Ургут туман Судининг раиси лавозимида 25 йил хизмат қилган устозни йўқлаб…

Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида 1 октябрь “Устозлар ва мураббийлар куни” деб нишонланаётган байрам муносабати билан турли тадбир ва учрашувлар бўлиб ўтмоқда. 

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Ургут туман судининг раиси Т.Рустамов ҳамда жиноят ишлари бўйича Ургут туман судининг судьяси А.Ахмадовлар томонидан Ургут туманида яшовчи, узоқ йиллар суд соҳасида меҳнат қилиб, жумладан Ургут туман судининг раиси лавозимида 25 йил давомида хизмат қилган ва шу лавозимдан пенсияга чиққан меҳнат фахрийси Акбар Тўйчиевнинг уйига борилиб, унинг ҳолидан хабар олиниб, у билан дилдан суҳбат ўтказилди ва табриклар етказилди.

Суд тизимида узоқ йиллар меҳнат қилган, кўплаб шогирдлар тарбиялаган устоз йўқлашган мамнун бўлиб, шогирдларни дуо қилди. Ҳалол меҳнат, касбга садоқат, фидойилик ҳар қачон қадрлашини таъкидлади.

Амнистия ва афвнинг фарқи бор…

Аксарият инсонлар амнистия ва афв битта нарса деб ўйлашади. Сабаби, иккаласининг ҳам асосий мақсади битта — меҳр-шафқат ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб, жиноят содир этган шахсни кечириш ва уни жазодан бутунлай ёки қисман озод қилишдир.

Бироқ шундай бўлса-да, бу икки тушунча айрим жиҳатлари билан бир-биридан фарқланади. 

Афв, бу – муайян шахслар учун, уларнинг шахсини тавсифловчи маълумотлар (ёши, соғлигининг ҳолати, оилавий аҳволи)ни инобатга олиб, жазодан озод қилиш ҳисобланади. 

Амнистия эса аниқ шахсларга эмас, умумий тоифаларга эълон қилинади. Масалан, 18 ёшга тўлмаган шахслар, аёллар ёки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни содир этганларга амнистия акти қўлланилди, дейлик. Бунда амнистияга неча киши тушиши, кимлар тушиши олдиндан аниқ бўлмайди. Афв ҳужжатида эса кимларга қўлланилаётгани номма-ном ёзилади. 

Афв фақат суд ҳукми билан жазо тайинланган маҳкумларга эълон қилинади. Амнистия эса жиноят процессининг исталган босқичида – дастлабки тергов, суриштирув, терговга қадар текширув ва ҳаттоки жиноят ишини қўзғатишгача бўлган босқичда ҳам қўлланилиши мумкин.

Бошқача айтганда, амнистиянинг афв этишдан фарқли хусусияти шундаки, амнистия кенг мазмунга эга бўлиб, шахсни жиноий жавобгарликдан ҳам, жиноий жазодан ҳам озод қилади. 

Амнистия акти чиққандан кейин, уни кимларга қўллаш масаласини ҳал қилиш узоққа чўзилади ва кўплаб ташкилий жараённи ўз ичига олади. Афвни қўллаш эса кўп вақт ва тартибни талаб қилмайди. У қабул қилиниши билан дарҳол ижро этилади, бунинг учун яна алоҳида босқичлардан ўтиш шарт эмас. Масалан, А. исмли шахс жазодан озод этилсин, деган Президент Фармони чиқса, у ўша заҳоти ижро этилади ҳамда А. исмли шахс озодликка чиқарилади. 

Афвни қўллаш учун одатда жиноят содир этган шахсларнинг илтимосномаси асос бўлади. Амнистия актини қўллашда эса бундай илтимоснома талаб этилмайди. Терговчи, прокурор, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти ва судлар амнистия актига тушадиган барча шахслар рўйхатини шакллантириб, уларга амнистия қўллаш масаласини ҳал этиши лозим. Шахслар ўзини афв этилишини сўраб илтимоснома беради, амнистия акти эса шахсларнинг хоҳиш-истагига қарамасдан ҳаммага умумий қўлланади. 

Афв Президент томонидан исталган вақтда жазо муддатини ўтаётган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларни жазодан озод этиш ёки бошқача енгиллик бериш орқали кечиришдир. 

Афв актида давлат, жамият, халқ ва жабрланувчилар манфаати устунлик қилади. Афв аниқ маҳкум ёки бир гуруҳ маҳкумларга нисбатан қўлланилиши, бунда ҳар бир маҳкумнинг содир этган жинояти оқибатлари, жазони ижро этиш муассасаси хулосаси, тузалиш йўлига қатъий ўтганлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарларнинг қопланганлиги, Президентдан, айрим ҳолларда халқдан кечирим сўраганлиги, келгусида бу йўлга бошқа кирмаслик ҳақидаги ваъдалари каби жиҳатлар ҳам эътиборга олинади. 

Ёппасига амнистия бериш бошқа халқларда ҳам қўлланиладиган амалиёт. Аммо бу амалиёт жабрланувчилар ва жамият манфаатларига ҳар доим ҳам мос келмаслиги мумкин. 

Янги Ўзбекистон сиёсатига янги амалиёт сифатида кириб келган афв институти демократик тузум қарор топган, инсонпарварлик ва адолат тамойилларига амал қилинадиган юртда тарбиянинг янги ва самарали усулидир. Айбига иқрорлик ва кечирим сўраш – хатони тўғрилашнинг аввалидир. 

Афв, бу – айбдорни кечириш, қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлганнинг узрини қабул қилишдир. Бу институтнинг афзаллиги, икки томон манфаатлари учун адолатли ёндашув бўлиб, жабр етказувчи ва жабр кўрувчилар манфаатини бир хилда ҳимоя қилади. Энг муҳими, бу акт унинг номидаёқ баён қилинганидек, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларга нисбатангина қўлланилади. 

Жиноий йўлларга кириб қолган, эндиликда ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, тўғри хулоса чиқариб олган фуқароларни афв қилиш орқали оиласи ва жамият олдидаги маънавий қарзини узиш учун имконият берилмоқда. Зеро, жазодан ҳам, афвдан ҳам мақсад тарбия.

МАЪНАВИЙ ЗАРАР ҚАНДАЙ ҚОПЛАНАДИ?

Маънавий зарарни қоплаш деликт тарзига эга бўлган жавобгарликдир. У мажбурият сифатида Фуқаролик кодексининг 57-боби, 1021,1022-моддаларида назарда тутилган. Мазкур кодекснинг 11-моддасида маънавий зарарни қоплаш фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулларидан иборат эканлиги белгиланган.

 

Кодекснинг 100-моддасида эса, қандай ҳолларда маънавий зарарни қоплаш мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, маънавий зарарни қоплаш фуқаронинг шахсий номоддий ҳуқуқларига етказилган зарар учун қўлланилади. Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги талаб фақат муайян фуқароларга нисбатан қўйилиши мумкин. Чунки, юридик шахслар жисмоний ва маънавий азобларни ҳис қила олмайди.

Асосий қоидага биноан маънавий зарар учун жавобгарлик айбли бўлиш тамойилига асосланади. Зарар етказишда айбланувчи шахс бундай зарарни етказишда ўзининг айби йўқлигини исботлаши керак. Агар исботлай олмаса, айбдор, деб ҳисобланади ва маънавий зарарни қоплашга мажбур бўлади.

Маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар қопланиши мумкинлиги Фуқаролик кодексининг 1021-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилади. Бундай жавобгарлик қуйидаги ҳолларда қўлланилиши мумкин. Яъни, зарар фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига очиқча хавф манбаи томонидан етказилган бўлса.

Шунингдек, зарар фуқарога уни қонунга хилоф тарзда ҳукм қилиш, жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф тарзда қўлланиши, маъмурий жазо қўлланиши ва қонунга хилоф тарзда ушлаб туриш натижасида етказилган бўлса. Ёки зарар ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў-эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса, шунингдек, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда жавобгарлик юзага келади.

Мазкур моддада зарар етказувчининг айбидан қатъий назар маънавий зарарни қоплаш мажбурияти қандай ҳолларда вужудга келиши мумкинлиги батафсил кўрсатилган. Маънавий зарарни қоплаш “қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда” ҳам юз бериши мумкинлиги таъкидланган.

Маънавий зарар фуқаронинг нафақат шахсига, шунингдек унинг мулкий ҳуқуқига путур етказилиши оқибатида ҳам вужудга келиши, деб тушуниш ўринли.

 

МЕНИНГ МАҲАЛЛАМ-МЕНИНГ СУДЯМ

Самарқанд шаҳар иқтисодий суди судяси Ф.Мажидов иштиокида Самарқанд шаҳар «Суғдиёна» маҳалла фуқаролар йиғинида «Менинг маҳаллам-менинг судям» ғояси остида маҳалла ходимлари ва фуқаролар билан давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбати давомида Самарқанд шаҳар иқтисодий суди судяси Ф. Мажидов фуқароларнинг турли масалалардаги саволларига тегишли тартибда жавоблар берилди

.

Судьянинг масъулияти жуда юксак, дахлсизлиги эса зарурий шартлардан бири

Ёш судьялардан бири юпқагина матодан тикилган мантия (судья махсус либоси) нақадар оғир эканини ҳис қилаётгани ҳақида ёзибди. Бу иқрор судьянинг зиммасидаги юкнинг нақадар залворли эканини, буни ёш судья чуқур англаганини кўрсатади.

Дарҳақиқат, лавозимга лойиқлик мезонининг муҳим нуқтаси шунда. Яъни ҳар бир судья, аввало, ўзини тарбиялаб вояга етказган, билим ва мансаб берган ўз халқи олдидаги жавобгарлик ҳиссини англаб етишидадир.
Мамлакатимиз қонунчилигида, суд-ҳуқуқ тизимида кўп ислоҳот ўтказилди ва бу ҳамон давом этмоқда. Бу жараёнда чинакам мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ва унинг нуфузини ошириш билан бир қаторда профессионал ва етук кадрлар тайёрлашга жиддий эътибор берилаётир.
Натижада судьяликка номзодларни тайёрлашдан тортиб, уларни лавозимларга тайинлашгача бўлган босқичларда мутлақо янги тартиблар жорий этилди. Қисқаси, ўзгартириш ва янгиланишлар жараёнида ҳар бир шахс, айниқса, судья буни ўзидан бошлаши кераклиги ўз-ўзидан равшан. Юқорида қайд этилган ёш судья тимсолида тизим вакилларининг дунёқарашида ҳам яққол ўзгаришлар бўлаётганини кўриш мумкин.
Давлатимиз раҳбари 2026 йилгача бўлган Тараққиёт стратегиясини амалга оширишдаги бешта муҳим вазифалардан бири суд тизимининг мустақиллигини мустаҳкамлаш эканини қайд этди. Бунда судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланишини таъкидланди.
Чунки давлат тараққиёти, жамият ривожи қонун устуворлиги билан чамбарчас боғлиқ. Қонун устуворлигига эса одил судловни таъминлаш орқали эришилади. Одил судловнинг ҳеч қандай ташқи аралашувларсиз суд ҳокимияти томонидан амалга оширилиши Асосий қонунимиз –Конституцияда белгилаб қўйилган.
Судлар фаолиятига ғайриқонуний аралашувлар наинки судьянинг дахлсизлик ҳуқуқи, балки судга мурожаат қилган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинишига ҳам олиб келади.
Шу боис ҳам судьялар дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига ғайриқонуний равишда аралашувларнинг олдини олиш борасида самарали ҳуқуқий механизм шакллантирилмоқда. Судьялар олий кенгашининг бу борадаги ваколатлари кенгайтирилиши натижасида Кенгаш тақдимномаларига асосан қисқа вақтда судьялар фаолиятига аралашувлар бўйича иккита жиноят, иккита маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилиб, айбдорларга нисбатан қонун доирасида жазо чоралари тайинланди.
Бундан ташқари бевосита суд ишларига аралашувлар эҳтимолини яққол юзага келтираётган маҳаллий бошқарув идораларининг қарорлари бекор қилинишига эришилди. Ҳали-ҳамон туман ёки шаҳар суди раисларининг маҳаллий кенгашларга тақдим этаётган ахбороти “ҳисобот” дея талқин қилиниб, ҳатто махсус қарор билан судларга вазифалар юклаш ҳолатлари бунга мисол.
Шу каби ҳолатлар жойлардаги айрим раҳбарлар ва маҳаллий органларнинг судга бўлган муносабатида ва дунёқарашида ўзгаришлар қийин кечаётганлигини кўрсатади.
Суд ишларига аралашувлар ҳақида гап кетганда яна бир масала ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ. “Судлар тўғрисида”ги қонунга кўра, барча судьялар бир хил мақомга эга. Чунки суд раислари, раис ўринбосарлари ҳам айни вақтда судьялардир.
“Судьялар одоби кодекси”да қайд этилганидек, суд раиси (ҳайъат раиси) ташкилий-маъмурий ваколатларини амалга оширишда судьяларнинг мустақиллигини чекловчи хатти-ҳаракатларга йўл қўйишга, айниқса, уларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига таъсир кўрсатиш мақсадида (маъмурий таъсирнинг) бошқа усулларидан фойдаланишга ҳақли эмас.
Акс ҳолда, ваколатини муддатидан олдин тугатишгача бўлган тегишли чоралар кўрилади.
Шу ўринда ҳозирги ахборот асрида ахборотнинг қудрати ва қуввати ҳар куни эмас, ҳар сонияда сезилаётганини айтиб ўтсак. Шудан келиб чиқиб, баъзи ҳолатларда судларга нисбатан бўлаётган турли ахборот хуружлари ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтмасликнинг иложи йўқ.
Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тизим фаолиятига оид асосли танқидлар ҳам борлигини инкор этмаган ҳолда уларнинг аксариятида ҳуқуқий савод ва ҳуқуқий маданият оғриқли даражада эканини кўриш мумкин. Ҳатто, судда кўрилаётган ва ҳали якуний қарор қабул қилинмаган ишлар муҳокамасига киришиб, аввалдан кимнидир айбдор ёки айбсиз, дея бонг уришгача борилмоқда. Бундай ҳолатлар суд ишларига таъсир ўтказишга уриниш эҳтимолини келтириб чиқариш билан бирга, амалдаги қонунчилик, хусусан, айбсизлик презиумпцияси тамойилига ҳам зид ва фуқароларнинг конституциявий ҳақ-ҳуқуқларига путур етишига олиб келишини ҳам қайд этиш лозим.
Ҳар ким ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга, албатта. Бироқ бундай манзаралар шахсий манфаат эвазига жамоатчилик фикрини чалғитиш билан бир вақтда ижтимоий ҳаётимизда тобора кенг акс этаётган очиқлик ва шаффофлик, айниқса, сўз эркинлиги каби неъматлар суиистеъмол қилинаётганини ҳам кўрсатади.
Хулоса ўрнида айтсак, суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьялар дахлсизлиги, бу – ижтимоий зарурият бўлиб, фуқаролик жамиятининг энг муҳим талаби ҳисобланади. Зеро, судьяларинг мустақил ва холис, фақат қонунга бўйсунган ҳолда фаолият юритишидан барча бирдай манфаатдордир.
Судьялар дахлсизлик ҳуқуқини имтиёз деб эмас, балки ўзининг жамият олдидаги улкан масъулияти, деб тушуниши мақсадга мувофиқ. Шундагина судья ўз фаолиятига турли аралашувларга нисбатан муросасиз бўлади, ўз дахлсизлигининг асосий ҳимоячисига айланади.
Бунинг ҳуқуқий тартиби янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунда судьяга мажбурият сифатида юклатилгани бежиз эмас.
Бундан ташқари, судьянинг одоб-ахлоқ ва қонун билан белгиланган чекловларга риоя қилиши жамоатчиликда унинг шахсига ва дахлсизлигига нисбатан ҳурмат ҳиссини оширишга хизмат қилишини ҳам алоҳида таъкидлаш даркор (шунинг учун ҳам судья иш фаолияти даврида ва ундан ташқарида ўзини тута билиши,шаъни ва қадр қимматига салбий таъсир этувчи, холислигига рахна солувчи, ўзига нисбатан жамоатчилик ишончсизлигини келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилмоғи шарт).
Мазкур омиллар судлар мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш билан бир вақтда судларга бўлган фуқароларнинг ишончи ортишига ва провард натижада жамиятимизда одил судловни амалга оширишда беқиёс аҳамият касб этиши муқаррар.

МАДАДКОРГА ҲУҚУҚИЙ МАДАД

Судья маҳаллада сайёр учрашув ўтказди

Самарқанд вилоят суди Раисининг 2022 йил 24 июлдаги “Самарқанд вилоят судларининг иш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 18-сонли Фармойишининг 4.13 бандининг тўртинчи хатбоши ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йил 26 август куни “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ғояси асосида Самарқанд шаҳар “Мадаткор” маҳалла фуқаролар йиғинида, шу маҳаллада яшовчи фуқаролар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини мунтазам ўрганиш, қонунчиликдаги янгиликлар мазмунини ёритиб бориш мақсадида жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси ўринбосари Бекзод Жумабоев “Менинг маҳаллам – менинг судьям!” шиори остида очиқ мулоқот, қонунчиликдаги янгиликлар ва сайёр суд ўтказилди.

МУЛОҚОТНИНГ САМАРАСИ

Халқ билан мулоқот самарали бўлишининг муайян шартлари бор. Бунинг учун судя аҳоли билан учрашувга пухта тайёргарлик кўриши, уларни қизиқтирган мавзулар ва саволларга тайёр бўлиши, етарли билим ва тажрибага, нутқ ва муомала маданиятига эга бўлиш, тадбирни бошқара олиш қобилиятига эга бўлиш лозим. Энг муҳими, шу каби жиҳатлар судяларнинг аксариятида мужассам, чунки касб масъулияти аввало ана шу хислатларни талаб қилади.
“Менинг маҳаллам менинг судям” ғояси бугунги кунда энг оммалашган тадбирлардан бири. Бу тадбир судлар ва маҳаллалар аҳлини маънан яқинлаштиришга, аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва маданияти оширишга, суд органларига ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилаяпти. Судялар ҳам бу тадбирга алоҳида эътибор қаратишаяпти.

Самарқанд шаҳар иқтисодий суди раиси К.Тухтаев Самарқанд шаҳридаги “Хўжа Зудмурод” ва “Хўжа Абду Дарун” маҳалла фуқаролари йиғинлари фаоллари ва аҳолиси иштирокида йиғилишлар ўтказди.
“Менинг маҳаллам менинг судям” ғояси остида ўтган учрашувда суд раиси 2022 йил 12 апрелда қабул қилинган “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунни батафсил, бандма-банд, оддий ва тушунарли тилда, шарҳлади. Қонуннинг мазмун-моҳияти, аҳамияти, долзарблигини ҳаётий мисоллар билан тушунтириб берди. Ундаги терминлар мазмуни, судларда шу тоифа ишлар кўрилиши тартиблари ҳақида гапирди.
Шунингдек, Республика Президентининг “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 6 июлдаги Фармонини мазмун-моҳияти ҳақида гапириб берди.
Ушбу Фармонда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда. Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилган. Илк бор коррупциявий хавфларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш учун масъул бўлган алоҳида орган – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилган.
Йиғилиш фуқаролар ҳам фикр-мулоҳазалар, саволлар билан фаол иштирок этишди. Суд раиси барча саволларга тўлақонли жавоб бериб, фикр-мулоҳазаларга ўз муносабатини билдирди.

СОЛИҚЛАР ВА БОШҚА МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАРНИ ЎЗ ВАҚТИДА ТЎЛАШ БЎЙИЧА БЕЛГИЛАНГАН ТАЛАБЛАРГА РИОЯ ҚИЛИШ ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБИ ҲИСОБЛАНАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 5 февралдаги ПФ-5656-сон Фармонига асосан, узумчилик ва виночиликни янада ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реализация қилиш тизимини такомиллаштириш, уларнинг ишлаб чиқарилиши ва айланмасини самарали мониторинг қилиш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш ва мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш мақсадида истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси белгиланган тартибда бериладиган лицензиялар асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Шунга кўра, лицензиат лицензия талаби ва шартлари яъни тўлов интизоми ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш бўйича белгиланган талабларга қатъий риоя қилиши шарт. Ушбу талабларнинг бузилиши судга молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги аризаларни киритилишига асос бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги судга ариза билан мурожаат қилиб, “Б” МЧЖга нисбатан 12 250 000 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
23 августдаги 707-сонли қарори билан тасдиқланган “Истеъмол ва техник этил спирти, Алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низом (матнда Низом деб юритилади)нинг 7-банди н-кичик бандига кўра, Истеъмол ва техник этил спирти, Алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширишда, тўлов интизоми ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш бўйича белгиланган талабларга риоя қилиш лицензия талаби ҳисобланади.
Шунингдек тарафлар ўртасида тузилган “Алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш тўғрисида” 2021 йил
3 февралдаги Лицензия шартномасининг 3-бўлим 7-банди н-кичик бандига кўра, лицензиат- МЧЖ лицензия талаби ва шартлари яъни тўлов интизоми ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш бўйича белгиланган талабларга қатъий риоя қилиши белгиланган.
Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясининг Агентликка юборган 2021 йил 6 августдаги 33/22-42479-сонли хатида, жорий йилнинг 9 февраль куни Агентлик ва МЧЖга алоқа хати юбориб, МЧЖ тўлов интизомига риоя қилмаганлиги, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўламаётганлиги сабабли таъсир чораларини қўллаш сўралганлиги, бироқ “Б” МЧЖ томонидан шу кунга қадар ҳам тўлов интизомига риоя қилмаётганлиги 2021 йил 5 август ҳолатига бюджет олдида 45 228 200 сўм солиқ қарзи мавжудлиги, лицензия талаблари бажарилмаётганлиги, шу сабабли тегишли таъсир чораларини қўллаш сўралган.
Низом 37-бандининг н-кичик бандига кўра, лицензия талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда ишчи органи(яъни агентлик) ўз ваколатлари доирасида лицензия талабларининг бузилганлиги учун жарималар солиш ваколатига эга.
Солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан “Б” МЧЖнинг 2021 йил
5 август ҳолатига давлат бюджети олдида 45 228 200 сўм қарзи мавжудлиги, Низом 2-боб 7-бандининг н-кичик банди яъни, лицензия талаби бузилган деб Агентлик томонидан 2021 йил 30 августда Молиявий жарима қўллаш тўғрисида ЛТ-7-сонли баённома расмийлаштирилиб, “Б” МЧЖга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида молиявий санкция қўлланилган.
Молиявий санкция суммаси белгиланган муддатда МЧЖ томонидан ихтиёрий тўланмаганлиги сабабли, аризачи аризада қўйилган талаб билан судга мурожаат қилган.
“Б” МЧЖ томонидан солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни белгиланган муддатда тўламасдан, лицензия талаблари ва лицензия шартномаси шартларини бажармаганлиги, солиқ инспекциясининг 2021 йил 9 февралдаги ва 2021 йил 5 августдаги хатлари билан ўз исботини топган.
Низом 40-банди к-кичик бандига кўра, лицензия талабларининг бажарилмаслиги — базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари миқдорида лицензиатларга жарима кўринишида молиявий санкциялар қўлланилади.
Низомнинг 42-бандига кўра, ишчи орган Лицензиялаш комиссияси номидан молиявий жарималар қўллаш тўғрисида баённомалар тузиш ҳуқуқига эга. Молиявий жарималар қўллаш тўғрисидаги баённомалар Ишчи орган томонидан тузилади ва суд органларига қарор қабул қилиш учун киритилади (содир этилган ҳуқуқбузарликларда шахслар айбларини тан олган ва молиявий жарималар суммасини ихтиёрий равишда тўлаган ҳоллар бундан мустасно).
Суд “Б” МЧЖ томонидан лицензия талаблари бузилганлиги иш ҳужжатлари билан ўз исботини топганлигини, қўлланилган молиявий санкция суммаси ихтиёрий равишда тўланмаганлигини инобатга олиб, унга нисбатан Низомнинг 40-банди к-кичик бандига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари (жавобгарга нисбатан молиявий санкция қўлланилган сана 2021 йил 30 августда базавий ҳисоблаш миқдори 245 000 сўм) миқдорида 12 250 000 сўм молиявий санкция қўлланилиши лозим деб ҳисоблаб, “Б” МЧЖга нисбатан 12 250 000 сўм молиявий санкция қўллашни, қўлланилган молиявий санкцияни ундириш аризачи – Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги зиммасига юклатишни лозим топган.


Жомбой туманлараро иқтисодий судининг раиси Турсунова Навбаҳор Эшмуродовна

Жомбой туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси И.М.Яхёев

 

КРЕДИТ ҚАРЗДОРЛИГИНИ ЎЗ ВАҚТИДА ТЎЛАНИШИ ШАРТ

Кредит шартномаси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 744—моддасига мувофиқ, банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олишда ифодаланадиган фуқаролик ҳуқуқий шартнома ҳисобланади.
Ушбу шартнома иштирокчилари шартномада белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиланган муддатларда бажариши лозим. Мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда низо суд тартибида кўриб чиқилади.

Судга Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят худудий бошқармаси даъвогар “М” банк манфаатида жавобгар – «Б.А» ҳусусий корхонаси ҳамда қўшимча жавобгар «Б.Ш» МЧЖга нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгардан жами 463 432 Евро кредит қарздорлигини ундиришни, ундирувни ипотека шартномасига асосан «Б.А» ҳусусий корхонасига кредит таъминоти учун тақдим этилган «Б.Ш» МЧЖга тегишли бўлган қурилиш ости майдони 796.90 кв.м, фойдали майдони 796.90 кв.мдан иборат Савдо ва маиший хизмат биноси ҳамда гаровга қўйилган «Б.А» ҳусусий корхонасига тегишли бўлган ун тегирмонига қаратишни сўраган.
Қайд этилишича, «М» банкнинг мижози ҳисобланган «Б.А» ҳусусий корхонаси ўртасида кредит шартномаси имзоланган бўлиб, ушбу кредит шартномасига асосан, жавобгарга йиллик 10 % устама ҳақ тўлаш шарти билан Туркия давлатининг “YASAR GURUP IC VE DIS TIK LTD STI” компаниясида ишлаб чиқарилган ун (ун заводи) махсулотларини ишлаб чиқариш учун ускуналар сотиб олишга 12 (ўн икки) ойлик имтиёзли давр билан 48 (қирқ саккиз) ой муддатга 450 000 Евро миқдорида кредит ажратилган. Бироқ, жавобгар кредит шартномаси асосида олинган мажбуриятларини бажармасдан, шунингдек, берилган кредит маблағларини ва унга ҳисобланган фоизларни қайтариш графигига риоя қилмасдан мунтазам равишда бузиб келган. Қарздорлик юзасидан талабномалар юборилган, бундан ташқари, жавобгар оғзаки равишда ҳам огоҳлантирилган. Кредит шартномасининг 2.4.бандида, кредит асосий қарзи ёки фоиз тўловларининг мунтазам кечиктириб тўланиши, кредит қайтариш жадвали асосида тўловнинг уч ёки ундан ортиқ маротаба бузилган тақдирда муддатидан олдин ундириш белгиланган. Шунга асосан, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят худудий бошқармаси даъвогар «М» банк манфаатида даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Томонлар ўртасида тузилган кредит шартномасининг 2.4-банди биринчи қисми 5-хатбошисида, кредит асосий қарзи ёки фоиз тўловларининг мунтазам кечиктириб тўланиши, кредит қайтариш жадвали асосида тўловнинг уч ва ундан ортиқ марта бузилиши ҳолларида банк томонидан судга мурожаат қилиш орқали кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиб, кредит қарздорлигини ундириш чораларини кўриши назарда тутилган.
Шундай бўлса-да, жавобгар шартнома шартларига риоя қилмаслиги, тўловларни вақтида, гарафикда белгиланган муддатларда амалга оширмаганлиги натижасида қарздорлик юзага келган.
Жумладан, даъвогар томонидан тақдим этилган иш ҳужжатларида, 2020-2021 йил ҳолатини оладиган бўлсак, даъвогар томонидан берилган маълумотда, жавобгар 2020 йил июнь ойидан 2021 йил июль ойлари ҳамда 2021 йил ноябрь ойидан 2022 йил март ойигача бўлган муддатларда фоиз ва асосий қарзларини умуман тўламаганлиги, натижада кредит асосий қарзи ва фоиз қарздорликлари ойма-ой кўпайиб борганлиги маълум қилинган. Фақатгина 2021 йил август, сентябрь ва октябрь ойларида қисман тўловлар амалга оширилган.
Кредит шартномасининг ажралмас қисми бўлган қайтариш графигига кўра, 2022 йил 31 март ҳолатига жавобгарнинг муддати ўтган кредит қарздорлиги 15 000 Еврони ҳамда муддати ўтган фоиз қарздорлиги 31 432 Еврони ташкил қилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 735-моддасига асосан, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт; 738-моддасига кўра, Қарз олувчи қарз суммасининг қайтариб берилишини таъминлаш юзасидан қарз шартномасида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаса, шунингдек қарзнинг таъминоти қарз берувчи жавобгар бўлмаган вазиятларда йўқотилса ёки унинг шартлари ёмонлашса, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасини муддатидан олдин қайтаришни ва тегишли фоизларни тўлашни талаб қилишга ҳақли; 744-моддасида қредит шартномаси бўйича бир тараф – «Банк» ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади деб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 13/150-сонли қарорининг 4-банди 3-хатбошида, кредит суммаларини муддатидан олдин ундириш тўғрисидаги даъволарни кўришда кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисидаги талабнинг йўқлиги кредит суммаси ва фоизларни муддатидан олдин ундириш ҳақидаги талабларни қаноатлантиришни рад этиш учун асос ҳисобланмаслиги тўғрисида тушунтириш берилган.
Суд иш ҳужжатларини атрофлича текшириб, далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, кредит қарздорлиги ўз вақтида қайтарилмаганлиги сабабли, даъво аризани тўлиқ қаноатлантиришни, жавобгар «Б.А» ҳусусий корхонаси ҳисобидан даъвогар «М» банк фойдасига 432 000 евро асосий кредит қарзи(шундан 12 000 евро муддати ўтган асосий кредит қарзи)ни, 31 432 евро муддати ўтган фоиз қарздорлигини, жами 463 432 еврони ундириш, ундирувни «Б.Ш» МЧЖга тегишли бўлган Савдо ва маиший хизмат биноси ҳамда гаровга қўйилган «А.А» ҳусусий корхонасига тегишли бўлган 2018 йилда Туркия давлатида ишлаб чиқарилган ун ишлаб чиқариш тегирмонига қаратиш тўғрисида хулосага келган.
Шу билан бирга, жавобгар «Б.А» ҳусусий корхонаси ҳисобидан иш судда кўрилганлиги учун Республика бюджетига 117 350 341,5 сўм давлат божи ундириш белгиланган.


Жомбой туманлараро иқтисодий судининг раиси Турсунова Навбаҳор Эшмуродовна
Жомбой туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси И.М.Яхёев

“Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси остидаги тадбирлар Булунғур туманида ўтказилди

Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман судининг раиси Ғ.Негматов ва Булунғур туман прокурори катта ёрдамчиси Ш.Норқуловлар иштирокида 2022 йилнинг 22 август куни Булунғур педагогика ва спорт коллежи биносида Булунғур туман “Улуғбек” ва “Самарқанд” махалла фуқаролар йиғини фаоллари билан “Менинг маҳаллам менинг судьям” ғояси остида сайёр учрашув ўтказилди.

Шунингдек фуқароларга Ўзбекистон Республикаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳият юзасидан тушутириш бериб ўтди.

Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди раиси Ғ.Негматов

Skip to content