ВИЛОЯТ СУДИДА ЙИҒИЛИШ

Самарқанд вилоят судида судлар, ички ишлар ҳамда МИБ органлари ўртасида ма’мурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни электрон шаклда кўришда тезкор ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқишга бағишланган йиғилиш ўтказилди.

***

Тадбирда Самарқанд вилоят суди раҳбарияти, жиноят ишлари бўйича судлов ҳай’ати судялари, Мажбурий ижро бюроси, ички ишлар бошқармаси мас’ул ходимлари иштирок этди. Шунингдек, йиғилиш видеоконференсалоқа тарзида ўтказилиб, жиноят ишлари бўйича шаҳар ва туманлар судлари судялари, шаҳар ва туман МИБ ва ИИБ бўлимлари мас’ул ходимлари ҳам қатнашдилар.

***

Йиғилишни вилоят суди раиси ўринбосари Т. Бойзоқов кириш сўзи билан очди ва мазкур тадбирнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва кутилаётган натижалар ҳақида тушунча берди. Йиғилиш бугунги кунда долзарб мавзуга бағишланганлиги сабабли барчани фаол иштирок этишга чақирди.

***

Вилоят суди судяси М. Эргашев ма’мурий-ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни электрон шаклда кўришда тезкор ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари тўғрисида ма’руза қилди.

***

Та’кидланишича, ҳозирги кунда ички ишлар ҳамда Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан расмийлаштириладиган аксарият ма’мурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар судлар томонидан электрон тарзда кўриб тамомланмоқда. Ушбу тоифадаги ишларни электрон шаклда кўрилишидан асосий мақсад, фуқароларнинг ортиқча вақт ҳамда маблағ сарфлашининг олдини олиш, уларга қулайликлар яратишдир. Лекин айрим ҳудудларда судлар ҳамда профилактика тнспекторлари, Мажбурий ижро бюроси мас’ул ходимлари ўртасида ҳамкорлик талаб даражасида та’минланмаганлиги бу тоифадаги ишларнинг кўплаб қайтарилишига, натижада ишларнинг ўз вақтида кўрилмаслигига сабаб бўлмоқда.

***

М. Эргашев бу борада ечимини кутаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан фикрларини билдирди.

Мавзу бугунги кунда муҳим ва аҳамиятли бўлганлиги учун йиғилиш фикр-мулоҳазаларга, муҳокама ва мунозараларга бой бўлди. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси О. Пардаев, вилоят суди судяси О. Набиев, Ҳ. Ярашев, жиноят ишлари бўйича шаҳар-туман судлари раислари, шунингдек, ички ишлар ҳамда Мажбурий ижро бюроси органлари мас’уллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

***

Билдирилган фикр-мулоҳазалар э’тиборга олиниб, чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши қайд этилди.

Шунингдек, тадбирда вилоят суди судяси И. Ҳамидов Судлар томонидан 2022 йилнинг 3-чорагида кўрилган ишлар бўйича дастлабки тергов органлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар таҳлилига бағишланган кенгайтирилган ма’руза қилди.

***

Мазкур ма’руза ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ундаги ҳар бир бандлар алоҳида-алоҳида таҳлил қилинди ва тегишли хулосалар қилинди.