР ҚАБУЛ САМАРАЛИ БЎЛДИ

Самарқанд вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Т. Файзиев Пайариқ туман Халқ қабулхонасида фуқаролар билан учрашув ва сайёр қабул ўтказди. Қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди.
Дастлаб, йиғилганлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Т.Файзиев бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, қонунчиликдаги янгиликлар, давлатимизнинг бу соҳадаги одилона сиёсати, мамлакатимиздаги бугунги сиёсий-ижтимоий вазият, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, суд-ҳуқуқ тизимидаги сўнгги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида тушунча берди. Кейинги йилларда кўплаб ташкил этилаётган сайёр қабулларнинг самарали бўлаётганлиги, одамларнинг муаммолари ечим топаётганлиги ҳақида мисоллар билан гапириб, йиғилганларни фаол бўлишга чақирдилар.

  • Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича мурожаатлар аксарият ҳолларда жойида ҳал бўлмайди, – деди вилоят суди раиси Олим Ҳайитов. – Чунки, ҳар бир мурожаат тегишли тартибда, шунингдек айримлари суд тартибида ўрганилиши, айрим мурожаатлар кўрилаётган иш ҳужжатларига қўшилиши мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда, бугунги сайёр қабулда ва умуман суд органларига мурожаат қилганда амалдаги тартибларни тушуниш керак. Шу маънода, мазкур сайёр қабулда ҳам мурожаатларни имкон қадар жойида ҳал этишга ҳаракат қиламиз. Лекин вақт, жараён талаб қиладиган мурожаатлар бўйича тушунтириш бериб, ижросини назоратга оламиз. Энг муҳими, ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайди.
    Шундан сўнг, фуқароларни алоҳида қабул қилиш бошланди. Тадбир давомида 50 яқин фуқаро ўз муаммоларига ечим истаб мурожаат қилди.
    Пайариқ туманида яшовчи Санобар Миралимова вилоят суди раисига мурожаат қилди:
  • Набирам уйда туғилган, “роддом”га бормаган. Энди овора сарсонмиз. ФҲДЁга борсак, “роддом”дан қоғоз сўрайди. “роддом”га борсак, бизда туғилмаган, рўйхатдан ўтмаган, ҳужжат беролмаймиз, – деди. – Шу югур-югурлар билан боламиз 6 ёшга кираяпти. Ҳужжати йўқ. Ҳадемай мактабга бориши керак. Нима қилишга бошим қотган?!!
    Вилоят суди раиси Олим Ҳайитов онахон билан суҳбатлашиб, барча маълумотларни ўрганди. Шунингдек, тумандаги мутасадди раҳбарлар билан шу жойнинг ўзида гаплашди, масалани муҳокама қилди. Хуллас, Санобар Миралимовага энг тўғри ва энг осон қонуний йўл тушунтирилди. Шу билан бирга, тумандаги мутасадди идораларга шу масалани тез кунда қонуний ҳал этишга кўмаклашиш тавсия этилди.
    Худди шундай яна 32 нафар фуқаро турли масалаларда мурожаат қилди. Алимент, никоҳ, уй-жой, фермерлик фаолияти билан боғлиқ масалаларда мурожаат бўлди. Мурожаатларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор қаратилди, ижобий ечим топишига ҳаракат қилинди.
    Шунингдек, содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазосини ўтаётган 8 нафар фуқаро сайёр қабулда вилоят суди раисига мурожаат қилди. Улар қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради.
  • Мамлакатимизда қонун устивор, жиноятга жазо муқаррар. Ҳар ким қилмишига яраша жазосини олиши аниқ, – деди ўз сўзида Олим Ҳайитов. – Бироқ, қилмишининг оқибатини англаб етган, пушаймон бўлган, ўзига хулоса чиқарган шахсларга ҳукуматимиз енгилликлар бераяпти. Бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳам шунга қаратилган. Бугун сайёр суд мажлиси ташкил этилади ва суд ҳар бир ҳолатни алоҳида кўриб чиқиб, қонуний хулоса қилади. Жазоси енгиллаштирилиб, озодликка чиқарилганлар бутунлай қутулиб кетди, дегани эмас. Бу уларга имконият. Лекин бу яхшиликни, бағрикенгликни суиистеъмол қилмаслик керак.
    Сайёр қабул давомида ташкил этилган сайёр судда бу мурожаатлар алоҳида-алоҳида кўриб чиқилди ва ижобий ҳал этилди.
    Яна жуда кўп фуқаролар турли масалаларда мурожаат қилишди. Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилиб, ижобий ҳал этилишига ҳаракат қилинди. Айримлари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Skip to content