НИКОҲ ТУЗИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ

Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

***



Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади. Узрли сабаблар бўлганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин. Алоҳида ҳоллар (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бош­қалар)да никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин.

***

Никоҳ тузиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи никоҳни рўйхатга олишни рад этганда, шикоят билан бевосита судга ёки бўйсунишига кўра юқори турувчи органга мурожаат қилиниши мумкин.

***


Никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади. Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланади. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин. Никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтадилар. Никоҳланувчи шахслар эллик ёшдан ошган бўлса, тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади. Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб никоҳни тузганлар эр-хотин деб ҳисобланадилар ва шу пайтдан эътиборан улар ўртасида эр-хотинлик ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади. Эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва улар тенг мажбуриятларга эгадирлар.

***


Никоҳ тузиш вақтида эр ва хотин ўз хоҳиши билан эри ёки хотинининг фамилиясини умумий фамилия қилиб танлайди ёки уларнинг ҳар бири никоҳгача бўлган ўз фамилиясини сақлаб қолади. Эр ва хотиндан бирининг ўз фамилиясини ўзгартириши бошқасининг ҳам фамилияси ўзгаришига олиб келмайди.