Янги Ўзбекистонда янги соғлом авлод шаклланиши лозим

Ҳар бир одамнинг саломатлиги, биринчи галда, ўзига керак. Шу туфайли ҳар бир одам ўз саломатлиги учун ўзи курашиши ҳам лозим бўлади. Навбатдаги босқичда ҳар бир оила аъзосининг соғлом бўлиши ҳам оила учун муҳим. Демак, оила аъзоларининг саломатлиги учун барча оила аъзоларининг ўзлари масъул. Шу туфайли бирор киши, бирорта оила ўзларининг саломатлигига бефарқ бўлишга ҳақлари йўқ.

***

Ўзимизнинг саломатлигимизга ўзимиз бефарқ бўлиб, касал бўлсак шифокорлар (докторлар) борку, деган кўникма билан яшаш ўзимизга-ўзимизнинг душманлигимиз шу бўлади. Чунки, касал бўлсак, бебаҳо вақтни, топган маблағларимизни бесамар сарфлашимизга тўғри келади. Муҳими, агар унинг асорати қолса, инсон хотиржам яшай олмайди, ишларида ҳам барака бўлмайди.

***

Яратганнинг инояти билан берилган касблардан бири табибликдир, ҳозирги тил билан айтганда, шифокорлардир. Уларнинг асосий вазифаси инсон саломатлигини яхшилашга қаратилган. Шу туфайли аҳолининг ўсиши билан шунга мос равишда шифокорларнинг ҳам кўпайишини таъминлаш зарур бўлади. Уларни замонавий аппаратлар билан қуроллантириш ҳам ўта долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

***

Мазкур масала глобал аҳамиятга эга бўлган муаммолардан биридир. Шу туфайли ушбу масалага дунё бўйича катта аҳамият берилиб келинмоқда. Жумладан 2022 йилнинг 21 октябрь куни Тошкент шаҳрида Давлат статистика қўмитаси ҳамда БМТ Халқаро болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Мультииндикатор кластер кузатувлари”нинг (МКК) дастлабки натижалари бўйича тақдимот ўтказилиб, мазкур масала кенг муҳокама қилинди.

***

“Мультииндикатор кластер кузатувлари” (МКК) ҳақида айрим маълумотлар. Бу дастур ЮНИСЕФ томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, уй хўжаликлари билан танланма кузатувлар асосида ишлайди. Мақсади: болалар ва аёллар ҳолатини тадқиқ қилиб, халқаро даражада таққослаб боради. Мазкур дастур 1995 йилдан буён амалга оширилиб келинмоқда. Ҳозиргача дунё бўйича 118 та давлатда тадқиқот ўтказишга муваффақ бўлган. Ушбу кузатувларда асосан она ва бола соғлиги, аёлларнинг репродуктив саломатлиги, болалар ҳуқуқлари ва уларнинг таълим олиш даражаси, соғлом ва жисмоний ривожланиш каби муҳим статистик кўрсаткичлар жамланиб тегишли хулоса чиқаришга асос бўлади.

***

МКК кузатувларининг натижаларига биноан мамлакатимизда болалар ва аёллар билан боғлиқ масалалар барқарор ўсишни кўрсатмоқда. Хусусан, мамлакатимизда болалар ўлими камайиб бормоқда, мактабгача таълим кўрсаткичи кескин ошган, болалар саломатлиги йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда, таълим хизматлари барча босқичларда такомиллашмоқда. Натижада 2-4 ёшдаги болаларнинг 96 фоизи саломатлик, ўқиш ва психо-ижтимоий фаровонлик нуқтаи назаридан нормал ривожланишга эга. Бу минтақамизда энг юқори кўрсаткич эканлиги, албатта бизни қувонтиради.

***

Бугунги кунда соғлиқни сақлаш масаласидаги айрим йўналишларга эътиборни қаратсак, унинг иккита модели мавжуд экан. Биринчиси, шифокорлар халқни даволаш билан бирга уларнинг тиббий маданиятини ҳам оширишга масъул. Бунда инсонлар асосий эътиборни ўзларининг соғлигини валиология орқали яхшилаш кўникмасига эга бўлган ҳолда амалга оширишлари лозим бўлади. Бу – наслни яхшилаш, насл касалликларга қарши курашиш, асаб бузилишларидан ўзини асраш, яширинча очарчиликларга барҳам бериш, сигарета чекишни ва алкаголь истеъмолини камайтириш ва улардан бутунлай воз кечиш кабиларда намоён бўлади.

***

Оилада соғлом турмуш тарзи ва тиббий маданиятни юқори даражага кўтариши лозим. Бундай ҳаёт тарзига амал қилган Япония халқи ўртача умр кўриш даражаси бўйича ҳозирги кунда энг юқори бўлиб, 85 ёшни ташкил қилмоқда. Японлар оила даромадларининг асосий қисмини саломатликни асрашга, умрни узайтиришга, мия қобилияти ва хотирасини яхшилашга сарфлар экан. Яшашнинг асосий мезонларидан бири бўлган инсондаги энергия ва сув балансини сақлашга ҳам катта аҳамият берар экан. Бизда ҳам шифокорлар соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишнинг тарғиботчилари бўлиши лозим.   

***

Иккинчи моделда аҳолининг соғлиқни сақлашга, яъни касал бўлиб даволанишга сарфланадиган харажатларнинг миқдори камайиши ва унинг натижадорлигининг ошиб бориши билан ифодаланади. Оиланинг касалликни даволашга кетадиган харажатлар кескин қисқаради. Чунки, асосий эътибор касал бўлмаслик чораларини кўришга қаратилган бўлади. Ушбу тадбирларнинг қайтими ҳам самарали бўлиб, ўртача умр кўриш даражаси ҳар бир инсонда ва ҳар бир оилада узаяди.

***

Соғлом турмуш тарзига риоя қиладиган зиёли (интеллектуал) оилада ўсаётган бола инсонларнинг соғлом ўсишига қаратилган тадбирларга амал қилиб яшайди. Натижасида бундай болалар миясининг гиппокамп қисмида кучли ривожланишлар кузатилар экан. Гиппокамп — миянинг хотира, мантиқ ва фикрни жамлашга ёрдам берувчи қисми ҳисобланади. Бунга эришиш учун болаларимизнинг қорнини тўлдириш билан эмас, балки зарур витаминлар ва микроэлементларга бой озуқалар билан овқатлантириш эвазига уларнинг қорнини тўйдириш лозим бўлар экан. Албатта, ушбу ҳолат ҳам яшаш тарзимизни такомиллаштириш учун бир қанча ўзгаришларни киритишни тақозо қилади.

***

Ҳозирги кунда кўплаб оддий оилаларни соғлом турмуш тарзига риоя қиладиган зиёли оилаларга айлантиришимиз лозим бўлмоқда. Бунинг учун инновацион тиббиёт, таълим ва маънавиятни такомиллаштиришга қаратилган «йўл харитасини» ишлаб чиқиб, амалиётга тизимли равишда жорий қилиш лозим бўлмоқда. Бу тадбир бир вақтнинг ўзида соғлом ва интеллектуал жиҳатдан ривожланган авлодни етиштиришимиз учун асос ва омил бўлиб хизмат қилади.

***

Соғлом авлодни шакллантиришда бир қанча хорижий тажрибалар ҳам муҳим. Масалан, Малайзия моделида ёш оила фарзанд кўрмоқчи бўлса камида 2 йил илгари шифокорлар билан маслаҳатлашиб, болани соғлом дунёга келтириш ва интеллектуал қобилиятини ривожлантиришга мўлжалланган 20-25 йиллик режасини ва йўл ҳаритасини тузиб олар ва унга қатъий амал қилиб яшар экан. 

***

Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни шакллантиришда ота-оналар ҳаётлигида боласини 20-25 йил ичида оёққа турғазиб, ўзини ва оиласини ўрта даражада боқа оладиган ва тарбия қила оладиган қобилиятга эга қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларини ишлаб чиқишлари лозим бўлмоқда. Бунда шифокорлар, олимлар, таълим-тарбия масканлари мутасаддилари, маҳалла масъуллари имкониятларини бирлаштирган ҳолда ишлаб чиқиб, жорий қилиш учун ҳам тизимли ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлмоқда.

***

Кўриниб турибдики, мамлакатимизда соғлом авлодни шакллантириш борасида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда ва уларнинг натижалари ҳам сезилмоқда. Аммо ҳали кўпгина оилаларимизни соғлом турмуш тарзига риоя қиладиган зиёли, интеллектуал салоҳиятга эга бўлган оилаларга айлантириш учун ҳали анча ишларни амалга ошириш лозим экан.