Суд раиси: “Берилган имкониятни суиистеъмол қилмаслик керак”

Самарқанд вилояти суди раиси Олим Ҳайитовнинг навбатдаги сайёр қабули Жомбой тумани Зарафшон маҳалласида ўтказилди.

Дастлаб вилоят суди раиси суд-ҳуқуқ тизимидаги сўнгги янгилик ва ўзгаришлар, мамлакатимиздаги сиёсий-ижтимоий вазият ҳақида аҳолига тушунча берди. Шундан сўнг фуқароларнинг мурожаатлари эшитилди. Қабул давомида 30 нафардан ортиқ фуқаро ўз муаммоларига ечим истаб мурожаат қилди.  

***

Шунингдек, содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 9 нафар фуқаро қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради. Жиноий қилмиши учун озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган 5 нафар маҳкумнинг мурожаати ҳам шу ҳақда эди.  

***

– Мамлакатимизда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар. Ҳар ким қилмишига яраша жазосини олиши аниқ, – деди Олим Ҳайитов, – Бироқ, қилмишининг оқибатини англаб етган, пушаймон бўлган, ўзига хулоса чиқарган шахсларга давлатимиз енгиллик беряпти. Бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳам шунга қаратилган. Бугун сайёр суд мажлиси ташкил этилади ва суд ҳар бир ҳолатни алоҳида кўриб чиқиб, қонуний хулоса қилади. Бу уларга имконият. Лекин бу яхшиликни, бағрикенгликни суиистеъмол қилмаслик керак.