ОИЛА МУҚАДДАС

Аҳоли билан юзма-юз учрашиб, суҳбатлашиш, уларни тинглаш, қийнаётган муаммоларини ҳал этиш чораларини кўриш, тўғри йўл кўрсатиб, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ҳуқуқий тарғиботнинг асосий шартларидан биридир. Мақсад аҳолида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, суд-ҳуқуқ янгиликларидан хабардор этиш, қонунчиликка ҳурмат ва ишончни юксалтиришдир.

***

Жомбой туман ҳокимлиги биносида Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг раиси Ж.Файзуллаев, Жиноят ишлари бўйича Жомбой туман суди раиси А.Абдураззоқов ва Жомбой туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Турсунова, Жомбой туман ҳокимлиги оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ҳилола Раҳимова, туман саховат ва кўмак жамғармаси раиси Ҳафиза Ўсарова тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари билан учрашув ўтказди.

***

Тадбирда Ж. Файзуллаев Республика Президентининг 2022 йил 1 мартдаги «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мазмун-моҳияти ҳақида ма’руза қилди.

***

Ма’рузада та’кидланишича, Фармон билан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Қўмита оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

***

Фармон билан қатор лавозимлар, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари негизида тегишинча Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.

***

Фармон билан шунингдек, аҳоли муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш ҳамда мурожаатларни давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўриб чиқишнинг бир-бири билан узвий боғланган тўрт поғонали «маҳалла–туман–вилоят–республика» тизими жорий этилди.

***

Жомбой туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Турсунова Республика Президентининг 2022 йил 2 мартдаги «Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида ҳам батафсил тушунча берди.

***

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Жомбой туман суди раиси А.Абдураззоқов сўзга чиқиб бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёни ҳақида гапириб берди. Қонунчиликдаги янгиликларни тушунтирди.

***

Йиғилишда кун тартибидаги ма’рузалар юзасидан маҳалла фуқаролар йиғини, оила ва хотин-қизлар фаоллари ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Уларни қизиқтирган саволларга суд раислари ҳаётий мисоллар билан жавоб берди.