ТИЛЛАГА ТЕНГ МАЪНИЛАР
Иқтисод фанлари доктори, профессор Мамаюнус Пардаев ва журналист Фармон Тошевнинг ушбу суҳбати бизга ноодатий туюлди. Мулоқот суҳбатдошлар томонидан йиллар давомида ён дафтарга ёзиб юрилган, “Қайдлар” рукнида чоп этилган китобчалардаги нуқтаи назарлар асосида бўлиб ўтган. Бу суҳбат ҳар биримизни дунёга чуқурроқ, теранроқ қарашга ундашини ҳисобга олиб, уни эътиборингизга ҳавола этаяпмиз.
М.Пардаев: – Инсон ўз ҳаётида нимани йўқота олмайди?
Ф.Тошев: – Эришилмаган нарса ва мартабани йўқотиш мумкин эмас.
М.Пардаев: – Буюк аждодларимиздан нима фарқимиз бор?
Ф.Тошев: – Улар тахаллусни ўзи туғилиб ўсган маскан номидан олишган, биз эса номимизни кўча ва маҳаллага қўймоқдамиз.
М.Пардаев: – Севгида ҳам математик амаллардан фойдаланилади, деган гап бор.
Ф.Тошев: – Тўғри, фақат бўлиш амалидан бошқасидан.
М.Пардаев: – Илон нега заҳар тўплайди?
Ф.Тошев: – Ўзидан бошқа йиртқичлар борлиги учун.
М.Пардаев: – Ёлғон гапиришимизнинг сабаби нимада?
Ф.Тошев: – Рост гапимиз йўқлигида ёки ёлғон сўзлашнинг осонлигида.
М.Пардаев: – Безовталик кўпроқ кимларга хос?
Ф.Тошев: – Аламзада, ўчакишувчи кишиларга, аламини олмагунча уларнинг кўнгли тинчимайди.
М.Пардаев: – Моддий ва маънавий қашшоқликнинг фарқи нимада?
Ф.Тошев: – Қорни оч одам емак сўрайди, маънавий қашшоқ эса обрў, иззат талаб қилади.
М.Пардаев: – Бировга ҳаводан ташқари ҳам текинга бериладиган мулк борми?
Ф.Тошев: – Бор, у – СЎЗ.
М.Пардаев: – Ўзини билган ким?
Ф.Тошев: – Кўнгилнинг қули.
М.Пардаев: – Ўзини билмаган-чи?
Ф.Тошев: – Нафсининг қули.
М.Пардаев: – Олманинг тагига олма тушади, деган қоида ростми?
Ф.Тошев: – Рост, фақат чириган олма ҳам шу дарахтнинг тагига тушади.
М.Пардаев: – У дунёда дўзахга тушмаслик учун нима қилиш керак?
Ф.Тошев: – Бу дунёда дўзахдан қўрқиш лозим.
М.Пардаев: – Коррупцияни йўқотишда қонун муҳимми ёки ошкоралик?
Ф.Тошев: – Ошкоралик. У бўлмаган жойда қонун ишламайди.
М.Пардаев: – Инсон ҳаётда доимо кимгадир суяниб яшаши керак, деб ўйлайсизми?
Ф.Тошев: – Ҳа, фақат қачон, кимга, нима учун суянишни билиш лозим.
М.Пардаев: – Демак, суянган одам ютади.
Ф.Тошев: – Эҳтимол, умуман бировга суяниб ўрганган одам кейинчалик тиргаксиз яшай олмайди.
М.Пардаев: – Яхшиларнинг кўзга ташланиши учун не керак?
Ф.Тошев: – Ёмонларнинг ўзи етарли.
М.Пардаев: – Зиёли учун энг катта гуноҳ нима?
Ф.Тошев: – Ўқишга вақт топмаслик.
М.Пардаев: – Жавонда ўқилмай турган китобларни қандай изоҳлаш мумкин?
Ф.Тошев: – Маънавий қашшоқликнинг жонли кўриниши.
М.Пардаев: – Фаоликка рағбат керакми?
Ф.Тошев: – Ҳа, лекин у оқилга кўрсатилса – масъулияти ошади, нодонга кўрсатилса – кеккайиб кетади.
М.Пардаев: – Ёш болани шўхлиги учун қайси жазо чораси маъқул?
Ф.Тошев: – Уни фикрлашга, ўқишга жалб этишдир.
М.Пардаев: – Инсон қачон нафсга қул бўлиши мумкин?
Ф.Тошев: – У ўз эҳтиёжини бошқара олмаса.
М.Пардаев: – Иқтидор ҳам сўниши мумкинми?
Ф.Тошев: – Ҳа, у эгаси томонидан эътироф этилса.
М.Пардаев: – Виждон қачон кўзга ташланади?
Ф.Тошев: – Фақат пушаймон қилганда.
М.Пардаев: – Фарзанд тарбиясида энг мақбул усул нима?
Ф.Тошев: – Шахсий ибрат.
М.Пардаев: – Оила қачон бузилади?
Ф.Тошев: – Эр хотинга мулозамат қилмаса, хотин эрга итоат этмаса.
М.Пардаев: – Жамоани ўз ортидан эргаштириш учун нима қилиш керак?
Ф.Тошев: – Олдин унга итоатгўй, сўнгра қул бўлиш лозим.
М.Пардаев: – Раҳбар учун энг хавфли иллат нима?
Ф.Тошев: – Ўзини ҳаммадан ақлли билиш.
М.Пардаев: – Қобилиятсиз болалар ҳам бўлиши мумкинми?
Ф.Тошев: – Йўқ, эътиборсиз, фаросатсиз ота-она бўлиши мумкин.
М.Пардаев: – Ёмон асарнинг ҳам ўқувчиси бўладими?
Ф.Тошев: – Ҳа, у – муаллифнинг ўзи.
М.Пардаев: – Маънавиятдаги энг хунук ҳолат нима?
Ф.Тошев: – Тўйхона, базмгоҳларнинг кутубхонадан салобатли, чиройли бўлишидир.
М.Пардаев: – Одамларни неча ёшигача тарбияламоқ лозим?
Ф.Тошев: – Ёшлигида вояга етгунича, ёши ўтгандан кейин умрининг охиригача.
М.Пардаев: – Иккиюзламачида иккита юз борми?
Ф.Тошев: – Йўқ, аслида унда юз бўлмайди.
М.Пардаев: – Тарафкашлик ва гуруҳбозликнинг сабаби нимада?
Ф.Тошев: – Ожизликда.
М.Пардаев: – Тафаккурни нима чиниқтиради?
Ф.Тошев: – Фақат тафаккур.
М.Пардаев: – Инсонинг асл қиёфаси қачон кўзга ташланади?
Ф.Тошев: – Зўриққанда, жаҳли чиққанда.
М.Пардаев: – Танқиднинг ҳам яхшиси борми?
Ф.Тошев: – Бор, тушунган одамга киноя қилишдир.
М.Пардаев: – Ҳамма нарсани синовдан ўтказувчи унсур нима?
Ф.Тошев: – Сабр ва яна сабр.
М.Пардаев: – Қайнота ва қайнонанинг янги келин олдидаги бурчи нима?
Ф.Тошев: – Уни янги муҳитга шахсий ибрат орқали кўниктириш.
М.Пардаев: – Улфатчилик фойдалими?
Ф.Тошев: – Йўқ, у меҳнат қилиш қобилиятини сусайтиради. Улфатчилик – дўстлик эмас.
М.Пардаев: – Фаросат муносаюатда шаклланадими?
Ф.Тошев: – Йўқ, у қондан ўтадиган мерос, шу боис у баъзан илмли кишида ҳам бўлмаслиги ёки, аксинча, илмсиз кишида ҳам бўлиши мумкин.
М.Пардаев: – Мақтов, ҳамду-сано нима?
Ф.Тошев: – Бизга тезда таъсир этувчи, вужудга хуш ёқувчи, лекин секин-аста кўзни хира, онгни карахт қиладиган доридир.
М.Пардаев: – Пулни исроф қилиш қашшоқликка, сўзни исроф қилиш ахмоқликка олиб келади. Вақтни исроф қилишчи?
Ф.Тошев: – Ном-нишонсиз яшашга.
М.Пардаев: – Ҳаётда кўпчилик ўйлаб кўрмаган ўхшашликларга мисол айта оласизми?
Ф.Тошев: – Нодон мутахассис – музейдаги экспонатга, танбал – тиланчига, бемаврид гапирувчи – эзмага, хотиржамлик – бепарволикка ўхшайди.






